090-сатр «Асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари»да автотранспорт корхоналарининг асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлари акс эттирилади. Бу сатрни тўлғазишга асос бўлиб асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар ҳисоби учун мўлжалланган счётларнинг (9310-9390 счётлар) кредит обороти суммалари ҳисобланади. Асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар ҳисоботнинг «Даромадлар» устунчасида кўрсатилади.
100-сатр «Асосий фаолиятнинг фойдаси (зарари)»да автотранспорт корхонасининг асосий фаолиятдан олган фойдаси ёки кўрган зарари кўрсатилади. Ҳисоботнинг ушбу сатри суммаси унинг 030-сатри суммасидан 040-сатрдаги суммани айириш, шунингдек 090 сатрда кўрсатилган суммани қўшиш орқали топилади. Автотранспорт корхонасининг асосий фаолиятдан олган фойдаси ҳисоботнинг «Даромадлар» устунчасида, кўрган зарари эса унинг «Харажатлар» устунчасида акс эттирилади.
110-сатр «Молиявий фаолиятнинг даромадлари, жами»да автотранспорт корхонасининг ҳисобот даврида молиявий ва инвеститсия фаолият турларидан олган даромадларининг умумий суммаси кўрсатилади. Бу сатрда кўрсатилган сумма мос равишда 120- сатр «Дивидендлар кўринишидаги даромадлар», 130-сатр «Фоизлар кўринишидаги даромадлар», 140-сатр «Узоқ муддатли ижара (лизинг)дан даромадлар», 150-сатр «Валюта курси фарқидан даромадлар» ва 160-сатр «Молиявий фаолиятнинг бошқа даромадлари»да кўрсатилган суммаларнинг йиғиндисига тенг бўлиши лозим. Ҳисоботнинг 120-160-сатрларини тўлдиришга молиявий фаолиятга доир даромадларнинг алоҳида турлари ҳисоби учун мўлжалланган мос равишдаги счётларнинг (9510-9590 счётлар) кредит оборотлари суммалари асос бўлади. Молиявий фаолиятга доир даромадлар ҳисоботнинг «Даромадлар» устунчасида акс эттирилади.
170-сатр «Молиявий фаолият бўйича харажатлар, жами»да автотранспорт корхонасининг ҳисобот даврида молиявий фаолиятига доир харажатларнинг умумий суммаси кўрсатилади. Бу сатрда кўрсатилган сумма мос равишда 180- сатр «Фоизлар кўринишидаги харажатлар», 190-сатр «Узоқ муддатли ижара (молиявий лизинг) бўйича фоизлар кўринишидаги харажатлар», 200-сатр «Валюта курси фарқидан зарарлар» ва 210-сатр «Молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар»да кўрсатилган суммаларнинг йиғиндисига тенг бўлиши лозим. Ҳисоботнинг 180-210-сатрларини тўлдиришга молиявий фаолият бўйича харажатларнинг алоҳида турлари ҳисоби учун мўлжалланган мос равишдаги счётларнинг (9610-9690 счётлар) дебет оборотлари суммалари асос бўлади. Молиявий фаолият бўйича харажатлар ҳисоботнинг «Харажатлар» устунчасида акс эттирилади.