Технологик жиҳозларни портлашда шикастланишдан ҳимоялаш. Сақловчи мембранали клапанлар. Уларнинг турлари ва ишлаш принципи /2; 8; 24; 25/
Технологик жиҳозларни портлашда шикастланишдан ҳимоялаш. Сақловчи мембранали клапанлар. Сақловчи клапанларнинг турлари ва ишлаш принципи. Уларга бўлган талаблар.
Аппаратларни портлашдан ҳимоя қилиш. Аппаратларда шикастланиш даражасидаги портлаш юз берганда, аппарат ичидаги моддани (ёнғин хавфи бўлган суюқликлар, сочилувчан моддаларни) катта майдонларга, ишлаб чиқариш цехларига ёки очиқ майдонларга сочиб юбориш орқали ёнғинни бирданига тезлик билан тарқалишига, сочиб юборилган аппарат парчалари ва тўлқин зарбаси таъсирида ён-атрофдаги аппаратларни шикастланишига шароит яратилади. Аппаратларнинг портлашда шикастланиши инсонлар ҳаёти учун хавфлидир. Шу сабабли, аппаратларни портлаш натижасида шикастланишидан ҳимоя қилиш масаласи ёнғин хавфсизлигини таъминлаш вазифалари орасида энг асосийси деб белгиланган.
Портлашда шикастловчи бўлиб аппарат ичида бирданига ўта катта тезлик билан ортиб борувчи босим ҳисобланади. Портлашда босимни ортиб бориши, уни кучи ёки катталиги ёнувчи аралашманинг кимёвий таркибига, аралашмадаги ёнувчи компонент концентрациясига, портлашдаги ёниб бўлган модданинг умумий миқдорига, бошланғич ёнувчи аралашманинг бошланғич ҳарорати ва босимига боғлиқ. Газли ва буғли-ҳаво аралашмаларини портлашдаги (детонациясиз) ёниши идишлардаги босимнинг бошланғич ҳолатига нисбатан 8-10 мартага, чангли-ҳаво аралашмаларининг ёнишида эса 4-6 мартага ортишига олиб келади.
Аппаратларни портлашдан ҳимоя қилиш, уларда ҳосил бўлган ёниш маҳсулотларини ўз вақтида чиқариб юбориш йўли билан амалга оширилади. Бу мақсадларда ишлаб чиқариш технологик жараёнида аппаратлардаги ортиқча босимни чиқариб юборувчи сақлаш клапанларидан фойдаланилади. Сақлаш клапанлари йўл қўйиб бўлмайдиган катта ишлаб кетиш инерциясига ва портлашдаги маҳсулотларни чиқариб юбориш учун кичик кесим юзасига эга. Бунинг учун портлаш содир бўлган аппаратда белгиланган босимдан ортиқча босим ҳосил бўлмаслиги учун, аппаратни портлашдан ҳимоя қилувчи мембрана туридаги сақлаш клапанлари (портлаш мембраналари) ёки шарнирли очиб ташланувчи эшиклар қўлланилади. Технологияда портлаш мембраналари кенг қўлланилади. Улардан марказдан қочувчи сочма қуритгичларни (қуруқ сут унини, озуқа хамиртурушини ишлаб чиқаришда), ацетилен генераторларини ва ацетилен қувурларини, ксанта аппаратларни (вискоза толасини ишлаб чиқариш), рекупирация станциясининг марказий қувурларини, чанг ушлаб қолиш тизимидаги электр ва енгли фильтрларни ҳамда бошқа аппаратларни ҳимоя қилиш мақсадида ишлатилади. Мембраналар шикастланиши бўйича қуйидаги турларга ажратилади, ёрилувчан, кесилувчан, синувчан, пақилловчи, отиб юборилувчи ва йиртилувчиларга.
Ёрилувчан мембраналар асосан юпқа пластина, текис юзали шаклда эгилувчан материаллардан (алюмин, никел, мис, латун ва бошқалардан) тайёрланади.
Кесилувчан мембраналар ёрилмайди, аксинча уни қисиб турган ҳалқанинг ўткир чеккаларини периметри бўйича кесиб ташланади. Улар ҳам юмшоқ материаллардан тайёрланади.
Синувчан мембраналар синиши учун улар мўрт материаллардан (чўян, графит, шиша ва ҳ.з.) тайёрланади. Улар динамик юкланишга сезгир бўлгани учун кичик инерцияли ҳисобланади.
Пақилловчи мембраналар сферик гумбаз шаклида бўлиб бўртиб чиққан тарафи портлаш содир бўладиган зонага, яъни аппарат ичига қаратилган бўлади. Босимни белгиланган критик ҳолатдан ортиши билан сферик гумбаз мембранаси ўзининг мустаҳкамлиги йўқолиб, тескари тарафга ағдарилади ва хоч симон (крест шаклидаги) пичоқ билан тўқнашиб кесилиши натижасида босим чиқариб юборилади. Бу мембраналар юпқа эгилувчан материаллардан тайёрланади.
Отиб юборилувчи мембраналар ёрилувчан ва кесилувчан мембраналарни қалинлиги етарли даражада бўлмаганлиги сабабли бехос ишлаб кетиши мумкин бўлган аппаратларда қўлланилади. Бу мембраналар кўпроқ ғоваксимон шаклда пластмассадан тайёрланиб, уларни махсус жойларга (ҳалқали ўрам) юмшоқ пайвандлаш ёки ёпиштириш орқали ўрнатилади. Мембраналар ишлаб кетганда ўрнатилган жойидан отиб юборилади, яъни эгаллаб турган чиқариб юбориш кесим юзасини тўлиқ бўшатиб очиқ ҳолда қолдиради. Уларни яна қайта бир неча бор ишлатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |