214-модда. Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш
Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш, яъни давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахс бўлмаган хизматчисининг хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажариши ёки хизмат кўрсатиши эвазига ҳақ беришни ёки мулкий йўсиндаги манфаатни талаб қилиши, шунингдек, шахсни қасддан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорида жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти - давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг нормал фаолияти, нуфузи, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари.
Жиноят предмети моддий қимматликлар ёки мулкий йўсиндаги манфаат бўлиши мумкин.
2. Жиноят объектив томондан:
* биринчидан, давлат органининг, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг, жамоат бирлашмасининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахс бўлмаган хизматчисининг хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажариши ёки хизмат кўрсатиши эвазига ҳақ беришни ёки мулкий йўсиндаги манфаатни талаб қилиши;
* иккинчидан, шахсни қасддан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиш орқали содир этилади.
Жиноятнинг объектив томони қўйидагиларни ўз ичига қамраб олади:
* актив ҳаракат шакли, яъни ҳақ ёки мулкий йўсиндаги манфаатни талаб қилишни ҳамда пассив ҳаракат шакли - ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйишни;
* ушбу талабнинг ғайриқонунийлигини.
Қонун товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилганлик учун жиноий жавобгарликни бирон-бир оқибат юзага келиши билан боғламайди. Хизматчини жавобгарликка тортиш учун ЖК 214-моддасининг диспозициясидаги ҳаракатлар содир этилишининг ўзи етарлидир.
3. Товламачилик - бу хизматчининг моддий ҳақ ёки мулкий йўсиндаги манфаатдорлик олишга қаратилган ҳаракати бўлиб, унинг у ёки бу ҳаракат содир этиш борасидаги мажбурияти ва хизмат вазифаси билан боғлиқ. Лекин хизматчи уларни қасддан содир этмайди, балки ҳаракат бажарилишини пайсалга солади ёки бошқа усулда шахсни қасддан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўяди.
Қонун товламачилик йўли билан ҳақ талаб қилишнинг икки ҳолатини ажратиб берди.
Биринчи ҳолатда, хизматчи иш бажариш ёки хизмат кўрсатиш учун очиқдан-очиқ ҳақ беришни талаб қилади (бунда хизматчи белгиланган тартиб ва ҳуқуқий нормаларни бузмаган ҳолда уларни бажариши мажбурий);
Иккинчи ҳолатда, хизматчи тўғридан-тўғри ҳақ талаб қилмайди. Лекин ҳақ олиш мақсадида у ёки бу иш (хизматни) бажаришни қасддан пайсалга солади (хизматчи бу ишни хизмат вазифаси юзасидан бажаришга мажбур бўлса ҳам) ва шу орқали ҳақ берувчи шахсни ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши, шунингдек, кутилаётган зарар етказилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўяди.
4. Ҳақ (манфаат) беришни талаб қилиш деганда, хизматчининг ўз хизмат мажбуриятлари доирасига кирадиган маълум иш ёки хизматни бажариш эвазига моддий бойлик, пул, даромад, мулкий фойда беришни очиқдан-очиқ талаб қилиши тушунилади. Ноқонуний ҳақ талаб қилиш шунда кўринадики, хизматчи бажарган иш ёки кўрсатган хизмати учун иш берувчидан аниқ белгиланган ҳақ олади ва айни маҳалда манфаатдор шахсдан мукофот (музд) талаб қилади, бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш орқали содир этилади. Масалан, бозор маъмурияти ишчиларнинг (мансабдор шахс бўлмаган) хўжалик юритувчи субъектдан белгиланган бир марталик ва бошқа йиғимлар миқдоридан кўп миқдорда пул беришни талаб қилиши.
5. Фуқарони қасддан ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйиш деганда, хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳолатда ҳаракатсизлик қилиши, ўз хизмат мажбуриятларини бажаришдан асоссиз бош тортиши, иш (хизмат) бажаришни пайсалга солиши тушунилади. Бу шаклга, шунингдек, белгиланган муддатда ва тегишли сифатли иш бажарилиши ёки хизмат кўрсатилишига тўсқинлик қилишга йўналтирилган ҳаракатлар киради. Хизматчи вақт йўқлиги, қўшимча ҳаракатсиз ишни бажариши мумкин эмаслиги, қўшимча қисм ва механизмларнинг етишмаслигини баҳона қилиб иш бажариш, хизмат кўрсатишдан асоссиз бош тортиши ёки пайсалга солиши мумкин.
Шахсни фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қасддан бузилишининг олдини олиш учун ҳақ беришга мажбур этадиган аҳволга солиб қўйишни квалификация қилишда субъектив томон ва хизматчининг бундай пассив ҳаракатларини амалга ошириш мақсадини инобатга олиш лозим. Акс ҳолда хизматчининг ҳеч қандай мулкий манфаатсиз иш (хизмат) бажаришни пайсалга солиш борасидаги пассив ҳаракатини хизмат вазифаларига виждонсизларча муносабатда бўлиш бўйича квалификация қилиш лозим бўлади.
6. Объектив томоннинг зарурий белгиси ғайриқонуний равишда товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилишдир.
Ғайриқонуний ҳақ бериш деганда, белгиланган нарх, тарифларга қўшимча равишда маълум миқдордаги маблағни ёки текинга бажарилиши лозим бўлган хизмат учун тўланган ҳақни тушуниш лозим.
Ҳақ беришнинг қонунга хилофлиги:
* биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муайян ишлар (хизматлар)ни бажариш мажбуриятидан;
* иккинчидан, бу мажбурият хизмат мажбурияти доирасига кириб, хизматчи белгиланган ҳақни иш берувчидан олади, шу билан бирга моддий ҳақ ёки мулкий йўсиндаги манфаат талаб қилиш норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, таъсис ва бошқа ҳужжатлар чегарасидан ташқари бўлиб, хизматчининг мақсади ғайриқонуний бойиш ва қонунга хилоф равишда мулкий йўсиндаги манфаатлар олишдан келиб чиқади (Қонунга хилоф равишда ҳақ бериш ҳақида батафсилроқ ЖК 213-моддаси шарҳига қаранг).
7. Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш жиноятни тўғри квалификация қилиш учун берилаётган ҳақнинг бевосита хизмат вазифаси билан боғлиқлиги, яъни ҳақ берилиши талаб қилинаётган иш (хизмат) хизматчининг хизмат вазифасига кириши керак. Бу шуни англатадики, хизматчи тўғридан-тўғри унинг хизмат мажбуриятларига кирадиган ишларни бажаради ва хизматларни кўрсатади. Акс ҳолда хизматчининг хизмат вазифасига кирмайдиган ишнинг бажарилиши (хизмат кўрсатилиши) мазкур жиноят таркибини ташкил этмайди.
8. Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш жинояти у ёки бу мулк кўринишидаги товламачилик предметининг олиниши билан ёки ҳақ ё унинг бир қисмини олаётган шахс, унинг оила аъзолари ва бошқа шахслар томонидан қонунга хилоф равишда мулкий характердаги хизматлардан фойдаланган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади.
Агар товламачилик қилаётган шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра ҳақни олиш амалга ошмаган бўлса, агар жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, унинг ҳаракатлари ЖК 25-моддаси 2-қисми ва ЖК 214-моддаси 1-қисми бўйича товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилишга суиқасд қилиш сифатида квалификация қилинади.
9. Фуқаро бирор шахсга унинг хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажарганлиги учун ўз хоҳиши билан қўшимча ҳақ тўлаган ҳолларда, ҳақ олган шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди. Масалан, яхши хизмат кўрсатгани учун шифокорга бериладиган миннатдорчилик ва ҳоказо. Жиноий жавобгарликнинг юзага келиши учун қонунга хилоф равишда талаб қилинган ҳақнинг қачон олинганлиги, яъни ҳақ талаб қилаётган шахснинг маълум ҳаракатни бажаришдан олдин ёки кейин ҳақ олиши аҳамиятга эга эмас.
10. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Айбдор шахс ижтимоий хавфли ҳаракат содир қилаётганлигини англайди, ўзинин ҳаракати фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузишини билади (тушунади) ва шуни хоҳлайди.
11. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган, давлат органи, мулк шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот, муассаса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ишлаётган шахс бўлиши мумкин.
12. ЖК 214-моддаси 2-қисмида:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда ҳақ беришни талаб қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
13. Муайян иш бажарганлик ёки хизмат кўрсатганлик учун қонунга хилоф равишда ҳақ талаб қилишни такроран содир этиш деганда, ушбу модда диспозициясида кўрсатилган ҳаракатларни камида икки марта содир этиб, олдин содир этган жинояти учун шахс:
* жиноий жавобгарликдан озод этилмаганлиги;
* жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетмаганлиги тушунилади.
Бир вақтнинг ўзида бир неча шахсдан уларнинг ҳар бири учун иш бажариш, хизмат кўрсатиш орқали ҳақ бериш талаб қилинса, ЖК 214-моддаси 2-қисмининг “а” банди бўйича квалификация қилиш даркор (такроран жиноят содир қилиш). Аксинча, бир вақтнинг ўзида бир неча шахсдан ягона ишни бажариш, хизмат кўрсатиш учун қонунга хилоф равишда ҳақ бериш талаб қилинса, такроран жиноят содир этиш ҳисобланмайди. Агар жиноят давомий характерга эга бўлса, яъни бир ишни (хизматни) бажарганлик учун бир неча ҳаракатлар билан, қисмларга бўлиб ҳақ олинса, такроран жиноят ҳисобланмайди (Хавфли рецидивга оид масалалар тўғрисида ЖК 34-моддаси шарҳига қаранг).
14. Товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилишни кўп миқдорда содир этиш деганда, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдордаги ҳақни талаб қилиш тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |