216-модда. Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш
Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ва ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш -
энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, - дейилади.
Конституциянинг 34-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас”, - деб таъкидланади.
2. Жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолияти ва уларни ташкил этиш билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, 1998 йил 1 майдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги ҳамда 1999 йил 14 апрелдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлари билан тартибга солинади.
3. “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасида.
“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ: “Ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмасидир”.
Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий техникавий, маданий-маърифий, физкультура-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари, фондлар, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади.
Жамоат бирлашмаларининг турлари, улар фаолиятининг тартиби ва шартлари, аъзолик, таъсис ҳамда фаолият ва ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар, шунингдек, бошқа масалалар ечими ушбу қонун билан тартибга солинади.
4. Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.
Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.
Диний ташкилотлар фаолияти, тартиб-шартларини, ҳужжатларни мувофиқлаштириш, рўйхатга олиш шарт-шароитлари ва бошқа масалалар ушбу қонунга мувофиқ ҳал этилади.
5. “Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади”, - деб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида таъкидланади. Ушбу моддага кўра, махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади.
6. “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фаолияти жамиятнинг ахлоқий негизларини, умумбашарий инсонпарварлик қадриятларини бузишга қаратилган, шунингдек, конституциявий тузумни ғайриқонуний йўл билан ўзгартириш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг бирлигини бузиш, урушни, зўравонликни ва шафқатсизликни, жамиятни парчалашга олиб борадиган ижтимоий, шу жумладан синфий, шунингдек, ирқий, миллий ва диний адоватни авж олдириш, қонун билан тақиқланган бошқа хатти-ҳаракатлар қилиш мақсадини кўзлайдиган жамоат бирлашмаларининг тузилишига йўл қўйилмайди.
Ҳарбийлаштирилган жамоат бирлашмалари ва қуролли тузилмалар, шунингдек, диний характерга эга бўлган партиялар, уларнинг филиаллари ва бошқа тузилмавий бўлинмалар ташкил этиш тақиқланади.
Аҳолининг саломатлиги ва ахлоқига, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тажовуз қиладиган жамоат бирлашмаларини тузиш ман этилади.
7. Шарҳланаётган модданинг объекти жамоат бирлашмаларини тузиш ёки фаолиятнинг белгиланган тартиби, шунингдек, жамиятнинг ахлоқий негизлари, жамият хавфсизлиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатлари ҳисобланади.
8. Объектив томон қуйидагиларни ўз ичига олади:
* ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш;
* уларнинг фаолиятида фаол қатнашиш.
Айбдор шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун объектив томон ҳаракатларининг бири содир этилганлиги зарур бўлади.
Тақиқланган жамоат бирлашмасини ёки диний ташкилотни тузиш деганда, тақиқланган жамоат бирлашмасини ёки диний ташкилотни ташкил этиш мақсадида содир этилган ҳар қандай хатти-ҳаракатни тушуниш керак. Масалан, фаолияти тақиқланган бирлашмаларга одамларни жалб қилиш, уларнинг низом ва дастурларини ишлаб чиқиш, бундай бирлашмалар учун жой излаб топиш ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Қилмишни квалификация қилиш учун жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни тузиш ғайриқонуний, яъни рўйхатга олиш тартибини бузиш, бутун фаолияти ҳуқуққа қарши, зид бўлган ҳаракатлар бўлиши зарур.
Қонунчиликка мувофиқ, жамоат ёки диний ташкилотлар тузиш учун қуйидагилар талаб қилинади:
* биринчидан, жамоат бирлашмалари (диний ташкилотлар) ҳаракатлари ва тузиш мақсад ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив актлари ва республика қўшилган халқаро конвенциялар ва келишувларга қарши руҳда бўлмаслиги керак;
* иккинчидан, адлия муассасаларида рўйхатдан ўтиш каби талабларга оид ўрнатилган тартибга риоя қилиш зарур;
* учинчидан, бундай ташкилотларга аъзоликка доир бир қатор иш юритиш қоидаларига риоя қилиш, таъсис ҳужжатлари (устав, таъсис шартномаси, низом)га мувофиқ шакл ва мазмунда бўлиш, шунингдек, бошқа қоидалар, яъни жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотлар тузиш ва фаолиятини амалга оширишни белгиловчи қоидаларга риоя қилиши лозим.
Ушбу қонунчилик ҳолатларини бузиш ғайриқонуний ташкилот деб квалификация қилиш учун асос бўлади.
Тақиқланган жамоат бирлашмалари ва (ёки) диний ташкилотлар фаолиятини қайта тиклаш деганда, суд тартибида тақиқланган жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотлар фаолиятини давом эттириш ҳаракатларини содир этиш тушунилади. Бу ҳаракатлар бирлашма фаолиятини молиялашни давом эттириш, унинг аъзоларини йиғиш, шунингдек, бошқа ҳар қандай фаолият: унинг фаолиятини тарғиб, ташвиқ қилиш, маблағларни йиғиш ва янги дастурлар ишлаб чиқиш, тугатилган жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотлар номидан тақиқланган фаолиятларни давом эттиришга ташвиқ қилиш ва шу кабилар тушунилади.
Тақиқланган жамоат бирлашмаси ёки диний ташкилот фаолиятини қайта тиклаш фақатгина суднинг тугатилган ва тақиқланган фаолиятни тиклаш тўғрисидаги қарори ва ушбу ҳужжатнинг қонуний кучга кириши асосида содир бўлади.
9. Ғайриқонуний ташкилотларда қатнашиш деганда, ташкилот (бирлашма) таркибида қандайдир фаолиятни бажариш тушунилади. Яъни бирлашма (ташкилот) мақсадини тан олиш ҳамда шу мақсад йўлида турли хил ишларни бажариш, ғайриқонуний бирлашма (ташкилот) фаолиятини таъминлаш ва шу кабиларда ифодаланади. Оддий қатнашувнинг ўзи қонуннинг моҳияти бўйича алоҳида жиноят ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди, балки фақат фаол қатнашувгина жавобгарликни келтириб чиқаради.
10. Ғайриқонуний ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиш деганда, ғайриқонуний ташкилотлар фаолиятида ҳар қандай хатти-ҳаракатлар билан қатнашиш, жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар тугатилганлиги ҳақидаги қарор бўлишига қарамай, унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган, шунингдек, бошқа фаолият, бу ташкилотларнинг ноқонуний фаолиятларини амалга оширишга ёрдам берувчи хатти-ҳаракатлар тушунилади. Фаол иштирок этиш сифатида бундай бирлашма (ташкилот)ларнинг турли хил фаолиятларини бажарувчи, унинг мақсадидан келиб чиқувчи ва эришиш воситалари ўлароқ, турли ҳаракатларни бажариш: вазифаларни тақсимлаш, ички бошқарувни амалга ошириш ва бошқаларга раҳбарлик қилиш муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, фуқароларни фуқаролик бурчларини бажармасликка чақирувчи, бундай ташкилотлар таркибида доимий вазифаларни бажарувчи ва шу каби бошқа ҳаракатларини амалга оширишини фаол иштирок этиш деб этироф этиш лозим.
11. Жиноят тақиқланган жамоат бирлашмаси ёки диний ташкилот тузиш ёки фаолиятини қайта тиклаш, уларнинг фаолиятида фаол қатнашиш ҳаракатлари содир этилган вақтдан бошлаб тугалланган деб эътироф этилади.
12. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор шахс ўзининг тақиқланган жамоат бирлашмаси (диний ташкилот) тузиш ёки фаолиятини қайта тиклаш каби қилмишининг ижтимоий хавфли эканлигини англайди ва ушбу фаолиятни амалга оширишни истайди. Тақиқланган жамоат бирлашмаси (диний ташкилот) фаолиятида фаол иштирок этувчи шахс ўзининг унга мансублигини, унинг таркибидаги амалий ҳаракатларнинг аҳамияти ва ўрнини ва шу кабиларни англаб етади ва унда иштирок этишни истайди.
13. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган тақиқланган жамоат бирлашмасининг фақат ташкилотчилари ёхуд фаол қатнашчилари бўла олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |