Фалсафани фан сифатида
ривожлантириш муаммоси.
Горизонтал тарзда фалсафанинг фанга мансублигини ҳисобга олиб ва мафкурада ҳам илмийлик салоҳияти етакчи бўлиши учун унга фан сифатида ёндашишнинг аҳамияти ниҳоятда улкандир, Зеро, фалсафага фан сифатида ёндашув, биринчидан, унга қўйиладиган маломатлардан халос этади, иккинчидан, оламни фалсафий идрок этиш имкониятларини кенгайтиради, учинчидан, мафкуравий (ноилмий) ёндашувлардан уни сақлайди, тўртинчидан, мафкуранинг умумий йўналиши ва мазмунига фаол таъсир кўрсатиб, унинг илмий салоҳиятини оширади. Тўғри, илгаригидек турлича фалсафий қарашлар, мактаблар вужудга келиб, уларда мафкуравий ёндашувларга кенг ўрин берилаверади, аммо фалсафанинг фан сифатида тан олиниши ва унга шундай муносабатда бўлиш ижтимоий тараққиёт ва инсон комолоти учун кенг имкониятларни вужудга келтиради.
Фалсафа билан жиддий шуғулланмай, у ҳақда фикр билдирадиган зиёлиларимиз “фалсафа” тушунчаси билан “фалсафа фани” тушунчаси ўртасида тарихан умумийликдан ташқари айримлик (тафовут) ҳам мавжудлигини эътибордан соқит қиладилар. Фалсафанинг эндиликда фан сифатида шакллангани албатта фалсафий фикрлар ривожи билан узвий боғлиқ. Бироқ, “фалсафа” тушунчасида унга ижтимоий онгнинг назарий шакли маъноси бўлса, “фалсафа фани” тушунчасида оламни бир бутун боғлиқ ҳолида билиш, ундаги ялпи умумий ўзаро алоқадорлик, ўзаро таъсир, ўзаро тақозадаги муносабатлар ўрнини аниқлашнинг муайян тизими маъноси бор. Бошқача айтганда, фалсафий фикрлар мажмуаси муайян бир тизим – фан ҳолига келиши, бунда бошқа фанлар қамраб олмайдиган ўз соҳаси борлиги, у ўз предметига эга эканлиги эътироф этилади.
Ҳар қандай фан муайян соҳада инсоният тарихан тўплаган тажрибаси билимларини муайян тизимга солиниши бўлиб, маълум бир соҳани илмий англашга имкон туғдирадиган ўз стили, тушунчалари, категориялари, қонунлари, тамойиллари, услуб (метод)лари бўлишини тақоза этади. Булар ўз навбатида тарихан чуқурлашиб, кенгайиб, мазмунан бойиб бориши натижасида фан такомиллашади. Бир фан йўналишида бир неча тармоқлар ҳам вужудга келиб, улар муайян фанни мазмунан бойитади.
“Фалсафа” “донишмандликни севиш” ёки “донишманларча фикрлаш” маъносида эртаклар ва ашулаларда ҳам ўз ифодасини топади; инсон ўз-ўзини англашга ёрдам берадиган ғояларда ҳам фалсафий қарашлар бор. Ҳар бир фанда оламнинг у ёки бу соҳасидаги ички ва ташқи алоқадорликларни илғаб олишга ёрдам берадиган фалсафий фикрлар мавжуд. Аммо бу дегани эртаклар, ашулалар, ҳусусий ва ижтимоий фанлар фалсафа фанининг ўрнини боса олади, деган маънони англатмайди. Фалсафа фан сифатида бошқа барча фанлар учун методологик асос бўлиб хизмат қилиши унинг категориялари, қонунлари, услублари, тамойиллари ялпи умумий таснифга эга эканлиги билан тавсифланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир фан соҳасининг тадқиқотчиси фалсафа фанидан яхшироқ илмга эга бўлса, унинг илмий изланишлари самарали якунини топиши тажрибадан маълум.
Хулоса: а) фалсафа билан бошқа барча фанлар ўртасида алоқадорлик ва ўзаро таъсир мавжуд; б) горизонтал тарзда фалсафа табиий фанлар билан ўзаро алоқада бўлса, вертикал ҳолатда у ижтимоий-гуманитар фанлар билан боғланиб, ижтимоий фан тусига киради; в) бу ҳол фалсафанинг тарихан мафкуравий қарашлар билан алоқасини кучайтириб, унинг мафкуравий тус олишига сабаб бўлади; г) фалсафа фан эканини тан олиш унинг мафкурага фаол таъсир этиб, мафкурада илмийлик устивор йўналиш олиши учун имкон туғдиради.
Калит сўзлар: донишдмандлик, мафкуравий ҳаёт, Бош ва Асосий ғоялар, қадрият, “вертикал”, “горизонтал”, фалсафий дунёқараш, “фалсафа”, “фалсафа фани”, илмийлик, объективлик, ақлга мувофиқлиқ, системага солинганлик, амалиётда текшириш, эркин фикр юритиш, турғунлик, партиявий-синфийлик, метадологик асос.
Do'stlaringiz bilan baham: |