Ип-йигирув фабрикаларида ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқариш хоналаридаги ёнувчи модда ва маҳсулотларнинг миқдорини чегаралашга, момиқ ва чангни ажраб чиқишини камайтиришга, ёндириш манбаси ва ёнғин тарқалиш йўлларини олдини олишга қаратилади. Улар қуйидагилар:
1. Ишлаб чиқариш хона полларига киплар билан банд бўладиган жойларини қалин чизиқ билан белгилаш;
2. Тўзғитиш ва титиш машиналарини йиғиш камераларида чиқитларни тўпланишига йўл қўймаслик. Машиналарни сменада камида бир маротаба тозалаш;
3. Фабриканинг ишлаб чиқариш хоналарига чанг ажраб чиқишини камайтириш учун барча машиналар маҳкам беркитиладиган қобиқлар ва тўсқичлар билан жиҳозланади. Пневмотранспорт герметик ҳолда бўлишини таъминлаш;
4. Хонадаги ва машиналардаги чанглар сўриш енглари орқали, алоҳида хонага ўрнатилган ўзини тозалаб турувчи фильтр ва циклонлар ёрдамида тозалаб туриш;
5. Ип-йигирув ишлаб чиқаришдаги машина ва агрегатлар чанг ва чиқиндилардан пуфлаш ёки чангютгичлар ёрдамида ҳар ойда бир маротаба, қурилиш конструкциялари ва арматураларини камида ҳар ўн кунда бир маротаба тозалаб туриш;
6. Тола орасига тушиб қолган металл тош жисмлардан учқун чиқмаслиги учун магнитли сепараторлар ва тошушлагичлар ўрнатиш;
7. Машина ва агрегатларнинг айланиш қисмларига толалар ўралиб қолишини олдини олиш учун махсус мосламалар ўрнатиш;
8. Машиналарни ишқаланиш ва айланиб туриш жойларида қизиб кетиш ҳолатига йўл қўймаслик учун ўз вақтида мойлаб туриш. Подшипникларни назорат қилиш учун уларни ўқи атрофида қизиш юз берганда ранги ўзгарувчан термобўёқ ёки термоқалам билан қоплаш;
9. Барча машиналар, металл ҳавоқувурлари, қувурлар, фильтрлар ва тортиш вентиляциясининг бошқа жиҳозларини ерга ўтказиб юбориш мосламалари билан жиҳозлаш;
10. Пневмотранспорт ва вентиляция ҳаво қувурларида ёнғиннинг тарқалишини олдини олиш учун, ушбу қувурларни ёнғинга қарши девордан ўтиш жойларида, ертўладаги чанг фильтри олдига автомат тарзда ишлайдиган алангатўсқичларни ўрнатиш;
11. Тоза ҳавони ёнувчи чангдан тозалайдиган чанг камералари ва фильтр хоналарини спринклерли автомат ёнғин ўчириш қурилмалари билан жиҳозлаш;
12. Ип-йигирув корхоналарида фақат марказлашган иситиш тармоғига (сувли ёки кичик босимдаги буғли) улашга рухсат бериш. Иситиш мосламалари текис юзага эга бўлишини таъминлаш ва уларни вақти-вақти билан чангдан тозалаб туриш;
13. Цехлар (бўлинмалар)ни ички ёнғин ўчириш кранлари ва бирламчи ёнғин ўчириш воситалари, ҳамда ёнғиндан хабар бериш мосламалари (сигнализация) билан таъминлаш.