1.6.2. Эмпирик тадқиқот ўтказишни ташкил этиш ва ўтказиш босқичлари
Эмпирик тадқиқот бир неча:
тайёргарлик кўриш
ахборот йиғиш
олинган ахборотга статистик ишлов бериш
хулосаларни таърифлаш
5. тадқиқотларнинг натижаларига кўра конкрет таклифлар ишлаб чиқиш босқичидан иборатдир.
Тадқиқотни бошлашдан олдин унга пухта тайёргарлик кўриш лозим. Тадқиқот олиб бориш учун дастур тузилади.
Эмпирик тадқиқот дастурини ишлаб чиқиш қуйидагиларни:
тадқиқот мақсадлари ва вазифаларини белгилаш;
тадқиқотнинг предмети ва объектини аниқлаш;
зарур адабиётлар (норматив ҳужжатлар, илмий ишлар, ўхшаш тадқиқотларнинг натижалари ва ҳ.к.)ни йиғиш ва таҳлил қилиш;
гипотезалар (тадқиқот жараёнида текшириладиган фаразлар)ни ишлаб чиқиш;
тадқиқот воситалари мажмуини, яъни ахборот йиғиш жараёнида қўлланиладиган конкрет методлар (сўровномалар, сўров варақалари, интервью режаси, маълумот-сўровномалар ва б.)ни ишлаб чиқиш;
тадқиқот бажарилишининг режасини тузишни ўз ичига олади.
Эмпирик тадқиқотларнинг иккинчи босқичида талаба танланган методга мувофиқ ахборот йиғади.
Учинчи босқич – олинган ахборотга статистик ишлов бериш бўлиб, бу босқичда талаба олинган маълумотларни тадқиқот дастурида акс эттирилган кўрсаткичлар бўйича ҳисоблайди.
Тўртинчи босқичда талаба ўз хулосаларини баён этади. Хулосалар:
1) даставвал олинган натижаларни умумлаштириш, амалиётни ўрганиш натижалари бўйича жадваллар тузиш, нафақат мутлақ кўрсаткичларни, балки нисбий кўрсаткичларни ҳам ҳисобга олиш;
2) олинган маълумотларни таҳлил қилиш асосида таққослаш, таснифлаш методлари ва бошқа усуллардан фойдаланиб, эмпирик факт ажратиб олиниши мумкин;
3) ниҳоят, эмпирик факт аниқланганидан сўнг, талаба назарий факт мавжудлиги ҳақида аниқ бир тўхтамга келиши асосида шакллантирилиши лозим.
Эмпирик тадқиқот ўтказишнинг охирги, бешинчи босқичи тадқиқот натижаларига кўра конкрет таклифларни ишлаб чиқишдир. Айни ҳолда талаба қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш (янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, амалдаги норматив қоидаларга тузатиш киритиш), қонунни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва ҳоказолар бўйича тавсиялар бериши мумкин.
Эмпирик тадқиқотнинг охирги босқичини талаба сифатли бажаргани тадқиқот яхши даражада бажарилганлиги кўрсаткичи ҳисобланади ва анча юқори баҳоланади.
Эмпирик тадқиқотларнинг натижаларини талаба нафақат тегишли жадвалларда келтириши ва курс ишига илова тариқасида киритиши, балки улардан ишнинг назарий қисмида хулосаларни асослаши, фикр-мулоҳазаларни олинган статистик маълумотлар билан далиллаши ва ҳоказолар учун фойдаланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |