Яна битта хотира
шаклининг вужудга келиши.
дамзод меҳнат ва ов қуролларини ясашга киришгач, хотиранинг янги шаклига эҳтиёж пайдо бўлди. Генетик хотира, жамоа хотираси янги меҳнат фаолияти ва уни такомиллаштириш учун асло кифоя қилмас, аждодлар тўплаган тажрибаларини авлодлар хотирасига ўтказиш учун “Таълим” хотираси вужудга келди. Каннибализм қораланди, кексалар ўтган авлод тажрибаларини асровчи ва ёш авлодга етказувчи асосий “ўқитувчилар” бўлиб қолдилар, жамоада уларнинг қадри жуда ошиб кетди. Рухсат ва тақиқлар системасининг шаклланиши ахлоқ нормаларига сўзсиз ва ихтиёрий риоя қилиш майлларини кучайтирди. Ожизларни ҳимоя этиш, уларни жамоат томонидан муҳофазага олиниши фидойилик (альтуризм) ҳис-туйғуларини ривожлантирди ва бунинг оқибати ўлароқ табиий танланиш ўз ҳаракатини тўхтатди, оқибатда одамзоднинг индивидуал физиологик ривожланиши барҳам топди. Индивид эндиликда жамоа ва жамият бағрида ақлий жиҳатдан ривожланиб, такомилашиб бориш босқичига кўтарилди.
Меҳнат қуроллари учун муносиб тошларни ахтариш, топиш, уларга ишлов бериш, ҳайвон териларини ишлаш, гўштларни парчалаш, ўтни сақлаш ва ундан озиқ- овқат тайёрлашда фойдаланиш, жамоа орасида одоб-ахлоқ маромларига риоя қилиб боришни назорат этиш, ов жараёнлари режаларини тузиш, ғаним уруғларга қарши туриш имкониятига эга бўлиш каби ишлар нутқ тилининг ривожланиши, у билан баробар тафаккурнинг такомиллашишига олиб келди. Тил бойлигининг ошиши мантиқий тафаккур ривожи учун қанчалик кучли таъсир кўрсатган бўлса, мантиқий тафаккур тарзининг мураккаблашиб бориши, тил бойлигининг ошиши, энг нозик нарсаларни, ҳодисаларни ҳам илғаб олиш имконини вужудга келтирди. Эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги тушунчалар пайдо бўлиб, улар ёрдамида дунёқараш шакллана бошлади. Ахлоқнинг шаклланиши, гўзаллик ва хунуклик тўғрисида дастдабки содда тасаввурларнинг юзага келиши, одамзод ўзини қуршаган олам тўғрисидаги қарашлари, жумладан, нима эзгулиг-у нима ёвузлик эканини англаб олишга қизиқиш – буларнинг ҳаммаси билимнинг фан унсурлари шаклланишига олиб келди. Одамлар ўз кузатишлари натижасида йил фаслларининг такрорланишини фахмлаб олдилар ва ёзда қишнинг ғамини ейишга ақллари етиб қолди. Шундай қилиб, зарур маълумот (информация) ларни сақловчи ва донишмандлик хазиначилари сифатида коҳинлар ва сеҳргарларнинг жамиятдаги мавқеи ошиб кетди. Улар дастлабки содда файласуфлар сифатида мифологик дунёқарашга асос солдилар.
Хулоса: а) ақлнинг пайдо бўлиши билан моддий олам ўзини-ўзи англаш босқичига кўтарилди; б) одамзод узоқ тарихий давр махсулидир; в) эндиликда антропогенез ўз ниҳоясига етдики, одамзод ҳозирги физиологик тузилишда яна 25 минг йиллар чамаси яшаши мумкин; г) онгли меҳнат фаолиятининг хилма- хил тус олиши олам ҳақидаги тасаввурларни ривожлантирди ва мифологик дунёқараш шаклланди.
Калит сўзлар: интелект (Ақл), антропогенез, ахборот (информация), ирсий хотира, ДНК ёзувлари, “пода онги”, антропоид, филогенетик майдон, Австролопитек, Питекантроп, Синантроп, Неандертал, Кромоньон, мия иланг-пиланглари, нотенглик қонунияти, “Таълим” хотираси, каннибализм, альтуризм.
Do'stlaringiz bilan baham: |