1.4. Курс ишини лойиҳалашни ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш
Курс ишининг мавзуси танлангач, аввало режалаштирилаётган тадқиқот тури, унинг хусусияти (эмпирик, назарий ёки рефератив) аниқлаб олиниши лозим. Одатда, кафедралар қошида бажариладиган курс ишлари назарий хусусият касб этади. Талаба ўз илмий раҳбари билан келишган ҳолда ўзгача хусусиятга эга бўлган курс ишини ҳам танлаши мумкин. Бу танланган тадқиқот мавзусининг хусусиятига, талабанинг тайёргарлик даражасига, унинг мазкур мавзу билан келажакда шуғулланиш ниятига ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади.
Шундан сўнг талаба илмий адабиётлар таҳлили асосида курс иши режасини тузиши лозим. Режани тузишда қийинчиликлар туғилган ёки талаба режанинг тўғрилиги ва тўлиқлигига шубҳа қилган тақдирда у режа лойиҳасини илмий раҳбарига кўрсатиши даркор. Талаба курс иши мавзусига доир адабиётларни танлашда, тадқиқот предметини белгилашда ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани ҳам илмий раҳбарга мурожаат этиши мумкин.
Талаба эмпирик хусусиятга эга бўлган курс ишини ёзган тақдирда, илмий раҳбар унга амалиётни ўрганиш дастурини тузишда ёрдам кўрсатади.
Илмий раҳбар курс ишини бажариш жараёнида вужудга келадиган барча масалалар бўйича талабага маслаҳатлар беради, унинг нуқтаи назаридаги хатоликлар, бир ёқламаликлар ёки бошқа нуқсонларга талабанинг эътиборини қаратади. Бунда илмий раҳбар талабанинг мустақил фикрлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиши, баҳсли назарий қоидалар хусусида ўз нуқтаи назарини унга ўтказишга ҳаракат қилмаслиги керак.
1.5. Курс ишини ёзиш
Курс ишини ёзишга киришишдан олдин талаба танланган мавзуга доир илмий адабиётларни ўрганиб чиқиши лозим. Бу талабада масаланинг мазмун ва моҳияти ҳақида дастлабки тасаввур пайдо бўлишига хизмат қилади.
Шундан сўнг талаба тегишли ҳуқуқий институтга доир норматив базани таҳлил қилиши лозим. Бунда тармоқ доирасида амал қиладиган қонун ҳужжатларидан ташқари, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида у ёки бу масала қандай тартибга солинганлиги, шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари билан танишиб чиқиш керак.
Курс ишини тайёрлашда мавзуга оид илмий адабиётлар: монография ва мақолаларнинг таҳлил қилиниши ҳам назарда тутилади. Талаба муаммога доир маълумотлардан хабардор эканлигини намойиш этиши лозим, шу боис курс ишида олимларнинг фундаментал асарлари билан бир қаторда охирги беш йил ичида нашр этилган адабиётлардан ҳам фойдаланилиши шарт. Булар монографиялар ва ОАВда эълон қилинган мақолалар бўлиши ҳам мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |