176-модда. Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш
Ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш ёки уларни ўтказиш -
беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Таҳлил қилинаётган модда халқаро характерга эга жиноят бўлиб, унга қарши 1931 йил 20 апрелда қабул қилинган “Пул белгиларини қалбакилаштиришга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция асосида кураш олиб борилади. Ушбу Конвенцияга мувофиқ, “пул белгилари ва қимматли қоғозларни қалбакилаштириш билан шуғулланувчи шахслар қаерда жиноят содир этиши, қайси давлат фуқароси бўлиши ва ҳаракатлари қайси иштирокчи-давлатнинг пул тизимига қаратилганлигидан қатъи назар жиноий жавобгарликка тортиладилар”.
2. Таҳлил қилинаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни ясаш ё уларни ўтказиш билан шуғулланувчи шахслар давлатнинг пул-кредит тизимига зарар келтириб, инфляциянинг пайдо бўлиши ва ривожланишига, иқтисодий беқарорликка, республиканинг иқтисодиётига зарар етказади. Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида ушбу жиноятнинг хавфлилиги айниқса ошади. Пул оборотини бошқаришни қийинлаштиради. Чунки пул эмиссияси давлат томонидан товар ва пул мутаносиблигини инобатга олиб амалга оширилади. Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказишнинг ижтимоий хавфлилиги, аввало, шундан иборатки, бу ҳаракатларни содир этиш қоғоз пул ёки қимматли қоғозлар кўпайиб кетишига, яъни пул ва товар массасининг ўзаро мутаносиблиги бузилишига сабаб бўлади. Муомалада товар билан таъминланмаган қоғоз пуллар пайдо бўлади, бу пулнинг қадрсизланишига, иқтисодий беқарорликка сабаб бўлади, давлат иқтисодиётининг асосларига путур етказади.
3. Жиноятнинг объекти давлатнинг пул ва кредит тизими нормал фаолият олиб боришини таъминловчи муносабатлардир.
Жиноятни содир этишда фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига берилган ваколатлар бузилади. Ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясашдан мақсаддан яна бири бу солиқ тўламасликдир.
4. Жиноятнинг предметини қуйидагилар ташкил этади:
* Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг банк билетлари (банкнотлар), яъни Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган ва кафолатланган пуллар (сўмлар) - 1 сўмдан 1000 сўмгача.
* Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай металл тангалари, шу жумладан олтин, кумуш ва платина тангалар (бу тангалар сони чекланганлиги туфайли, асосан, тўлов воситасидан кўра кўпроқ, коллекция буюми сифатида фойдаланилади);
* акциз маркалар - товарларнинг айрим турларига (жумладан, алкаголь ва тамаки маҳсулотларга) акциз солиғи сифатидаги тўлов. Алоҳида давлат матбаа бирлашмалари томонидан чиқарилади;
* қимматли қоғозлар жумласига қуйидагилар: облигация, вексель, чек, депозит ва жамғарма сертификатлари, банкнинг тақдим қилувчига пул бериладиган жамғарма дафтарчаси, коносамент, акция ҳамда қонун ҳужжатлари билан қимматли қоғозлар жумласига киритилган бошқа ҳужжатлар киради;
* чет эл валютаси - тегишли хорижий давлатда муомалада бўлган ва қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнот кўринишдаги чет эл пул белгилари, шунингдек, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган, ўша чет давлатнинг пул белгиларига алмаштирилиши лозим бўлган чет эл пул белгилари ҳисобланади;
* чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар - чет эл валютасидаги фонд бойликлари (акциялар, облигациялар ва бошқалар), чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари (чеклар, векселлар, аккредетивлар ва бошқалар), шу жумладан йўл чекларидир.
5. Мазкур предметлар Ўзбекистон ҳудудида ёки бошқа давлатлар ҳудудида қалбакилаштирилган ёки ўтказилган пайтдан бошлаб, уларни қалбакилаштириш ёки ўтказишнинг жиноят эканлиги қайд этилиши даркор.
Муомала - бу:
* Марказий банк муомалага чиқарган банкнот ва тангалар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўловларнинг барча турларида ёзилган қиймати бўйича қабул қилиниши, шунингдек, ҳисоб вараққа, омонатга ўтказиш ва жўнатма сифатида ўтказиш учун қабул қилиниши мажбурийлигидир;
* банкнот ва тангалар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўловларнинг барча турларида ёзилган қиймати бўйича қабул қилиниши, шунингдек, ҳисобвараққа, омонатга ўтказиш ва жўнатма сифатида ўтказиш учун қабул қилинади;
* қимматли қоғозлар - ўз эмитентлари томонидан қонуний ва ҳақиқий мажбурият сифатида қабул қилинади.
Ўтказиш мақсадида муомалада бўлмаган (масалан, СССР пуллари ёки тугатилган акционерлик жамияти акциялари), банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясаш ё уларни ўтказиш ЖК 176-моддаси бўйича жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди, сабаби улар республика иқтисодиётига ва солиқ тизимига зарар етказмайди. Муомалада бўлмаган пул бирликларини ўтказиш мақсадида ясаган ва алдов йўли билан бундан манфаат кўрган шахсларнинг ҳаракатлари ЖК 168-моддаси билан фирибгарлик сифатида квалификация қилиниши мумкин.
6. Пул-буюм лотерея билетлари ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқариш, қалбакилаштириш ёки уларни ўтказиш ЖК 176-моддаси билан жавобгарликни юзага келтирмайди. Пул-буюм лотерея билетлари ва бошқа ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки уларни ўтказганлик учун ЖК 168-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак.
7. “Агар қалбакилиги айбдорга аён бўлган валюта қимматликлари кўринишидаги, пул муомаласида қўлланишини истисно қиладиган даражада ҳақиқийсига рўй-рост ўхшамайдиган купюралар ўтказилган бўлса, шунингдек, айбдорда жабрланувчини қўпол равишда алдаш нияти бўлганлигидан гувоҳлик берувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса бундай қилмиш Жиноят кодекси 176-моддасининг тегишли қисми бўйича квалификация қилиниб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан қўшимча квалификация қилиш талаб қилинмайди. Қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни олган шахснинг қилмиши эса валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олишга суиқасд сифатида квалификация қилиниши лозим”.
Қалбаки билетлар ёки қимматли қоғозлар ясаш (сохта пул ясаш) деганда, мазкур нарсаларни тўла ясаш ёхуд ҳақиқий қоғоз пуллар ёки қимматли қоғозларга қисман ўзгартиришлар киритиш (шу нарсаларнинг рақамларини ёки бошқа зарурий қисмларини ўзгартириш) тушунилади. Ясаш усуллари ҳар хил бўлиши мумкин. Бу фотосуратлар, компьютер техникасидан фойдаланиш, чизиш, матбаа йўли билан пул ёки қимматли қоғозларни босма усулда чиқариш ва ҳоказолар бўлиши мумкин. Жиноятни квалификация қилиш учун уни содир этиш усулларининг аҳамияти йўқ. Бироқ қалбаки пул ёки қимматли қоғозларнинг барча ўлчамлари, зарурий белгилари, яъни реквизитлари ҳақиқийсига чиндан ҳам ўхшаш бўлиши жиноятни квалификация қилишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Акс ҳолда, айбдорнинг ҳаракатларини кўриб чиқилаётган модда бўйича ҳуқуқий баҳолаш мумкин эмас. Масалан, шахснинг журналдан янги пулнинг намуна нусхаларини қирқиб олиб, уларни ёпиштириб сотишга уринишини, қалбаки пул ясаш ёки уларни ўтказиш деб бўлмайди. Бундай қилмиш муайян шароитда фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин. Чунки бундай пуллар муомалада бўла олмайди ва давлатнинг пул кредит тизими асосларига путур етказмайди. Шу муносабат билан қўпол равишда ёпиштирилган баҳоли, ёзувли, қўлда ясалган, тасвири бир-бирига мувофиқ келмаган купюралар, яъни муомаладаги миллий ёки хорижий пул бирлиги билан амалий ўхшашликка эга бўлмаган купюралар жиноят предмети бўла олмайди.
Айбдор валюта қийматликларига қалбакилигини билмасдан эгалик қилган бўлса, унинг ҳаракатлари валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш (ЖК 177-моддаси)га суиқасд қилиш деб баҳоланмайди. Қалбаки валюта қимматликларини сотиб олган, бироқ уларнинг қалбакилигини билмаган ҳолда уларни сотган шахснинг ҳаракатлари қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини сотиш деб баҳоланмайди. Бундай ҳолларда, шахс уларнинг қалбакилигини била туриб, яъни тўғри қасд билан сотишга ҳаракат қилганида, унинг қилмиши жавобгарликни келтириб чиқаради.
8.Объектив томондан жиноят:
* ўтказиш мақсадида қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар ясашда;
* уларни ўтказишда ифодаланади.
9. Пул бирликлари, акциз маркалари, қимматли қоғозларни тўла ёки қисман қалбакилаштириш (номиналини ўзгартириш, акциз марка ва қимматли қоғозларнинг реквизитларини ўзгартириш) мумкин. Қалбакилаштириш шакли ва миқдори квалификацияга таъсир этмайди, аммо жазо тайинлашда суд томонидан инобатга олиниши мумкин.
Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, агар уларни ўтказиш мақсади борлиги аниқланса, лоақал бир нусха ясалган пайтдан эътиборан тугалланган жиноят ҳисобланади.
10. Қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни ўтказиш бу уларнинг турли ҳисоб-китоб операция (берилган товар ва кўрсатилган хизмат учун ҳақ сифатида, айирбошлашда, қарз беришда, олди-сотдида ва бошқа)ларга жалб этилиши, уларни ҳақ эвазига ёки ҳақ эвазисиз учинчи шахсга бериш, яъни муомалага чиқаришдир. Айбдорнинг қалбаки пуллар ёки қимматли қоғозларга жисмоний, юридик шахслар ёки давлатга тегишли бўлган мулкни сотиб олишини жиноятнинг қалбаки предметларини ўтказиш деб ҳисоблаш лозим. Бундай ҳолларда, ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш учун жавобгарлик белгиланган моддалар бўйича қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
11. Шарҳланаётган жиноятнинг қалбакилаштирилганлиги олдиндан маълум бўлган предметларни кейинчалик ҳақиқатда ўтказиш учун олиш ЖК 176-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этишга жиноий жазоланадиган тайёргарлик кўришни вужудга келтиради (ЖК 25-моддаси 2-қисми). Бир дона бўлса-да, қалбаки предмет қабул қилинган ёки ҳақиқий пул белгиси, акциз марка ёки қимматли қоғоз сифатида фойдаланилган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади. Ўтказилган пайтида қалбакилаштирувчи шахснинг алдови фош этилиши (башарти бу шахс уни тайёрлаш билан шуғулланмаган бўлса) жиноят содир этишга суииқасдни ташкил этади.
12. Қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни ўтказганлик учун жавобгарликка нафақат уларни ясаганлар, балки уларнинг қалбакилигини била туриб муомалага киритганлар ҳам (масалан, қалбаки пулга эга бўлган шахс, қалбаки пулларни ўтказувчи шахснинг жиноий шериклари, тасодифан пулга эга бўлиб, қалбакилигини билганидан сўнг уни ўтказишга ҳаракат қилган шахслар) жиноий жавобгарликка тортиладилар.
13. Субъектив томондан жиноят фақат тўғри қасд билан содир этилади. Ўтказиш мақсадининг борлиги қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясашнинг зарурий белгисидир.
Шахс қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни ўтказиш мақсадида эмас, балки ўзи учун, масалан, ўз қобилияти, маҳоратини кўрсатиш ва ҳоказо учун ясаган ҳолларда унинг ҳаракатлари жиноий қилмиш ҳисобланмайди.
14. Қалбаки банк билетлари (банкнотлар), металл тангалар, акциз маркалар, шунингдек, қимматли қоғозлар ёхуд чет эл валютаси ёки чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни ўтказиш мақсади ҳақида хулоса чиқаришда уларнинг миқдори, қопламаларнинг махсус усули, жўнатиш, инкассатор сумкалари ва бошқа белгилар инобатга олиниши шарт. Шу сабабли агар шахс ўз санъатини кўрсатиш мақсадида ёки ўзини намоён қилиш учун, ёзувни ўчирувчи маҳсулотини синовдан ўтказиш мақсадида пул бирлигини тайёрласа, унда қалбаки пул ясаганлик учун жиноий жавобгарлик вужудга келмайди.
Қалбаки пуллар ёки қимматли қоғозларни ўтказиш фақат тўғри қасд билан содир этилиши мумкин. Айбдор шахс қалбаки пул ёки қимматли қоғозларни ўтказаётганини олдиндан билган бўлиши керак, агар у сохта пул ёки қимматли қоғозларни ўтказаётганлигини билмаган бўлса, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмайди.
15. Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ақли расо шахс бўлади.
16. ЖК 176-моддаси 2-қисмида:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган, ўтказиш мақсадида қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаганлик ёки уларни ўтказганлик учун жавобгарлик назарда тутилади.
Мазкур белгилар олдин шарҳланган ЖК 164-моддаси таҳлилида атрофлича кўриб чиқилган ва ушбу жиноятга нисбатан ҳеч қандай махсус ўзига хос хусусиятларга эга эмас. Бироқ чэт эл валютасига нисбатан миқдор, жиноят содир этилган куни Марказий банк томонидан белгиланган валюталар курси бўйича аниқланиши лозим.
17. ЖК 176-моддаси 3-қисмида:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган жиноят учун жавобгарлик назарда тутилган.
(Кўрсатилган белгилар ЖК 168-моддаси таҳлилида шарҳланган).
Do'stlaringiz bilan baham: |