Тикувчилик ишлаб чиқариш. Ёнғин хавфи ва хавфсизлик чоралари.
/1; 2; 3; 10; 11; 16; 18; 20/
Тикувчилик ишлаб чиқариш корхоналари. Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш трикотаж ва тикув ишлаб чиқариш корхоналари. Трикотаж ва тикув ишлаб чиқариш корхоналарининг ёнғин хавфи, улардаги ёндириш манбалари ва ёнғин хавфсизлиги бўйича техник ечимлар.
Кийим тикиш, таъмирлаш ва трикотаж корхоналарининг ёнғин хавфи катта миқдордаги қаттиқ ёнувчи маҳсулотларни (газлама, калава, тайёр маҳсулот) мавжудлиги, ёнувчи чангларни пайдо бўлиши, ёндириш манбасини ҳосил бўлиши ва ёнғинни тез тарқалиши билан тавсифланади.
Аҳолига маиший хизмат кўрсатиш бўйича трикотаж ва тикув ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий цех ҳамда ёрдамчи хоналарида катта миқдорда газлама, турли мато, калава ва тайёр маҳсулотлар сақланади. Бу корхоналарнинг технологик жараёнида табиий ва сунъий толалар ҳамда иплар ишлатилади. Машина органи элементларининг йўналтириши билан боғлиқлиги таъсирида ипларнинг ҳаракатида, ипларни тўқишда, газламаларни бичиш ва тикишда кўп миқдорда ёнувчи чанглар ажраб чиқади. Тикув ишлаб чиқаришда ҳам ушбу ҳолат кузатилади. Трикотаж ва тикув ишлаб чиқариш корхоналарида ҳосил бўлган чанг тўзиган ёки ўтроқ ҳолда бўлади. Ўтроқ ҳолда чанг қурилиш конструкциялари, машина, жиҳоз ва ускуналарни қоплайди. Чанг узилган толачалар кўринишида бўлиб қайта ишланаётган трикотаж калавага қараб 0,5 – 15 мм. узунликда бўлади. Ишлаб чиқаришда ажралиб чиқаётган чангларни тўзиган ҳолдагиси концентрация ортиб бориши билан, ҳажм бўйлаб тенг тақсимланмасдан тўпланиб қолиши билан ажралиб туради. Бу эса, ўз ўрнида портловчи концентрация ҳосил бўлмаслиги ва портлаш юз бермаслигига олиб келади. Чангнинг бошқа хусусияти шуки, ип ва толаларни, айниқса сунъий толаларни қайта ишлаш даврида (тўқиш, ип йигириш ва тикиш машиналарида) электрстатик зарядлар пайдо бўлади, бу эса нафақат қайта ишлашга халақит беради, ҳаттоки, ёнувчи чангни ёндириб юборувчи ёндириш манбаси бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин.
Трикотаж ва тикув ишлаб чиқариш корхоналарида содир бўлган ёнғинлар асосан: электр симларининг қисқа туташувидаги учқун, электрулагичлардаги учқун, электр мосламаларидан ва машинанинг айланиш деталларидан нотўғри фойдаланиш, машина валларига толаларнинг ўралиб қолиши, статик электр токлари, олов билан фойдаланишда эҳтиётсизлик (асосан чекиш) оқибатида келиб чиқмоқда. Ушбу корхоналарда содир бўлган ёнғинлар ярим тайёр маҳсулотлар, кийимлар, турли газламаларни юзаси бўйлаб; дераза, эшиклар ва технологик туйнуклар; ҳаво алмаштириш қувурлари ва конструкциялари, осма ва тасмали конвейерлар, лифт ва кўтариш мосламаларининг шахталари орқали тарқалади.
Трикотаж, кийим тикиш ва таъмирлаш хоналарида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида бажариладиган чора-тадбирлар ишлаб чиқариш хоналарига ускуна-жиҳозлардан ёнувчи чангларни ажралиб чиқмаслигига, хоналарда ёнувчи маҳсулотларни чегаралашга, ёндириш манбаларини пайдо бўлмаслигига ва ёнғин тарқалмаслигига қаратилган бўлиши керак. Барча технологик ускуна-жиҳозлар иш вақти тугагандан сўнг ёнувчи чанг, тола ва чиқиндилардан тозаланган бўлиши керак. Ҳаво алмаштириш тизимининг қувурлари ёнмайдиган материалдан тайёрланиши керак. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жиҳозлар ва қурилиш конструкцияларига ўтириб қолган чанг ва пухлардан ҳар 10 кунда бир маротаба тозаланиб туриши керак. Статик электр токларини пайдо бўлмаслиги учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш керак: транспортировка қиладиган ва йўналтирадиган вал қобиғи, ўлчов столларининг юзаси ток ўтказувчан материал (ток ўтказувчан резина ва металл) дан тайёрланган бўлиши; уларнинг юзаси кам ишқаланиш коэффициентига эга бўлган қопламага (тефлон, солистик пластик, сунъий тери, металл листлар ва ҳ.з.) эга бўлиши, тасмали узатиш машиналарининг тасмалари (ремен) 105 Ом.дан кам бўлмаган электр қаршилигига эга бўлган материалдан тайёрланган ва ерга ўтказиб юбориш мосламаси билан жиҳозланган бўлиши, ременли узатиш механизмлар махсус электр ўтказувчан ва гидроскопик мой билан қопланган бўлиши керак.
Машиналарнинг металл қисмларини ерга ўтказиб юборувчи мосламлари билан жиҳозланиши статик электр токидан ҳимоя вазифасини бажаради. Ҳаво алмаштириш қувурларини ҳар 40-50 метр масофада металл ўтказгич ёки ерга ўтказиб юбориш мосламалари билан жиҳозлаш зарур. Технологик транспорт туйнукларини ёнғин тарқалишидан ҳимоялаш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур: туйнуклар эшик, қопқоқ, қайрилувчи клапан ёки бошқа олов ушлаб қолувчи мослама билан ҳимоя қилиниши зарур. Қаватлараро лифт ёки шифтли конвейерлар қўлланилганда юк тушириш зонасида фақат юк тушириш вақтида очиладиган ёнғинга қарши тўсиқлар (заслонка) ўрнатиш мумкин.
Монорельс йўли ўтказилган туйнукларни ёнғинга қарши эшиклар билан ҳимоя қилиш тавсия қилинади. Бу ҳолда монорельс йўли узилиш имконига эга бўлиши керак. Агар туйнук орқали электропоезд ёки электротельферлар учун троллейли ўтказувчан осма йўл ўтказилган бўлса, ўртаси кесилган ва икки тарафга очилувчи ёнғинга қарши эшиклар билан ҳимоя қилиш тавсия қилинади. Эшикларнинг кесилган жойлари қийин ёнувчи ва электрдан ҳимояланган материалдан ишланган бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |