243-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкорлаштириш (легаллаштириш)
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкорлаштириш, яъни жиноий фаолият натижасида топилган мулкни ўтказиш, мулкка айлантириш ёки алмаштириш, шунингдек, жиноий фаолият натижасида олинган мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, ташилиш усулини, мулкка нисбатан ҳақиқий эгалик ҳуқуқининг ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёки сир сақлаш -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноят объекти республика иқтисодий фаолияти, жамоат хавфсизлиги ҳисобланади.
Жиноят предмети айбдорнинг жиноий фаолияти натижасида олинган пул маблағлари ёки бошқа мулк ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят жиноий фаолиятдан олинган дорамадларни ошкорлаштиришда, яъни мулк (пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк) келиб чиқишига турли восита ва услублар билан қонуний тус беришда ифодаланади. Шарҳланаётган модда қоидаларига мувофиқ ошкорлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
* жиноий фаолият натижасида олинган мулкни ўтказиш;
* мулкка айлантириш;
* алмаштириш;
* жиноий фаолият натижасида олинган мулкнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, ташилиш усулини, мулкка нисбатан ҳақиқий эгалик ҳуқуқининг ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёки сир сақлаш.
3. Жиноий фаолиятдан олинган даромад деганда, шахс жиноят содир этиш натижасида, масалан: контрабанда, наркотик моддалар, қурол билан савдо қилиш, ғайриқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб олган даромад тушунилади.
4. Ўтказиш деганда, жиноий фаолиятдан олинган пул маблағлари билан банкларда қандайдир молиявий операцияларни амалга ошириш тушунилади.
5. Айлантириш деганда, ҳар қандай фуқаро ҳуқуқий битим: олди-сотди битимини, алмашиш, ҳадя ва ҳоказо битимларни тузиш ёки жиноий фаолият натижасида олинган даромадларни қонуний тадбиркорлик ёки бошқа ишлаб чиқариш тузилмасини ташкил қилиш ёки иш олиб боришига сарфлаш тушунилади.
6. Алмаштириш деганда, сўмнинг ҳар қандай хорижий валютага конвертацияси тушунилади.
Жиноят шарҳланаётган модданинг диспозициясида қайд этилган ҳар қандай ҳаракат амалга оширилган вақтдан тугалланган ҳисобаланди.
7. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан амалга оширилади. Мотив ва мақсад жиноятни квалификация қилишга таъсир қилмайди.
8. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ва жиноий фаолият натижасида олинган даромадларни ошкорлаштиришда иштирок этган ақли расо шахс ҳисобланади.
9. Айбдор жиноий фаолиятдан олинган даромадларга қонуний тус бериб, уюшган қуролли гуруҳ ёки жиноий уюшма, терроризм фаолиятини молиялаштиришга маблағларни қасддан йўналтирган вазиятларда, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.
10. Агар бу жиноят мансабдор шахс томонидан амалга оширилса, қилмишни жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 243-моддасида назарда тутилган жиноятлар ва аниқ ҳолатларга қараб, ЖК 205 ёки 206-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим.
11. Бундай жиноят учун мансабдор шахс моддий бойлик (қимматликлар) билан тақдирланган ёки моддий даромад олган ҳолатларда қилмишни ЖК 243-моддаси билан бир қаторда, ЖК 210-моддаси бўйича пора олиш сифатида квалификация қилиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |