Ёғоч, пластмассаларга механик ишлов бериш жараёнларининг ёнғин хавфи. Хавфсизлик чоралари.
/2; 3; 10; 11; 12; 14; 21/
Ёғоч, пластмассаларга механик ишлов бериш жараёнлари ҳақида умумий тушунча, ишлов беришнинг турлари. Қаттиқ моддаларга механик ишлов беришнинг ёнғин хавфи. Ишлов беришдаги ёндириш манбалари ва ёнғин хавфсизлиги чоралари.
Ёғочни қайта ишлаш корхоналарида мебел жиҳозлари, ёғоч қириндили плиталар, фанералар, дурадгорлик маҳсулотлари (дераза, ром, эшик ва ҳ.з.) уйларнинг йиғма қисмлари ва бошқа турли маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ёғочнинг қайта ишлаш технологияси қуйидаги жараёнларга бўлинади: корхонага келган тўсинли ёғочларни арралаш ва уларни қуритиш камераларида қуритиш, бошланғич ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаш ва жиҳозларнинг каркас асосларини йиғиш, маҳсулотга сўнгги ишлов ва бўёқ бериш. Айтиб ўтилган технологик жараёнлардан ташқари ёғочни қайта ишлаш корхоналари қуйидаги асосий цехларни (бўлим) ўз ичига олади: тайёрлов, қуритиш, дурадгорлик, ишлов ва бўёқ бериш, ёғоч тараларни йиғиш, елимлаш ва тайёр маҳсулотлар омборлари. Бундан ташқари, елим тайёрлаш, механик таъмирлаш, ускуна-жиҳоз тайёрлаш ҳамда турли ишларни бажарувчи ёрдамчи хоналардан иборат.
Ёғочни қайта ишлаш корхоналарида асосан ёғочни механик қайта ишлаш жараёнлари олиб борилади, яъни арралаш, рандалаш, тешиш, пардозлаш, штамповка, бостириш ва бошқалар.
Корхоналарда ёғоч маҳсулотларига механик ишлов бериш давомида кўп миқдорда ёнувчи чанг, қиринди ва бошқа чиқинди маҳсулотлари ажралиб чиқади ва улар агрегатлар, жиҳозларга ҳамда бино конструкцияларига тўпланиб ўтириб қолади. Айниқса ишлов беришда агрегатлардан чиқаётган ёғоч чанги ҳаво билан аралашиб портлаши мумкин бўлган муҳит ҳосил қилади.
Маҳсулотларни бир бирига ёпиштириш учун сунъий сақичдан олинадиган ва таркибида енгил алангаланувчан эритувчи бўлган елимлар (фенолформалдегидли, эпоксидли, карбадимли ва ҳ.к.) кўпроқ қўлланилади, бу эса ўз ўрнида елим қайнатиш ва елим тайёрлаш участкалари бўлган ёғочни қайта ишлаш корхоналаридаги цехларни ёнғин хавфини орттиради.
Ёғочни қайта ишлаш цехларида ёндириш манбалари бўлиб қуйидагилар хизмат қилиши мумкин: машина ва ускуналарнинг тез айланувчи қисмларини яхши мойланмаганлиги сабабли ишқаланишдан ҳосил бўлувчи иссиқлик; ҳаракатдаги ва ҳаракатсиз механизмлардан бузилиши натижасида пайдо бўлган учқунлар, очиқ олов (елимларни эритишда, пайвандлаш ва бошқа очиқ олов билан боғлиқ ишлар), ёғочларга ишлов беришда содир бўладиган учқунлар (мих, темир парчалари ва ҳ.к.) ҳамда металлни металлга ёки бетон, тош жисмларга урилиши натижасида ҳосил бўладиган учқунлар. Лак-бўёқларни қуритиш, бўёқ бериш ва ҳаво алмашинуви қувурларида қолган қолдиқларни, ёки мойланган ёғоч маҳсулотларини ўз-ўзидан ёниб кетиши, электр станок ва двигателларни кабел, симларини ҳимоя қобиғини шикастланиши натижасида содир бўлувчи қисқа туташувлар, статик электр токлари, яшин ва бошқалар.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг асосий вазифаси ёнувчи муҳитни ҳосил бўлишини, ёндириш манбаларини ва ёнғин тарқалиши мумкин бўлган йўлларни олдини олиш ҳамда камайтиришга қаратилган.
Ёғоч чиқиндиларининг тўпланиб қолишини олдини олиш учун технологик ускуна ва агрегатларда тўпланган чанг, қиринди ва ҳ.к.лардан сменада камида бир маротаба, қурилиш конструкциялари икки ҳафтада бир маротаба тозаланади. Булар қўл ёрдамида ҳамда механизация, яъни ҳаво ёрдамида сўриш мосламалари (пневмотранспорт, пылесос) орқали тозаланади.
Ишлаб бўлинган ёки емирилган ишлов бериш (шлифовка) қоғози белгиланган вақтда алмаштирилади. Ишлов бериш ускуналарини шлифовка қоғозлари билан тўқнашадиган устки қисми учқун чиқмайдиган маҳсулотдан тайёрланади.
Агрегат ва ускуналарнинг айланиш қисмларидаги подшипникларнинг қизиб кетишини назорат қилиш учун термопара ёки қаршилик термометрлардан фойдаланилади, баъзи ҳолатларда уларнинг устки қисмига иссиқликка қарши бўёқ (термокраска) қўлланилади. Умуман олганда, подшипникларни марказлаштирилган тарзда мойлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир ускуна ишончли ўчириб ёқиш мосламалари билан жиҳозланади.
Ишлов бериш цехларида (бўлим) лак-бўёқ бериш, эритувчи маҳсулотлар, ёнувчи чанг ажралиб чиқувчи, яъни портлаб-ёниш хавфи бўйича «А» ва «Б» тоифаларига кирувчи хоналар бинонинг ташқи девор тарафига ва кўп қаватли биноларда юқори қаватларга жойлаштирилади ҳамда енгил очиб ташловчи конструкциялар билан жиҳозланади.
Чанг тортиш тизимининг қувурлари ва вентиляторлари чанг тўпланиш ҳолатига қараб ёки бир ойда камида бир маротаба тозаланади. Бунинг учун қувурларда махсус туйнук ёки очиб йиғиладиган мосламалар ўрнатилади.
Содир бўлган ёнғиннинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қувурлар, вентиляция каналлари, циклонлар ёнмайдиган материаллардан тайёрланади, бундан ташқари иссиқлик сезувчи мосламалар (енгил эрувчи ва енгил ёнувчи мосламалар ҳ.к.) билан жиҳозланган тўсиқлар ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |