241-модда. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш
Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда хабар бермаслик -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Оғир ёки ўта оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яшириш -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги унинг содир этилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўз фаолиятини самарали амалга оширишга, хусусан, жиноятни содир этишнинг олдини олиш бўйича фаолиятига тўсқинлик қилади. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятчиларда ёки жиноят содир этмоқчи бўлган шахсларда жиноятни содир этаётганларида жазоланмаслик, сурбетлик ҳиссиётини уйғотади. Бундан ташқари, шарҳланаётган жиноятнинг содир этилиши баъзи ҳолларда оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этган шахс жавобгарлик ва жазодан қутулиб қолишига ёрдам беради.
2. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш объекти - мазмуни одил судловни амалга оширадиган суд, прокуратура, дастлабки тергов ёки суриштирув идораларининг бир меъёрдаги фаолиятидан иборат бўлган ижтимоий муносабатлар.
3. ЖК 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони ҳаракатсизлик шаклига эга. Ҳаракатсизлик тайёрланаётган, содир этилаётган ёки содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноятлар тўғрисида хабар бермасликдир. Оғир ёки ўта оғир жиноятлар тавсифи ЖК 15-моддасида берилган. Жиноятларнинг бошқа турлари тўғрисида хабар бермаслик шарҳланаётган модда мазмунида жиноий жазоланадиган қилмиш сифатида квалификация қилинмаслиги лозим.
4. Тайёрланаётган жиноят - бу ижтимоий хавфли бўлган қилмишни содир этишни тайёрлашга қаратилган ҳаракатлар. Жиноятга тайёргарлик кўриш зарур қурол, портловчи моддалар, вазиятни ўрганиш, иштирокчиларни қидириш ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин.
(Жиноятга тайёргарлик кўриш ҳақида батафсилроқ ЖК 25-моддаси шарҳига қаранг.)
5. Содир этилган жиноят - жиноятнинг тугалланган таркибини ташкил қилувчи ҳаракатлар. Содир этилган жиноят каби, жиноят содир этишга суиқасд қилиш ҳам шарҳланаётган модда доирасида кўриб чиқиш керак.
(Жиноят содир этишга суиқасд қилиш ҳақида батафсилроқ ЖК 25-моддаси шарҳига қаранг.)
6. Тайёрланаётгани аниқ маълум бўлган ёки содир этилган жиноят ҳақида айбланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари: суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура ва судга хабар бермаган ҳолдагина хабар бермасликни тан олиш мумкин. Бундай органларга хабар бериш ёзма ёки оғзаки; шахсан ёки воситачи орқали; аноним ёки очиқ тарзда амалга оширилиши мумкин, хабар беришнинг шакли ва тури аҳамиятга эга эмас.
7. Мазкур модда бўйича жавобгарлик юзага келишининг муҳим шарти - маълумотлар айбдорга аниқ маълум бўлиши лозимлиги.
Аниқ маълумотлар деб, шахсда уларнинг ҳақиқийлигига ишонч туғдирадиган характерли манбалардан олинган маълумотлар ҳисобланади.
8. Қонунда шахс унга маълум бўлган, тайёрланаётган ёки содир этилган жиноят ҳақида маълумот бериши муддати кўрсатилмаган. Бундай муддат деб шахсга жиноят ҳақида маълум бўлганидан кейинги энг қисқа муддат тан олинади. Шу муддат мобайнида шахс тегишли органларга бу ҳақда маълумот бериш имкониятига эга бўлиши лозим.
9. Хабар бермаслик факти, вужудга келган оқибатларга қарамасдан, тугалланган жиноятни ташкил қилади.
10. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор унга қонун томонидан юклатилган бурчини - аниқ маълум бўлган, тайёрланаётган, содир этилган оғир ёки ўта оғир жиноят ҳақида хабар беришни - бажармаётганлигини билади ва шуни хоҳлайди. Ушбу жиноятнинг содир этилиш сабаблари турли бўлиши мумкин: бошқаларнинг ишига “аралашишни” хоҳламаслик; тахмин қилинган тажовуздан қўрқиш, ғаразгўйлик ва ҳоказо. Аммо улар қилмишни квалификация қилишга таъсир қилмайди, бироқ суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олиниши мумкин.
11. Шарҳланаётган жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин. Ўз хизмат вазифаларига кўра ўзларига маълум бўлган, тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятлар ҳақида хабар беришга мажбур бўлган ва улар ҳақида хабар бермаётган мансабдор шахслар мансаб совуққонлиги ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги учун жавобгарликка тортилади.
12. ЖК 31-моддаси таъсири остида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг яқин қариндошлари шарҳланаётган жиноят таркибининг субъектлари бўлмайдилар.
(Яқин қариндошлар тушунчаси ҳақида Жиноят кодекси Махсус қисми VIII бўлимига қаранг.)
13. ЖК 241-моддаси 2-қисми оғир ёки ўта оғир жиноятларни олдиндан ваъда бермасдан яшириш учун жавобгарликни назарда тутади.
14. Яшириш объектив томондан айбланувчи жиноятчини, унинг жинояти изларини, оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этишдаги восита ва қурол-яроғини ёхуд оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этиш натижасида олинган буюм ва қимматбаҳо нарсаларни беркитишда ифодаланиши мумкин.
Жиноятчини яшириш - бу унга бошпана, транспорт воситалари бериш, қалбаки ҳужжатлар билан таъминлаш, ташқи қиёфасини ўзгартиришда ёрдам бериш.
Жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини яшириш - жиноят содир этилган қурол ва бошқа нарсаларни яшириш, беркитиш ёки уларни йўқ қилиш ёки ўзгартириш.
Жиноят изларини ёки жиноят йўли билан олинган нарсаларни яшириш, уларни беркитиш, бошқа жойга олиб бориш, йўқ қилиш ташқи кўринишини ўзгартириш, завод тамғаси детал номерини қалбакилаштириш йўли билан амалга оширилади.
15. Шахс жиноятчини жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этиш натижасида олинган нарса ва қимматбаҳо буюмларни яширишга йўналтирилган ҳаракатларни амалга оширганда жиноят тугалланган деб топилади.
16. Ёрдамчи тарзидаги иштирокчиликдан фарқли равишда, мазкур модда маъносида яшириш оғир ёки ўта оғир жиноят содир этилгандан сўнг айбдор томонидан амалга оширилади, шунинг учун у содир этилган жиноят ва унинг оқибатлари билан сабабий боғланишда эмас. Бундан ташқари, оғир жиноят ёки ўта оғир жиноят содир этилгунча айбдор у ҳақида билмайди ва жиноят изларини олдиндан йўқ қилишга ваъда бермайди.
17. Агар яшириш доимий хусусиятга эга бўлса, бу бажарувчига жиноятни содир этишда ёрдамлашишни ҳисобга олиши учун асос бўлади ва унинг ҳаракатларини иштирокчилик сифатида квалификация қилиш лозим.
18. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан тавсифланади. Шахс оғир ёки ўта оғир жиноятни яшираётганини билади ва буни хоҳлайди.
Жиноятнинг мотиви турлича (ғаразгўйлик, жиноятчидан қўрқиш, одил судлов органларидан ўч олиш, яширилаётган шахс билан қариндошлик, яқин дўстлик муносбаатлари ва ҳоказолар) бўлиши мумкин.
Яшириш мақсади ва мотиви жиноят таркиби чегарасидан ташқарида бўлади ва суд томонидан жазо тайинлашда ҳисобга олинади.
19. Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс яшириш субъекти бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |