Авария ҳолатида газ ва буғларни чиқариб юбориш. Чиқариб юбориш тизимига бўлган талаблар
/2; 3; 10; 11; 21; 24/
Авария ҳолатларининг тавсифи. Газ ва буғларни фавқулодда чиқариб юбориш. Чиқариб юбориш тизимига бўлган талаблар. Чиқариб юборишнинг турлари. Ёнғин хавфи ва хавфсизлик чоралари.
Ёнувчи газларни ва буғларни фавқулодда чиқариб юбориш. Авария ёки ёнғин вақтида хавфли ҳудудлардан ёнувчи газларни, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларнинг қиздирилган буғларини фавқулодда чиқариб юбориш ҳолати шундай маҳсулотли аппаратлардан фойдаланиш даврида юз беради. Ёнувчи газ ва буғларни чиқариб юбориш жараёни амалиётда фавқулодда чиқариб юбориш тизими орқали, ёнувчи суюқликларни фавқулодда белгиланган вақт ичида тезкорлик билан тўкиб олиш сингари чиқариб юбориш талабларига жавоб бериши керак. Газ ва буғларни фавқулодда чиқариб юбориш авария жўмракларини очиб юбориш даврида ҳосил бўладиган ортиқча босим орқали бажарилади. Жўмракларни очиш қўл ёрдамида ёки автомат тарзда бажарилади. Бироқ газ ва буғларни чиқариб юборишнинг суюқликларни тўкиб олиш тизимидан фарқи шуки, улар махсус идишларга эмас балки алоҳида қувур билан машъала мосламаси орқали атмосферага чиқариб юборилади. Лекин, бу ҳолатда атроф-муҳитни катта майдонда ифлосланиши сабабли газларни чиқариб юборишни ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан хавфсиз деб бўлмайди. Ёнувчи концентрацияни ҳосил бўлиш хавфининг олдини олиш мақсадида чиқариб юбориш тизимига одатга кўра, ҳар бир аппаратга ҳисоблаш йўли орқали свеча мосламасининг хавфсиз баландлиги белгиланади, чиқариб юбориш учларига машъала орқали чиқиш шароити яратилади, яъни газ ва буғларнинг оқими ташқарига атмосферанинг турбулентлигини ҳисобга олган ҳолда чиқариб юборилади.
Ёнувчи газ ва буғларни катта ҳажмда фавқулодда чиқариб юбориш керак бўлса, цех ёки корхонанинг машъала тизими орқали чиқариб ёндириб юборилиши ҳам мумкин.
Ишлаб чиқариш коммуникацияларидаги ёнғинни ушлаб қолувчи мосламалар. Қуруқ алангатўсқичлар. Тузилиши ва ишлаш принципи. Қуруқ алангатўсқичларни текшириш муддатлари
/2; 8; 10; 11; 24; 25/
Ишлаб чиқаришдаги ёнғинни ушлаб қолувчи ускуналарнинг турлари, уларнинг ишлаш принципи. Қуруқ алангатўсқичлар ҳақида тушунча, тузилиши, қуруқ алангатўсқичларни текшириш муддатлари ва уларга бўлган талаблар.
Қуруқ алангатўсқичлар деб қувурлардаги шундай ҳимоя қурилмасига айтиладики, улар қаттиқ ҳимоялаш қатлами орқали газлар оқимини қаршиликсиз ўтказади, лекин оловни ўчиради. Уларнинг ҳимоя қилиш таъсир доираси тор каналлардаги ёнғинни ўчиши ҳодисасига асослангандир.
Газлар аралашмаси ёнаётган канал ўлчами (диаметри)нинг торайиши, ҳажм бирлигидаги ёнаётган ёнувчи аралашмадан ажралиб чиқаётган иссиқликка нисбатан йўқотилаётган иссиқликнинг ортишига, реакция зонасидаги ҳароратининг пасайиши, реакция тезлигининг камайиши ва ёнғиннинг тарқалиш тезлигини камайишига олиб келади. Қачонки бу зонадаги иссиқлик йўқолиши, белгиланган критик қийматига етганда ҳарорат ва реакция тезлиги шу қадар пасаядики, тор каналда ёнаётган аралашманинг кейинги тарқалишига имконият бўлмайди. Худди шундай шароитни ёнғинни тўсувчи мосламалар яратади.
Алангатўсқичлар тўр ёки насадка кўринишида бўлиши мумкин. Майдаланган жисмли насадка (шиша, чини золдирлар, халқлар, шағал ва бошқалар ) ёки сунъий толалар (шиша тола, асбест, сунъий тола ва ҳ.к.) эгри чизиқ шаклидаги каналларни ташкил қилади. Пластина кўринишидаги насадкалар гофрирланган зар қоғоз, ўрамасимон айлантирилган тасмалар ва бошқалар учбурчакли, тўғри бурчакли ёки бошқа шаклли каналларни ҳосил қилади. Металл-керамика ва металл-сунъий толалардан тайёрланган пластик кўринишидаги насадкалар капиллярли каналларга эга.
Ёнаётган аралашмадан ажралиб чиқаётган иссиқликка йўқотилаётган иссиқликнинг тенг бўлгандаги алангатўсқич насадкасининг каналлари ёки тўрининг тешиклари диаметри – критик диаметр деб номланади . Аланга тарқалишидан ҳимоялаш учун каналнинг диаметрини критик диаметрдан пасайтириш билан эришиш мумкин. Каналнинг бу ўлчами (диаметри) ўчирувчи деб номланади. Алангатўсқичнинг ҳисоби ҳам, каналнинг ана шу критик ва ундан сўнг ўчирувчи диаметр ўлчамларини топишга асосланади. Каналнинг критик ва ўчирувчи диаметрлари орасидаги ўзаро муносабат, шунингдек алангатўсқичнинг конструктив хусусиятларини тегишли экспериментал маълумотларни инобатга олган ҳолда танланади.
Тўрли (сеткали) алангатўсқичларда тешикларнинг сони 1 см2 га 144 дан 196 тагача бўлган мис, латун ва пўлатдан ясалган фильтрловчи тўрлар ишлатилади. Алангани ишончли ўчиришни таъминлаш учун бир эмас, бир неча кетма-кет бир-биридан 10 мм узоқликда жойлаштирилган сеткалардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |