Газларни газгольдерларда сақлаш. Газгольдерларнинг ёнғин хавфи ва хавфсизлик чора-тадбирлари
/2; 10; 11; 18; 21; 24/
Газларни сақлаш жараёнларининг турлари. Газгольдерларнинг турлари, уларнинг ишлаш принципи, ёнғин хавфи ва ёнғин хавфсизлиги бўйича техник ечимлар.
Газлар сиқилган ҳолатда газгольдерларда ва сиқилган, эритилган ёки суюлтирилган ҳолатда резервуарларда сақланади.
Ишлатиладиган босимига кўра газгольдерлар паст (7000 Па гача) ва юқори (0,07 дан то 3 МПа) босимли бўлади.
Паст босимли газгольдерларнинг қуруқ ва ҳўл турдагилари мавжуд, юқори босимлилари эса тож сфера шаклида бўлган цилиндр ва сфера шаклида бўлади.
Қуруқ газгольдерларнинг эксплуатацияси қийинлиги ва ёнғин хавфи юқори бўлганлиги учун ҳўл газгольдерлар томонидан сиқиб чиқарилгандир. Ҳўл газгольдерлар конструкциясининг тузилиши содда бўлиб ишлатилиши яхши ва ёнғин хавфи камроқдир. Улар асосан максимал босим 7000 Па ҳисобланган бўладилар. Бу газгольдерларнинг 600, 1000, 6000, 10000, 20000 ва 30000 м3га тенг бўлган ҳажмдагилари кенг тарқалгандир. 30000 м3 ли газгольдерларнинг диаметр 43,6 м, баландлиги 33,21 м ва массаси 642,7 тоннага тенг.
Ҳўл газгольдер сув тўлдирилган силжимайдиган резервуарлардан таркиб топган бўлиб, сув юзасида қалпоқ сузиб юради (тўлдирилган стакан шаклида). Газ қалпоқ ичига газ қувуридан келади, бошқа газ қувуридан чиқиб кетади. Газгольдер тўлдирилганда қалпоқ кўтарилади, бўшатилганда эса тушади. Қалпоқнинг қийшайиб қолмаслигини таъминлаш учун унга йўналтирувчи шиналарда ҳаракатланувчи ғилдиракчалар (ролик) ўрнатилади.
Кўп миқдордаги газларни сақлаш учун газгольдернинг қалпоғи телескоп шаклида ўзгарувчи қисмлардан иборат бўлади. Босим таъсирида бу қалпоқ кўтарилиб катта ҳажмдаги газни ўз ичига сиғдира олади. Бу қопқоқнинг телескоп шаклидаги қисмлари ўзаро бирикиш жойларида желебалар билан ўрнатилган.
Ёндириш манбаларига темир сульфиднинг ўз-ўзидан ёниши; механик таъсир натижасида ҳосил бўладиган учқунлар; очиқ аланга ва пайвандлаш ишларида ажралиб чиқадиган учқунлар; қўшни аппарат ва қурилмалардаги портлаш ва ёнғинлар; вақтинчалик ўтказилган электр мосламаларида ҳосил бўладиган ёндириш манбалари киради.
Газгольдер ва у билан боғлиқ тизимларда ёнувчан муҳит ҳосил бўлишининг олдини олиш учун газгольдер газқувурлари тизимини ёнмайдиган газлар: карбонат ангидрид, азот, тутунли газлар, сув буғи кабилар билан яхшилаб шамоллатиш зарур.
Газгольдер ичида вакуум ҳосил бўлмаслиги учун газ чиқариб олинадиган қувур юқорисига махсус қопқоқ ўрнатилади. Газгольдердан газ чиқариб олиш даврида, унинг қалпоқлари пастки ҳолатига келганда, махсус қопқоқ газ чиқариш қувурини беркитади, бу ҳолатда қопқоқнинг пастки қисми сувга 500 мм гача тушиб гидроқулф ҳосил қилади ва шу билан бирга газгольдер ҳажмини газ чиқариб олинадиган қувурдан ажратади.
Газгольдер зичлигини гидроқулф қалпоқнинг, телескопларнинг ва резервуарнинг газ ўтказувчан эмаслиги билан таъминланади.
Гидроқулфлардаги ва газгольдер ичидаги сув юзаси доимий назоратда бўлади. Уни вақти-вақти билан тўлдириб турилади, чунки буғланиш натижасида сув сатҳи пасайиши мумкин. Кўп ҳолларда сув юзасига буғланишнинг олдини олиш, қалпоқ ва унинг қисмлари деворларини мойлаб туриш мақсадида сув юзасига минерал мойлар қуйиб қўйилади.
Қиш фаслида очиқ ҳаводаги ҳўл газгольдерлар ичидаги ва гидроқулфлардаги сув музламаслиги учун, уларни сув буғи билан иситиш тизими бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |