Месопатамия (Иккидарё оралиғи), яъни Дажла ва Фрот дарёлари оралиғида милоддан аввалги IV минг йилликнинг охири – III минг йилликнинг бошларида биринчи шаҳар-давлатлар вужудга кела бошлади.
Милоддан аввалги XXV асрда сиёсий ҳукмронлик Урга, XXV–XXIV асрлар оралиғида эса Лагашга ўтган. Лагашда давлат тўнтариши бўлиб, ҳокимият тепасига Уруинимгин келади (2318–2312 йиллар). У Лагашда олти йил подшолик қилиб, баъзи ислоҳотлар ўтказиб, камбағаллар аҳволини яхшилашга, уларга баъзи енгилликлар беришга, солиқ ва йиғимлар миқдорини камайтиришга ҳаракат қилган.
Милоддан аввалги XXIV аср охирида Лагаш заифлашиб, Умма шаҳар-давлати кучайган ва бутун Шумер устидан ҳукмронлик қила бошлаган. Унинг ҳокими Лугал-заггиси Лагаш, Ур, Уруқ, Ларса, Адаб, Ниппур шаҳар-давлатларни ўзига итоат эттириб, Шумер подшолигини ташкил этган. Аммо Шумер подшолигининг мустақиллиги узоққа чўзилмади ва тез орада семитларнинг Аккад давлати томонидан мағлубиятга учради. Аккад давлатининг асосчиси ўз даврининг йирик сиёсий арбоби Саргон I 2316-2261 йиллар) эди. Саргон (ҳақиқий подшо дегани) дастлаб Аккадда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, янада кучли қўшин тузиб, Кишни босиб олади, ўзини “Киш подшоси” ва “Аккад подшоси” деб эълон қилади. Саргон I тез орада бутун Месопатамия ва Олд Осиёни ўз ичига олган ғоят катта ҳарбий давлат барпо этиб, ўзини «тўрт иқлим подшоси» деб эълон қилган. Бу жануби-ғарбий Осиёдаги энг йирик дастлабки марказлашган Аккад-Шумер “қулдорлик давлати” эди. Аккад давлати қарийб 120 йил яшаган ва милоддан аввалги тахминан 2200 йилда Шарқ томондан келган урушқоқ тоғлиқ гутийлар ҳужуми натижасида тор-мор қилинган. Лекин тез орада босқинчи гутийларга қарши кураш бошланиб, милоддан аввалги 2108 йилда гутийлар ҳайдаб чиқарилган. Иккидарё оралиғи яна, бу сафар Урнинг III сулоласи ҳокимияти қўл остида бирлаштирилган, мазкур сулола милоддан аввалги III минг йиллик охирига қадар мамлакатни идора қилган. Унинг вакиллари ўзларини Шумер ва Аккад подшолари деб – ҳатто “дунёнинг тўрт иқлим подшолари” деб аташганки, бу нарса бутун дунёда ҳукмронлик қилишга даъвогар бўлишидан далолат беради. Баъзида улар ҳатто худолар деб аталадилар. Урнинг III сулоласи ҳукмдорлари ўз давлатини яхши ташкил этилган мунтазам армия ёрдамида идора қилганлар, подшолик судлари ташкил этилган, дастлабки қонунномалар (Ур-Намму Қонунномаси)ни қабул қилганлар ва ҳоказо. Лекин бу нисбатан марказлашган давлат ҳам шаҳар-давлатларни асосан ҳарбий куч билан бирлаштириб турганлиги ва унинг ичида ўзаро урушлар бўлиб турганлиги сабабли, худди Аккад давлати сингари, узоқ яшамаган. Милоддан аввалги XXI асрнинг энг охирида, деярли айни бир вақтда бостириб кирган душманлар – ғарбдан аморий қабилалари ва Шарқдан элам қабилалари ҳужуми натижасида Шумер-Аккад подшолиги парчаланиб кетган.
Иккидарё оралағида Урнинг III сулоласи қулагандан кейин икки юз йилдан ортиқ сиёсий тарқоқлик ва ўзаро урушлар бўлиб турган. Бу вақтда аморийлар Ларса, Исин, Мари, Ашшур, Эшкунна ва Бобил каби мустақил давлатларнинг ҳокимлари бўлиб олганлар. Месопатамияда ҳукмрон бўлиш учун улар бир-бирлари билан қонли урушлар олиб борганлар. Бу урушларда Бобил ғолиб чиқиб, аморийлар сулоласига асос солинган. Қадимги Бобил подшолиги 300 йил (милоддан аввалги 1894–1595 йиллар) ҳукм суриб, Икки-дарё оралиғи тарихида чуқур из қолдирган. Бобил подшолигининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий равнақ топган вақти подшо Xаммурапи даврига (милоддан аввалги 1792 – 1750 йиллар) тўғри келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |