Аналогия (мослик, айнанлик, ўхшашлик) усулида давлат ва ҳуқуқ ривожланишининг турли мамлакатлардаги бирор хусусиятларининг ўхшашлигини ўрганамиз. Бу усул ёрдамида икки ёки бир неча мамлакатнинг айрим олинган даврда ёки турли ривожланиш босқичларидаги давлати ва ҳуқуқи ривожланишининг ўхшаш хусусиятлари ўрганилади.
Қиёсий-тарихий усул – бир нарса ёки ҳодисанинг иккинчи бир нарса ёки ҳодисадан фарқли ва ўхшаш томонларини ҳамда уларнинг муносабатларини ўрганиш усули ҳисобланади. Рим давлатчилигининг турли тарихий даврларда қабул қилинган Рим ҳуқуқ нормаларнинг қиёсий таҳлили.
Статистик усулдан тарихий жараённинг сон-миқдор томонларини тадқиқ қилишда, аниқроғи, ўрганиш объекти кўпдан-кўп сон кўрсаткичларидан иборат бўлган вақтда фойдаланилади. Tадқиқотнинг бу усулидан фойдаланиш муҳим масалаларни аниқлашда жуда қўл келади.
Давлат ва ҳуқуқ тарихини ўрганишга юқорида кўрсатилган тадқиқот усулларининг ҳаммасидан фойдаланган ҳолда комплекс ёндашиш фаннинг моҳиятини тўлиқ очишга ёрдам беради.
Давлат ва ҳуқуқ тарихи фанини ўрганиш назарий ва амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Tарихни кўпинча халқлар хотираси деб атайдилар, у жаҳон ижтимоий тажрибасининг улкан лабараторияси ҳисобланади. Ушбу фан талаба томонидан ўзлаштиришнинг аҳамияти, информативлиги билан ҳуқуқий онгни шаклланишида самарали қуролдир. Бу фан фақат давлат ва ҳуқуқ тарихини чуқур англаш имконинигина бериб қолмай, давлат ва ҳуқуқнинг янада ривожланиши ҳақида олдиндан айтиб беради. У умуман юристларни, хусусан, мустақил Ўзбекистоннинг XXI аср ҳуқуқшуносларини иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш ва янада чуқурлаштириш, сиёсий ҳаётни янада демократлаштириб бориш ҳамда инсон ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда фуқаролар жамиятини қарор топтириш соҳасидаги самарали фаолиятларида зарур билимлар билан қуроллантиради.
II. Асосий қисм
1. Қадимги Шарқ мамлакатларида давлат ва ҳуқуқнинг
ривожланиши хусусиятлари
Шарқ ва ғарб цивилизация йўлидан ривожланишда бир-биридан жиддий фарқ қилади. Шарқда, хусусий мулкчилик ҳукмронлик қилган ғарбдан фарқли ўлароқ, аввало хусусий мулкчилик муносабатлари, бозорга асосланган хусусий товар ишлаб чиқариш муносабатлари муҳим ўрин эгалламаган.
Шарқдаги асосий мамлакатлар (Икки дарё оралиғи, Миср, Ҳиндистон, Хитой), кейинчалик эса бошқа мамлакатлар ҳам ўзларининг географик қулай жойда жойлашганликларидан жуда барвақт фойдалана бошлаганлар. Даставвал Шарқда – ҳудуднинг асосий қисми катта-катта дарёлар (Дажла, Фрот, Нил, Ҳинд, Ганг, Xуанхе ва бошқалар) водийларида ва фақат узоқ чеккадагина тоғ тизмалари ва ясси тоғликлар ташкил қилган мамлакатларда давлатчиликка ўтиш рўй берган. Бу ерда табиий шароитлар ижтимоий-иқтисодий силжишларни ҳам, оқибат натижада сиёсий ташкилотлар ва маданиятни ҳам белгилаб берадиган ишлаб чиқарувчи кучлар тараққиётининг умумий боришини тезлаштиришга имкон берган.
Шарқда аҳоли турли гуруҳлари ўртасида аниқ ижтимоий-синфий чегаралар бўлмаган, масалан, эркин кишилар билан қуллар ўртасида оралиқдаги мавқеда турувчи турли тоифадаги қарам кишилар, ёки аллақандай эркинликка ўтиш босқичида турувчи кишилар ҳам бўлган. Масалан, Ҳиндистонда – шудралар, Бобилда – мушкенулар ва ҳоказо.
Қадимги Шарқ жамиятларининг муҳим хусусиятларидан бири уларнинг анъанавийлигидадир. Шарқ мамлакатларидаги барқарор кўпукладлилик, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий шаклларнинг ва институтларнинг, ҳукмрон диний мафкуранинг тарихан мерос бўлиб ўтишлиги қадимги Шарқ жамиятларининг анъанавийлик характерга эга бўлганлигини кўрсатади. Буни узоқ вақт ҳукм сурган қадимги Ҳиндистон ва қадимги Хитой тарихи мисолида яққол кўриш мумкин. Уларнинг мустаҳкам ва ўзгармас ғоявий-диний йўл-йўриқлар билан муқаддаслаштирилган ижтимоий-сиёсий тузуми ва ҳуқуқий тизими фикримизнинг далилидир.
Шарқ мамлакатлари ўзининг давлат тузуми бўйича ҳам антик дунё мамлакатларидан фарқ қилган. Қадимги Шарқ давлатлари ташкил топган вақтдан бошлаб охиригача монархия шаклидаги давлатлар бўлган. Бунга кўра, давлат бошлиғи – монарх (подшо, фиръавн) ҳокимияти чекланмаган бўлиб, унинг қўлида ижтимоий ҳокимиятнинг ҳамма таркибий элементлари – олий қонун чиқариш, ижро этувчи, суд ва ҳарбий ҳокимият тўпланган. Монарх бир вақтнинг ўзида ҳам давлат бошлиғи, ҳам дин бошлиғи ҳисобланган. Унга алоҳида унвон берилиши (Мисрда, Бобилда) уни худонинг ердаги ноиби эканлигини билдирган. Масалан, қадимги Ҳиндистонда давлат бошлиғи – подшо брахманлар таълимотига кўра инсон қиёфасидаги худодир, олов ва нур, қуёш ва ой, жазо ва эзгулик манбаидир. Хитойда эса император «осмон ўғли» (тянцзи) деб аталиб, бу ном ўрта асрларда ҳам сақланиб қолган. Мисрда эса VI сулола фиръавнлари исмларининг тартибига қуёш худоси – Ра исми ҳам қўйилган. Улар Ра (қуёш худоси)нинг ўғли унвонини олганлар. Шумер давлатларида патеси (подшо)лар ўзларини худонинг ердаги ноиби эмас, худо деб эълон қилиб, тўрт мамлакат подшоси деб атаганлар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Шарқ мамлакатларининг давлат аппаратида сайланиб қўйиладиган орган бўлмаган. Барча мансаблар ё подшо томонидан тайинлаш, ё мерос қилиб олиш асосида вужудга келган. Антик дунё мамлакатларида эса давлат ҳокимиятининг кўпгина сайланиб қўйилувчи органлари мавжуд бўлган.
Шарқ мамлакатлари ўзининг ҳуқуқ тизими бўйича ҳам антик дунё мамлакатларидан фарқ қилган. Аввало шуни айтиш керакки, Шарқ мамлакатлари ҳуқуқи инсоният тарихидаги дастлабки ҳуқуқ тизимларидандир. Шу боис унда ибтидоий жамоа тузумининг кўпгина қолдиқлари ва сарқитлари анча вақтгача чуқур сақланиб қолган. Унда ҳали қасос олиш одатининг излари сақланган, жазо тизимида жамоавий жавобгарлик, яъни бир кишининг жинояти учун оила аъзоларининг, уруғдошларнинг жавобгарлиги, жазо тайинлашда талиония, яъни “кўзга-кўз, тишга-тиш” тамойили, суд юритиш ишларида ордалия – синаб кўриш мавжуд бўлган.
Бундан ташқари, қадимги Шарқ қонунларида ҳуқуқ маълум тармоқлар бўйича бўлиниб ишланмаган. Унда моддий ва процессуал меъёрлар қўшилиб кетган. Антик давлатларда эса бунинг аксини кўриш мумкин. Айниқса, товар-пул муносабатлари анча ривожланган шароитда ташкил топган Рим қулдорлик давлатида фуқаролик, никоҳ-оила ҳамда жиноят ҳуқуқлари мукаммал ишлаб чиқилдики, Рим ҳуқуқи Рим давлатидан кейин ҳам узоқ яшаб, бошқа кўп давлатлар ҳуқуқига жуда катта таъсир кўрсатди.
Қадимги Шарқ давлати ва ҳуқуқи тарихини алоҳида мамлакатлар бўйича ўрганишда асосий эътибор йирик дарёлар водийларида вужудга келган, Шарқ учун типик бўлган давлатлар – Миср, Икки дарё оралиғи, Ҳиндистон ва Хитойга қаратилади.
Давлат ва ҳуқуққа оид воқеалар ва ҳодисалар имкон борича изчил тартибда баён этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |