240-модда. Жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлаши
Суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов вақтида ёки судда гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатув беришни ёхуд экспертнинг хулоса беришни рад этиши ёки бу ишдан бўйин товлаши -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари гувоҳлик кўрсатуви беришни рад этганлиги ёки бундан бўйин товлаганлиги учун жавобгарликка тортилмайдилар.
1. Жиноят-процессуал қонунчилигига (ЖПК 117-моддасига) мувофиқ, гувоҳ ёки жабрланувчининг шахси аниқлангандан ва унга процессуал ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилгандан кейин у кўрсатув беришдан бош тортганлик ва била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиб, бу ҳақда сўроқ баённомаси ёки суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.
Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари кўрсатув беришдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар.
“Суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан аниқланаётган ҳолатлар ўзида давлат сирларини ёки касб сирини ёхуд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёхуд бошқа шахслар ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирганлигини баҳона қилиб, гувоҳ ва жабрланувчи кўрсатув беришдан бош тортишга ҳақли эмас” (ЖПК 118-моддаси).
2. Суриштирув, дастлабки тергов ва суд идораларининг нормал фаолияти, шу билан бирга фуқаролар манфаати жиноят объекти ҳисобланади.
3. Объектив томондан жиноят гувоҳ ёки жабрланувчининг суриштирув, дастлабки тергов жараёнида ёки судда гувоҳлик беришдан, ё бўлмаса экспертнинг хулоса беришни рад этиши ёки бу ишдан бўйин товлашидан иборат бўлади.
Гувоҳ ёки жабрланувчининг кўрсатма беришдан бош тортиши оғзаки ёки ёзма тарзда бевосита ариза бериш билан амалга оширилиши мумкин.
Гувоҳ ёки жабрланувчи кўрсатма бера туриб, ишнинг баъзи жиҳатлари юзасидан ёлғон гувоҳлик берсалар, уларнинг ҳаракатлари, шунингдек, қисман ёлғон хулоса берган эксперт ҳаракатлари ёлғон гувоҳлик бериш сифатида ЖК 238-моддасига бўйича квалификация қилинади.
Гувоҳ, жабрланувчининг кўрсатма беришдан бўйин товлаши деганда, кўрсатма беришдан бош тортиш мақсадида бирон-бир узрсиз сабабларни излаб топиш тушунилади (ўзини касал қилиб кўрсатиш, оғир оилавий аҳволини важ қилиш ва ҳоказо).
Экспертнинг хулоса беришдан бўйин товлаши деганда, ўз малакаси пастлиги, ўзини ёмон сезаётганлиги, ачиниш ҳиссини келтириб чиқариш истаги кабилар тушунилади.
4. Шарҳланаётган жиноят рад этиш ҳақида ариза ёки кўрсатув беришдан сабабсиз бўйин товлаш пайтидан тугалланган ҳисобланади.
5. Суриштирув, дастлабки тергов органи ёки судга гувоҳ, жабрланувчи ёки эксперт сифатида чақирилган ўн олти ёшга тўлган шахслар жиноят субъекти бўлиши мумкин.
6. Жиноят кодекси 240-моддасининг 2-қисмига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари гувоҳлик кўрсатуви беришни рад этганлиги ёки бундан бўйин товлаганлиги учун жавобгарликка тортилмайдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |