Нефть ва нефть маҳсулотлари омборларидаги оқизиш-қуйиш қурилмаларига бўлган меъёрий ҳужжат талаблари
/1; 2; 3; 7; 8; 10; 11; 18/
Нефть ва нефть маҳсулотлари омборларининг оқизиш-қуйиш эстакадаларига бўлган меъёрий ҳужжатлар талаблари. Оқизиш-қуйиш эстакадаларининг ёнғин хавфи, уларда учрайдиган ёндириш манбалари ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник ечимлар.
Нефть ва нефть маҳсулотларини тўкиш ҳамда қуйиш қурилмалари фойдаланиш услубига кўра: темир йўл тўкиш-қуйиш эстакадасига, тўкиш-қуйиш причал ва пирсларига, ҳамда автоцистерналар учун тўкиш-қуйиш қурилмаларига бўлинади.
Темир йўл тўкиш-қуйиш эстакадалари тузилишига кўра бир ёки икки томонлама кириш темир йўллари (галерей) билан таъминланган, тўкиш қурилмали коллекторлари, узатиб юбориш қувурлари ва нафас олиш мосламаси (вантуз) билан жиҳозланган иншоотлардан иборат.
Тўкиш ва қуйиш жараёнлари жойнинг қулай рельефи ва геодезия нуқтаси фарқи ҳисобига босим ҳосил бўлиши натижасида ўзи оқиб тушиш йўли билан, ҳамда насослар ёрдамида бажарилади.
Маҳсулотлар цистерналарнинг юқори ёки қуйи қисмида жойлашган люклар орқали тўкилади ёки қуйилади. Бунда тўкиш-қуйиш қурилмаси қувурлар тизими ва коллекторлар ёрдамида бажариладиган бўлса ёпиқ усул деб аталади, рельс оралиғи ёки ён томонлама тарнов ва лотоклар ёрдамида бажарилса очиқ усул деб аталади.
Эстакадалар асосан тўғри, кўпроқ охири беркитилган темир йўлларга ўрнатилади. Тўкиш-қуйиш эстакадаларини узунлиги турлича қабул қилинади, лекин унинг максимал узунлиги (темир йўл состави) бир маршрутидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Нефть ва нефть маҳсулотларини ташиш учун 4 ёки 8 ғилдиракли юк кўтариш кучи 60 ва 120 тонна бўлган, алоҳида тўкиш-қуйиш эстакадаси ва нафас олиш клапанлари, ҳамда баъзи бир ҳолатларда буғли қатлам билан жиҳозланган вагонлар ишлатилади.
Эстакадаларнинг ёнғин хавфи. Нефть ва нефть маҳсулотларини тўкиш-қуйиш жараёни вагон-цистерналар, тўкиш коллекторлари, оралиқ резервуарлар ва яқин атроф ҳудудларда ёнувчи буғли-ҳаво ҳудуди ҳосил бўлиши мумкинлиги билан ажралиб туради.
Атроф ҳудудда ёнувчи концентрация: тўкиш даврида коллекторлардан нафас олиш клапанлари орқали ва қуйиш даврида сиғимларнинг ички қисмидан буғли-ҳаво аралашмасини чиқиши натижасида ҳосил бўлади. Бу хавф сиқиб чиқарилган буғларнинг миқдори ва иқлим шароитига (шамолнинг бор ёки йўқлиги), ҳамда ўз ўрнида тўкилаётган ёки қуйилаётган маҳсулотнинг хусусиятига, унинг ишчи ҳароратига, тўкиш-қуйиш усули ва қуйиш ускунасининг конструкциясига боғлиқ бўлади.
Тўкиш-қуйишнинг юқоридан амалга ошириш, жараёнини пастдан амалга оширишга нисбатан ёнғин хавфи юқорироқ ҳисобланади, негаки, сиғимларни бўшатишда ва тўлдиришда очиқ люк орқали нефт маҳсулотлари буғларининг ташқарига чиқиши ортади, яъни қуйилаётган суюқликни сачраб қўйилиши натижасида нефт маҳсулотининг буғланиш тезлигининг ошишига олиб келади.
Кучли буғланиш тўкиш-қуйиш жараёнида асосан ёзнинг кечки, тунги ва тонгги шамолсиз соатларида жуда ортади. Енгил алангаланувчи суюқликларни тўкиш-қуйиш даврида шамол йўналишини тезлиги 3 м/с дан кам бўлганда эстакадалар ҳудудида хавфли муҳит ҳосил бўлиши ортади.
Фавқулодда нефт маҳсулотларини тўкилиш эҳтимолини ҳисобга олиб эстакада майдони бир томонга нишаблик ҳолатида чиқариб юбориш лотоклари билан жиҳозланади. Лотоклар гидравлик ёпиш мосламалари орқали тўплаш ҳавзалари ёки ишлаб чиқариш канализацияларига уланган бўлади.
Содир бўлган ёнғинни тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида нефт маҳсулотларини олиб келиш ёки узатиш қувурлари ва буғ қувурларига олов тўсқич мосламалари ўрнатилади, эстакадалар, бино ва иншоотлар, ҳамда турли элементлар ўзаро хавфсизлик масофасида жойлаштирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |