Жадвалларни тузиш
Рақамли ва бошқа маълумотлар жадваллар сифатида тузилиши мумкин. Жадвал бевосита у биринчи марта зикр этилган матндан кейин ёки навбатдаги саҳифада берилиши лозим.
Жадваллар араб рақамлари билан бутун иш доирасида ёки бўлим (боб) доирасида тартиб бўйича рақамланади. Жадвал номи жадвалнинг устида чапдан абзац ташламасдан бир сатрда унинг рақами билан тиредан сўнг жойлаштирилиши керак. Агар ишда фақат битта жадвал мавжуд бўлса, у “1-жадвал” деб ёки, у А иловада келтирилган бўлса, “А1 жадвал” деб кўрсатилиши лозим. Жадвалнинг бир қисми навбатдаги саҳифага кўчирилган тақдирда, унинг номи фақат жадвалнинг биринчи қисми устида жойлаштирилади, пастки горизонтал чегара чизиғи тортилмайди. Жадвалнинг бошқа қисмлари устида “Давоми” деган сўз ёзиб қўйилади, масалан, “2-жадвалнинг давоми”.
Жадвални тузиш тартиби 5-иловада келтирилган.
2.9. Иловаларни тузиш
Ёрдамчи ва қўшимча материаллар ҳамда маълумотларнинг курс ишининг охирида келтириш ва уларни иловалар сифатида берилиши мумкин. Иловаларда жадваллар, диаграммалар, расмлар, схемалар ва бошқа шунга ўхшаш материаллар киритилиши мумкин.
Ҳар бир илова янги варақдан бошланиши, бунда саҳифанинг юқори қисмида “илова” сўзи ва унинг белгиси келтирилиши лозим. Илова мазмунли сарлавҳага эга бўлиши керак. Сарлавҳа матнга нисбатан симметрик тарзда, катта ҳарфлар билан, алоҳида сатрда ёзилади.
Иловалар ўзбекча алифбонинг бош ҳарфлари билан А ҳарфидан бошлаб белгиланади, Ё, З, Й, О, Ч, Ь, Ў, Ъ ҳарфлари бундан мустасно. “Илова” сўзидан олдин унинг кетма-кетлигини ифодаловчи ҳарф қўйилади. Агар илова битта бўлса, у “А илова” деб белгиланади. Иловалар курс ишининг қолган қисми билан умумий бўлган саҳифаларнинг узлуксиз рақамланишига эга бўлиши лозим.
2.10. Фойдаланилган адабиётлар ва норматив ҳужжатларга ҳаволалар қилиш
Талаба курс ишида қайси муаллифларнинг мақолалари ва монографияларида келтирилган ғоялардан фойдаланган бўлса, шу муаллифларга ҳавола қилиши лозим.
Иқтибос (қавс ичида) келтирилганидан ёки унинг мазмуни (қавссиз) баён этилганидан кейин сатрдан юқорироқда сноска белгиси қўйилади ва у ҳар бир саҳифада тегишли рақам: 1; 2; 3; 4 ва ҳоказолар билан ифодаланади.
Ушбу саҳифанинг охирида чизиқ остида сноска белгиси сатр чизиғидан баландроқда қўйилади ва юқорида келтирилган иқтибос ҳақидаги маълумотлар баён этилади. (6-иловага қаранг)
Do'stlaringiz bilan baham: |