Фаннинг вазифаси ва предмети. Давлат ва ҳуқуқ тарихини билиш аввало ҳозирги давлатчиликнинг моҳиятини чуқур англаш ва уни келажакда ривожланишининг асосий йўналишларини олдиндан айтиб бера олиш учун керак. Ҳозирги воқелик ўтмишдан ва келажакдан мутлақо ажралиб қолмаган. У фақат янги, тарихдаги янги босқичдир.
Мазкур фанда барча халқларнинг давлати ва ҳуқуқи тарихи учун типик бўлган давлат ва ҳуқуқ тарихи, шунингдек алоҳида ўзига хос бўлган мамлакатларнинг давлати ва ҳуқуқи тарихи ўрганилади.
Бу фан умумий тарихдан фарқ қилиб, жамиятни тўла ва бутунлигича ўрганмайди, балки давлат ва юридик муассасаларнинг мураккаб тизимининг тарихий ривожланиш жараёнини ҳамда ҳуқуқ, унинг алоҳида соҳалари ва институтларининг келиб чиқиши ва тараққий этиши жараёнини ўрганади.
Фан ўрганадиган масалаларни текшириш услублари. Давлат ва ҳуқуқ тарихи фанини ўрганишда хусусий, илмий, махсус услублардан фойдаланилади. Билишда хусусийлик ва умумийлик вазифасини бажарувчи усуллар мавжуд. Кўпчилик фанларда қўлланиладиган усуллар умумий усул дейилади. Ҳар бир аниқ фаннинг ўзи қўллайдиган хусусий усуллари асосида билим тизими чуқурлашиб борса, умумий усулни тадбиқ қилиш орқали эса билиш доираси янада кенгайиб боради.
Диалектик усул давлат ва ҳуқуқ ривожланади, ўзгаради, бир шаклдан иккинчи шаклга ўтади, деб қарайди. Давлат ва ҳуқуқни ўрганиш, билиш, тадқиқ қилишнинг диалектик усули – бу илмий билимлар дунёсига киришнинг, давлат ва ҳуқуқни билишнинг асосий калитидир.
Синтез анализнинг натижаларига суяниб, давлат ва ҳуқуқнинг бутун сифатини, бир гуруҳ мамлакатлардаги умумий хусусиятларини ва алоҳида мамлакатлардаги ўзига хос хусусиятларни ўрганади. Синтез анализ натижасида фикран бўлинган элементларни қайтадан тиклаш, уларни бирлаштириш, илгариги яхлитликни фикран вужудга келтириш усулидир.
Индукция айрим фикрий билишдан умумий хулосалар чиқаришда қўлланиладиган муҳокама усулидир. Xусусийликни ўрганиб, умумийлик билиб олинади. Умумийлик нарса ва ҳодисалар билан узвий алоқада бўлади. Билишда индуктив усул асосида қонуниятлар очилади, тушунчалар майдонга келади. Бу усул давлат ва ҳуқуқ ҳодисаларининг сабабий боғланишларини текшириш усули ҳамдир.
Дедукция эса умумийликдан хусусийликка олиб борувчи мантиқий усулдир. Фандаги назариялар дедуктив усул натижасида юзага келади. Бу усул асосан далилий материаллар тўплаш натижасида уларни чуқур ўрганиш, тизимга солишда қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |