Позицион боғланиш ва базалаш. Ҳар қандай машина ўз функциясини бажариши учун унинг узел ва деталларини маълум аниқликда ўзаро жойлашишини таъминлаш лозим.
Дастгоҳларда механик ишлов бериш жараёнида заготовкалар ҳам ишлов берувчи асбоблар ҳаракат троекториясига ҳамда шу дастгоҳнинг механизм ва узелларига нисбатан туғри ориентирланиши керак (йўналтирувчи суппортлар, фрезалаш ва кесиш каллаклари, тиргаклар, нусхалаш қурилмалари ва бошқалар). Ишлов берилган заготовкаларнинг шакли ва ўлчамлари бўйича хатоликлари кескичнинг кесувчи қирраларининг ва заготовканинг берилган шакл ҳосил қилувчи ҳаракат траекториясидан четга чиқишларига нисбатан аниқланади.
Машиналарни йиғишда детал ва йиғма бирликларни ҳамда дастгоҳларда деталларни тайёрлашда заготовкаларнинг ўзаро ориентирланиши масаласи базалаш орқали хал қилинади.
Умуман, базалаш бу - заготовкани танланган координа системасига нисбатан керакли ҳолатга келтиришдир. Заготовкаларга дастгоҳларда механик ишлов беришда базалаш сифатида заготовкага ишлов берувчи асбобнинг ҳаракат троекториясини аниқловчи дастгоҳ элементларига нисбатан керакли ҳолатни бериш қабул қилинади.
Заготовкаларни мосламаларга ўрнатишда қуйидаги иккита масалани ечишга тўғри келади: заготовкаларни базалаш йўли билан ориентирлаш ва маҳкамлаш йўли билан уларнинг қўзғалмаслигини таъминлаш.
Маълумки, жисмни фазода қўзғалмаслигини тўла таъминлаш учун уни 6 та қўзғалувчанлик даражасидан маҳрум қилиш керак: 1) учта координата ўқи бўйлаб илгариланма силжишидан: 2) кўрсатилган учта ўқлар бўйича айланишдан.
Жисмни эркинлик даражасидан маҳрум қилиш боғланишлар орқали амалга оширилади.
Боғланишлар деганда, позицион (геометрик) ёки кинематик характердаги чекланишлар тушунилиб, улар кўриб чиқилаётган жисмнинг (заготовка ёки детал) нуқталари ҳаракатига қараб қўйилади.
Чекланишлар характерига кўра силжишни чеклайдиган позицион (геометрик) боғланишлар ва тезликни чеклайдиган кинематик боғланишлар фарқ қилинади. Машинасозлик технологиясида, асосан, вақтга боғлиқ бўлмаган ва стационар позицион боғланишлар деб аталадиган боғланишлар билан иш кўрилади.
Умуман, икки томонлама қўйилган олтита позицион боғланишлар жисмнинг OXYZ координата системасига нисбатан берилган ориентирини ва жисмни берилган ҳолатдаги қўзғалмаслигини таъминлайди.