Муҳим бузиб кўрсатишларнинг баҳоланган рискларига нисбатан жавоб ҳаракатлари (12-бандга қаранг)
A52. АХС 330 аудитордан хусусияти, бажариш муддатлари ва кўлами ҳисоблаб чиқилган баҳоларга нисбатан ҳам молиявий ҳисоботлар, ҳам тақдимномалар даражасида муҳим бузиб кўрсатишларнинг баҳоланган рискларига асосланган аудиторлик тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш ва бажаришни талаб қилади.15 А53-А115 бандларда фақат тақдимномалар даражасига хос бўлган жавоб ҳаракатлари кўриб чиқилади.
Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш учун қўлланиладиган асос талабларини қўллаш (12(а) бандига қаранг)
A53. Молиявий ҳисоботларни тақдим этишнинг аксарият асослари ҳисоблаб чиқилган баҳоларни тан олиш учун муайян шартларни назарда тутади ва уларни аниқлаш учун усуллар ҳамда очиб берилиши талаб этиладиган маълумотларни белгилайди. Бундай талаблар комплекс бўлиши ва мулоҳазани қўллашни талаб қилиши мумкин. Рискларни баҳолаш тартиб-таомилларини бажаришда ҳосил қилинган тасаввур асосида аудитор молиявий ҳисоботларни тақдим этиш учун қўлланиладиган асоснинг нотўғри қўлланиши ёки ҳар хил талқин қилишга мойил бўлиши мумкин бўлган талабларига алоҳида эътиборни қаратиши лозим.
A54. Тадбиркорлик субъекти раҳбарияти молиявий ҳисоботларни тақдим этиш учун қўлланиладиган асос талабларини тегишли равишда қўллаганини аниқлаш қисман аудиторнинг тадбиркорлик субъекти ва унинг муҳити ҳақидаги билимларига асосланади. Масалан, айрим моддалар, хусусан бизнес бирлашувида эгалланган номоддий активларни ҳаққоний қиймат бўйича баҳолаш тадбиркорлик субъекти ва унинг операциялари хусусияти таъсир кўрсатадиган махсус жиҳатларга эга бўлиши мумкин.
A55. Айрим вазиятларда тадбиркорлик субъекти раҳбарияти молиявий ҳисоботларни тақдим этиш учун қўлланиладиган асос талабларини тегишли равишда қўллаганини аниқлаш учун қўшимча аудиторлик тартиб-таомиллари, хусусан активнинг жорий физик ҳолатини аудитор томонидан текшириш талаб этилиши мумкин.
A56. Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш учун қўлланиладиган асос талабларини бажариш тадбиркорлик субъекти раҳбариятига тадбиркорлик субъектига таъсир кўрсатувчи муҳит ёки вазиятдаги ўзгаришларни кўриб чиқиш мажбуриятини юклайди. Масалан, муайян турдаги актив ёки мажбурият учун фаол бозорнинг пайдо бўлиши бундай актив ёки мажбуриятнинг ҳаққоний қийматини аниқлаш учун дисконтланган пул оқимларидан фойдаланиш бундан буён тегишли эмаслигини кўрсатиши мумкин.
Усуллардаги изчиллик ва ўзгартиришлар учун асос (12(б) бандига қаранг)
A57. Ҳисоблаб чиқилган баҳода ёки баҳолашни аниқлаш усулида олдинги давр билан таққослаганда юз берган ўзгаришларни аудитор томонидан кўриб чиқиш муҳимдир, чунки вазиятдаги ўзгаришларга ёки янги ахборотга асосланмаган ўзгартиришлар асоссиз деб ҳисобланади. Ҳисоблаб чиқилган баҳоларга киритилган асоссиз ўзгартиришлар вақти келиб молиявий ҳисоботларда ноизчилликка ва молиявий ҳисоботларнинг бузиб кўрсатилишига олиб келиши ёки тадбиркорлик субъекти раҳбариятининг нохолислигидан дарак бериши мумкин.
A58. Кўпинча тадбиркорлик субъекти раҳбарияти бир даврдан бошқа даврга ўтилганда вазиятда юз берган ўзгаришлар натижасида ҳисоблаб чиқилган баҳода ёки ҳисоблаб чиқилган баҳони аниқлаш усулида ўзгартириш учун етарли асосларни тақдим этиши мумкин. Етарли асоснинг мазмуни, шунингдек тадбиркорлик субъекти раҳбариятининг вазиятда ҳисоблаб чиқилган баҳога ёки ҳисоблаб чиқилган баҳони аниқлаш усулига ўзгартириш киритилишини кафолатловчи ўзгаришлар юз бергани тўғрисидаги баёнотини тасдиқлашнинг адекватлиги мулоҳаза қилиниши керак бўлган масалалар ҳисобланади.
Муҳим бузиб кўрсатишларнинг баҳоланган рискларига нисбатан жавоб ҳаракатлари (13-бандга қаранг)
A59. Муҳим бузиб кўрсатишлар рискларига жавобан 13-бандда санаб ўтилган ҳаракатлардан қайси бирини алоҳида ёки бошқа ҳаракатлар билан бирга бажариш зарур, деган саволга аудиторнинг жавобига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатиши мумкин:
Ҳисоблаб чиқилган баҳонинг хусусияти, шу жумладан унинг оддий ёки ғайриоддий операциялар билан боғлиқлиги.
Тартиб-таомил (тартиб-таомиллар) аудиторга етарлича тегишли аудиторлик далилларини олиш имконини бериши ёки бермаслиги хусусида тахминлар.
Муҳим бузиб кўрсатишларнинг баҳоланган риски, шу жумладан баҳоланган риск аҳамиятли риск ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги.
A60. Масалан, шубҳали дебиторлик қарзлар бўйича захиранинг асослилигини баҳолашда бундан кейинги пул маблағлари инкассосини кўриб чиқиш бошқа тартиб-таомиллар билан бирга бажариш аудитор учун самарали тартиб-таомилга айланиши мумкин. Ҳисоблаб чиқилган баҳонинг ноаниқлиги даражаси юқори бўлган ҳолларда, масалан, кузатилмайдиган бошлағич маълумотлар мавжуд бўлганда, мустақил ишлаб чиқилган моделга асосланган ҳисоблаб чиқилган баҳода етарлича тегишли аудиторлик далилларини олиш учун 13-бандда тавсифланган баҳоланган рискларга жавобан ҳаракатлар бирикмасини қўллаш талаб этилиши мумкин.
A61. Жавоб ҳаракатларининг ҳар бири мос келиши мумкин бўлган вазиятларни тушунтирувчи қўшимча қўлланма А62-А95 бандларида келтирилган.