180-модда. Сохта банкротлик
Сохта банкротлик, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
1. Шарҳланаётган ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, у содир этилиши билан бозор иқтисодиётининг асосий қонунлари бузилади, халқ хўжалигининг нормал фаолият кўрсатиши издан чиқади, бозор иқтисодиётига ўтиш сиёсатини амалга ошириш қийинлашади, чунки бозор иқтисодиётига асосланган иқтисодий тизимнинг ўзи молиявий маблағдан маҳрум бўлади. Бундан ташқари, ушбу ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш тадбиркорларнинг, фуқароларнинг хўжалик субъектлари ёки контрагентлар фаолияти барқарорлигига ишончини сусайтиради ва ижтимоий низолар келиб чиқиши хавфини туғдиради.
2. Мазкур жиноятнинг объекти бозор иқтисодиётида ўрнатилган қоидаларни амалга ошириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар, кредиторлар манфаатлари ва баъзи ҳолларда давлат манфаатлари ҳисобланади.
Бевосита объект эса хўжалик субъектини банкрот деб эълон қилиш тўғрисидаги қонуний белгиланган тартиб ҳисобланади.
3. Банкротлик (иқтисодий ночорлик) деганда, “хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги”, тушунилади. Уларга солиқлар, йиғимлар ва давлатнинг мақсадли фондларига бошқа мажбурий тўловлар киради.
Банкрот деб фақатгина унинг аломатлари мавжуд бўлгандагина эълон қилиш мумкин, хусусан:
* қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар юзага келган кундан эътиборан уч ой (йирик корхоналар учун олти ой) давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса. Фуқаро олдида хўжалик субъекти, шунингдек, унинг муассислари (иштирокчилари) - иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича ҳаёт ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгарликни ўтаётган бўлса, мазкур фуқаро уларнинг кредитори ҳисобланмайди;
* қарздорнинг мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой (йирик корхоналар учун олти ой) давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса.
Жамоат ташкилотлари, адвокатлик идоралари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва бошқа шунга ўхшаш нотижорат ташкилотларга нисбатан банкротлик қоидалари қўлланилмайди. Бироқ матлубот кооперативлари ва ижтимоий фондлар каби нотижорат ташкилотларга банкротлик қоидалари қўлланилади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги "Банкротлик тўғрисида"ги (янги таҳрирда) Қонунига кўра, юридик шахс ёки якка тадбиркор фақат хўжалик суди томонидан иқтисодий ночор деб топилиши мумкин. Суддан ташқари бажариладиган таомиллар судгача санация қилиш ёки қарздорни ихтиёрий равишда тугатиш (фаолиятини тугатиш) бўлиши мумкин.
4. Объектив томондан жиноят хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши натижасида кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишида намоён бўлади.
Банкрот деб эълон қилиш деганда, хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий ночор ҳисобланиши, яъни кредиторлар олдида ўзининг мажбуриятлари бўйича тўлиқ жавоб бера олмай қолиши тўғрисида маълумотлар тарқатиш тушунилади.
Бошқа маълумотлар, масалан, шаън ва қадр-қимматга тажовуз қилувчи, ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар сохта банкротлик деб қаралиши мумкин эмас.
5. Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, банкротликни эълон қилиш қонунчиликда белгиланган доирада қуйидаги ҳаракатлардан бирини содир этгандан сўнггина амалга оширилиши мумкин:
* банкротлик аломатлари юзага келган тақдирда, қарздор юридик шахснинг раҳбари, якка тартибдаги тадбиркор қарздори бу ҳақда қарздорнинг муассисларига (иштирокчиларига), бошқарув органларига ёки қарздорнинг мол-мулки эгасига судгача санация ўтказиш мақсадида банкротлик белгилари ҳақида ёзма шаклда хабар қилиши шарт;
* лозим даражада хабардор этиш деганда, кредиторга, ваколатли органга, шунингдек, ушбу Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ кредиторлар йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бошқа шахсга кредиторлар йиғилиши ўтказилиши ҳақидаги хабарни кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин почта алоқаси орқали ёки бундай хабар кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санадан камида беш кун олдин олинишини таъминловчи бошқа усул билан юбориш тушунилади;
* кредиторни ёки кредиторлар йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бошқа шахсни шахсан хабардор қилиш учун зарур маълумотлар (қарздор юридик шахснинг номи ва жойлашган ери; кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой; кредиторлар йиғилишининг кун тартиби; кредиторлар йиғилиши кўриб чиқадиган материаллар билан танишиш тартиби; кредиторлар йиғилиши иштирокчиларини рўйхатга олиш тартиби; қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи)ни аниқлаш имкони бўлмаганда ёхуд мазкур шахсларни шахсан хабардор этиш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, кредиторлар йиғилиши ҳақидаги хабарнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда расмий нашрда эълон қилиниши ана шундай шахсларни тегишли равишда хабардор этиш деб эътироф этилади;
* хўжалик судида ишни кўриб чиқиш натижасида чиқарилган суд ҳужжатидан қатъи назар, хўжалик судида банкротлик тўғрисида ишни қўзғатиш.
6. Сохта банкротликнинг ўзига хос жиҳати банкротлик тўғрисида тарқалаётган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини билиш ҳисобланади. Бошқача айтганда, хўжалик юритувчи субъект ҳақиқатда кредиторлар олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлгани ҳолда, уларни бажаришдан атайлаб бўйин товлаб, ўзини банкрот деб эълон бериши, била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон беришидир. Била туриб банкротлиги ҳақидаги ёлғон маълумотни эълон қилишнинг асосий шарти ўзининг ночорлиги ҳақидаги ёлғон маълумотни, яъни ҳақиқий ҳолатга тўғри келмайдиган маълумотни қонунда белгиланган тартибда эълон қилиши ҳисобланади. Хўжалик юритувчи субъект қонунда белгиланган тартибни бузиб, ўзининг иқтисодий ночорлигини эълон қилиш ҳоллари сохта банкротлик эмас, балки фирибгарликни вужудга келтиради.
7. Хўжалик юритувчи субъектнинг кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилган пайтдан эътиборан сохта тадбиркорлик тугалланган деб ҳисобланади. Мазкур кўп миқдордаги зарар сохта тадбиркорлик жинояти объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади. Фуқаро олдида хўжалик субъекти, шунингдек, унинг муассислари (иштирокчилари) - иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича фуқаро ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар учун жавобгарликни ўтаётган бўлса, мазкур фуқаро уларнинг кредитори ҳисобланмайди.
(Кўп миқдордаги зарар тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг Махсус қисми VIII бўлимига қаранг.)
Кўп миқдорда зарарнинг йўқлиги фақатгина фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни келтириб чиқаради. Агар айбдор шахсларнинг ҳаракатлари кўп миқдорда зарар етказишга қаратилган бўлиб, бироқ айбдорларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда бундай оқибат келиб чиқмаган бўлса, уларнинг қилмишини сохта банкротликка суиқасд сифатида деб квалификация қилиш лозим.
8. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Айбдор ўзини ёки тижорат ташкилотини била туриб ёлғон равишда банкрот деб эълон қилаётганлигини англаб етади, кредиторларнинг манфаатларига кўп миқдорда зарар етказаётганлигини билади ва шуни хоҳлайди ёки била туриб шунга йўл қўяди.
Қоида бўйича, шарҳланаётган ушбу жиноят ғаразли мотив бўйича содир этилади, лекин бошқа мақсадлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин.
9. Жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс ва тадбиркорлик билан шуғулланувчи, хўжалик субъекти номидан ҳаракат қила оладиган, яъни хўжалик судига банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин бўлган шахс ҳисобланади. Бундай шахслар сифатида юридик шахснинг раҳбарлари, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва хўжалик субъекти номидан банкротлик тўғрисида ишни қўзғаш ваколатига эга бўлган бошқа шахслар (масалан, тугатиш комиссияси аъзолари) ҳисобланади.
ЖК 180-моддаси билан жавобгарликка хўжалик субъекти номидан хўжалик судида банкротлик тўғрисида ишни қўзғатиш ваколатига эга бўлмаган, бироқ қонун бўйича кредиторларнинг йиғилиши тўғрисида хабарлар юбориш ёхуд бошқа шахслар (масалан, кредитор, прокурор, давлат солиқ инспекцияси) номидан хўжалик субъектининг банкротлиги тўғрисида ишни қўзғатиш ваколатига эга бўлган шахслар ҳам тортилади. Юқоридаги шахслар сохта банкротлик бўйича, фақатгина хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига ёрдам бериш мақсадида, уни иқтисодий ночорлигини ҳақиқатга тўғри келмаслигини била туриб, бу ҳақда эълон қилган ҳолатлардагина жавобгарликка тортилади. Бундай ҳолатда ушбу шахслар ЖК 180-моддаси бўйича жавобгарликка тортилишида ЖК 28-моддаси 4-қисмига ҳавола қилинади, шарҳланаётган жиноят бўйича айнан хўжалик субъекти номидан ҳаракат қилган шахс эса фақатгина бажарувчи сифатида ЖК 180-моддаси бўйича жавобгарликка тортилади.
10. Ушбу модданинг 2-қисмига мувофиқ, етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги ҳақидаги рағбатлантирувчи норма белгиланган. Ушбу қоида ЖК 167-моддаси 4-қисми таҳлилида шарҳланган бўлиб ушбу моддага нисбатан бошқача хусусиятга эга эмас.
11. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “сохта банкротликка доир ишларни кўришда ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиш ва бундай қаллобликнинг ҳақиқий ташкилотчиларини аниқлаш шарт, зеро мазкур ташкилотларга уларни ташкил этишга алоқаси бўлмаган шахслар, яъни сохта шахслар ҳам расман раҳбарлик қилишлари мумкин”.
Do'stlaringiz bilan baham: |