178-модда. Чет эл валютасини яшириш
Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда валюта операцияларини амалга оширувчи ходимлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклари ҳисобига ўтказилиши лозим бўлган чет эл валютасининг қасддан яшириб қолиниши -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) ғаразгўйлик билан;
б) такроран;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Таҳлил қилинаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, чет эл валютасини яширганда айбдор республика ички валюта бозори барқарорлиги соҳасида жамият манфаатларига тажовуз қилади. Жиноят содир этилиши натижасида республикага валюта ки-риб келиши камаяди, бу эса унинг халқаро-ҳуқуқий мавқеига (хусусан, кредитлаш қобилияти рейтингига) ўз таъсирини ўтказади.
2. Мазкур жиноятнинг объекти иқтисодий ресурсларни шакллантиришнинг республикада белгилаб қўйилган тартибидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунига, “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида”ги Низомга, Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш Тартибига, Ваколатли банклар томонидан хорижий валютадаги ҳисобварақларни юритиш Тартибига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларнинг ваколатли банкдаги ҳисоб рақамига келиб тушувчи чет эл валютасининг ҳисобварағи олиб борилади.
Факультатив объект қонунчилик ўрнатган чет эл валютасида ҳисоб-китоб қилиш қоидалари бўлади.
3. Жиноят предмети Ўзбекистон Республикасида ваколатли банклар ҳисобварақларидан рўйхатдан ўтиши керак бўлган чет эл валютаси:
* чет эл давлатида эркин муомалада бўлган ва тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган банкнот шаклидаги чет эл валютаси;
* чет элдаги ҳисоб рақамида турган чет эл валютаси ёки халқаро пул бирликлари ҳисобланади.
Валюта қимматликларини ушбу жиноят предмети деб топиш учун яна бир асос - бу уларнинг хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварағига Ўзбекистон Республикаси ваколатли банклари томонидан ўтказилиши шартлигидир.
Ваколатли банклар деганда, чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун белгиланган тартиб асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бош, ички лицензиясини олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар, хорижий банклар ваколатхоналари ёки филиаллари тушунилади.
4. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, корхона, муассаса, ташкилотларнинг валюта ҳисобварақларига ўтказилиши лозим бўлган чет эл валютаси деганда, қуйидагиларни тушуниш керак:
* Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги норезидентлар товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақига ўтказган пуллар, шунингдек, уларнинг устав фондидаги улушлари;
* ҳисобварақлар эгалари томонидан Ўзбекистон Республикаси валюта бозорида сотиб олинган маблағ;
* Ўзбекистон Республикаси Марказий банки рухсат этган ҳолларда товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақига олинган нақд хорижий валюта;
* чет эл валютасидаги фоизлар ва дивидендлар;
* қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда - нақд чет эл валютаси;
* ҳисобварақ эгасига Ўзбекистон Республикасининг бошқа банкларида очилган ўз ҳисобварақларидан ўтказилган пуллар, шунингдек, амалдаги қонунларда кўзда тутилган бошқа маблағ тушумлари.
5. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар (кейинги ўринларда корхоналар деб аталади) чет эл валютасидаги тушумни мажбурий тартибда сотадилар. Корхоналар мажбурий сотишни товарлар ва хизматлар экспортидан олинган чет эл валютасидаги тушумдан амалга оширади.
Бунда экспорт қилинган товарлар ва хизматлар учун чет эл валютасидаги тушум деганда, корхоналарнинг ваколатли банклардаги ҳисоб рақамларига ва кассаларига товарлар ва хизматларни экспорт қилишдан тушган чет эл валютасидаги пул маблағлари (кейинги ўринларда тушум деб аталади) тушунилади. Бунда:
* воситачилик фаолиятидан даромад олувчи корхоналар учун мажбурий сотиш мақсадлари учун чет эл валютасидаги тушум деганда, бажарилган битишувлар бўйича олинган воситачилик ҳақи (фоизлар) миқдори тушунилади;
* банклар бўйича чет эл валютасидаги тушум деганда, воситачилик ҳақи кўринишида олинган маблағлар, ваколатли банкларнинг хорижий банклардаги ҳисоб рақамлари бўйича қўшилган фоизлар, шунингдек, банклар томонидан норезидентлардан олинган хорижий валютадаги бошқа даромадлар (маслаҳат хизматлари кўрсатишдан олинган даромадлар, олинган жарималар, пеня ва ҳоказолар) тушунилади;
* чет элда лойиҳа-қидирув, қурилиш-монтаж, ишга тушириш-созлаш ва оталиқ-монтаж ишларини, шунингдек, қурилган объектларни мукаммал тузатиш, реконструкция қилиш, модернизациялаш ва техник текшириш ишларини амалга оширувчи, қурилган объектлардан фойдаланиш ва қадрлар тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи корхоналар бўйича чет эл валютасида ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш лойиҳа қиймати миқдорининг мазкур контрактлар бўйича валюта харажатларидан ортиқ бўлиши тушунилади. Бунда чет эл валютасидаги тушумни мажбурий сотиш бўйича ҳисоб-китоблар контрактлар бўйича ишлар (ишларнинг босқичлари) тамом бўлгандан кейин амалга оширилади, бу тегишли ҳужжатлар ва тўлов ҳужжатлари билан тасдиқланади;
* суғурталовчилар бўйича чет эл валютасидаги тушум деганда, суғурта (қайта суғурта) муддати тамом бўлгандан кейин суғурта товони тўлови, воситачилик ва агентлик тўловлари чиқариб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқилган суғурталанувчилар (қайта суғурталанувчилар)нинг тўловларини суғурта қилиш сифатида олинган маблағлар, шунингдек, фаолиятнинг бошқа турларидан олинган хорижий валютадаги бошқа тушумлар тушунилади. Хорижий суғурта компаниялари билан операциялар амалга оширилган тақдирда чет эл валютасидаги тушум деганда, суғурта (қайта суғурта) муддати тамом бўлгандан кейин хорижий қайта суғурталовчига ўтказилиши керак бўлган маблағ; суғурта товони тўлови; воситачилик ва агентлик тўловлари чиқариб ташланган ҳолда ҳисоблаб чиқилган суғурталанувчиларнинг суғурта тўловлари сифатида олинган маблағлар тушунилади;
* Ўзбекистон Республикаси божхонаси ҳудудида олиб келинадиган хом ашёни қайта ишлаш, ёхуд божхона назорати остида қайта ишлаш юзасидан контрактлар бўйича хорижий валютадаги тушум деганда, резидентлар томонидан хом ашёни қайта ишлаш бўйича норезидентларга кўрсатиладиган хизматлар қиймати тушунилади.
6. Ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютаси - бу Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида сотиб олинган чет эл валютасидаги пул маблағларидир. Қонунчиликка мувофиқ, сотиб олинган валюта ушбу маблағларни сотиб олган шахснинг вакил банкидаги махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши керак. Ушбу маблағлар чет эл валютасини сотиб олишда кўрсатилган мақсадларга ишлатилади.
7. Биржадан ташқари валюта бозорида операциялар ўтказиш учун кафолатли банклар ўз мижозларига махсус валюта ҳисоб рақамлари очади, ушбу ҳисоб рақамларига валюта бозорида сотиб олинган хорижий валюта ўтказилади. Махсус валюта ҳисоб рақами очмасдан банк мижози томонидан чет эл валютаси харид қилинишига йўл қўйилмайди. Махсус валюта ҳисоб рақамига, шунингдек, мазкур ҳисоб рақамидан илгари чиқарилган ва фойдаланилмаган ёки қайтарилган валюта ҳам ўтказилади. Махсус валюта ҳисоб рақамларига қўшиб қўйилган маблағлар корхоналар ва ташкилотлар томонидан тузилган шартномаларга мувофиқ қатъиян мақсадли равишда сарфланади.
8. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қуйидаги ҳолларда нақд чет эл валютаси ваколатли банклардаги ҳисобварақаларга олинади:
* нақд валюта маблағи товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушган бўлса, кичик ва ўрта бизнес корхоналари - ҳисоб рақами;
* хизмат сафарига жўнаётган шахсга йўл харажатлари, уй-жой ижараси, иш ва кўзда тутилмаган харажатлари учун берилган чет эл валютаси тўлиқ ёки қисман сарфланмаган бўлса - қолдиқ қисми бўйича;
* бутун операцион кун давомида келиб тушган чет эл валютасидаги пул маблағлари ўша иш кунининг ўзидаёқ тегишли ҳисобварақага киритилиши керак;
* хўжалик судининг қарори билан нақд чет эл валютаси олиб қўйилган бўлса - ўша куннинг ўзидаёқ хўжалик судининг депозит ҳисоб рақамига ўтказилиши, бунинг иложи бўлмаса - ҳаракат энг яқин банк иш кунида амалга оширилиши керак;
* корхона, муассаса, ташкилот кассасидаги нақд пул қолдиғи лимитининг кўпайиши вужудга келса - лимитнинг кўпайган суммаси корхона, муассаса, ташкилотнинг ҳисоб рақамига ўтказилиши учун банкка топширилиши керак.
9. Жиноят объектив томондан республиканинг ваколатли банкларидаги ҳисобварақларга ўтказилиши лозим бўлган чет эл валютасини яшириб қолишга қаратилган фаол харакат ёки харакатсизликда ифодаланади.
10. Чет эл валютасини яшириш - бу чет эл валютасидаги маблағларни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли банкида, ёки бошқа ваколатли субъектида сақлаш мажбуриятини бажармасликдан иборат бўлиб, оддий ҳаракатсизлик, чет эл валютасини хориждан Ўзбекистон Республикасининг ваколатли банкига ўтказиш тўғрисида кўрсатма бермаслик, банк ҳужжатларини имзоламаслик, хориж валютасини хорижий банкдаги ҳисоб рақамида сақлаш каби йўллар билан содир этилади. Шунингдек, хорижий валютани яшириш фаол ҳаракатлар, масалан, уни бошқага ўтказиш, келиб тушган фойдани пасайтириб кўрсатиш, маблағларни бошқа ҳисоб рақамга ўтказиш, яшириш кабилар орқали содир этилиши мумкин. Нақд чет эл валютасини яшириш деганда, олинган нақд маблағларни белгиланган муддатда хизмат кўрсатувчи банкка топширмаслик, товар ва маҳсулот сотиш жойларида тегишли тарзда бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган маблағлар мавжудлиги тушунилади.
Хорижий валютани яшириш маблағларни банкдаги ҳисоб рақамига ўз вақтида ўтказмаслик, ёки тўлиқ ўтказмасликда ифодаланиши мумкин.
Банкдаги ҳисоб рақамига ўз вақтида ўтказмаслик деганда, амалга оширилган операциялар натижасида олинган чет эл валютасини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларга риоя қилмаган ҳолда ўтказилиши тушунилади.
Банкдаги ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказмаслик деганда, амалга оширилган хўжалик фаолияти ва бошқа операциялар натижасида келиб тушган хорижий валютанинг фоизлар, дивидендлар ва бошқа даромад кўринишида амалда олинган валюта маблағларига мувофиқ бўлмаган ҳажмда ўтказилиши тушунилади.
Жиноятни баҳолаш учун айбдор валюта маблағларини ваколатли банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиш мажбуриятини қайси йўл билан бажармаганлиги аҳамиятга эга.
11. Жиноят чет эл валютаси яшириб қолинган пайтдан, яъни уни ваколат берилган банклардаги ҳисоб варақларга ўтказиш учун белгиланган муддат тугаган пайтдан ёхуд чет эл валютаси қисман ўтказилган ва қолган сумма яшириб қолинган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади.
12. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Агар корхона, муассаса ёки ташкилотда валюта операцияларини амалга оширувчи шахс ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги туфайли чет эл валютаси яшириб қолинган бўлса, у муайян ҳолатларда мансабига совуққонлик билан қараганлиги учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ҳисобга ўтказиш, уни тўла ўтказмаслик, инсон эркига боғлиқ бўлмаган ҳолларда - ҳисоб-китоб техникасининг ишламай қолиши, шахснинг алдаши ва бошқалар чет эл валютасини яшириш ҳисобланмайди, чунки бундай вазиятда айб шакли мавжуд эмас. Бироқ ҳар бир ҳолат бўйича шахснинг иродасига боғлиқ бўлган-бўлмаган фактлар аниқланиши керак.
Валютани банк ҳисобига ўтказиш муддатларини эҳтиётсизлик оқибатида ўтказиб юборган шахсни ҳам жавобгарликка тортиб бўлмайди. Эҳтиётсизлик валютани ўтказиш муддатини жуда қисқа муддатга бузганлиги, валюта билан аҳамияти кам операцияларни бажарганлиги билан ифодаланади.
13. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган, қонунчилик ва шартнома билан ташкилот, корхона ва муассасаларда валюта операцияларини амалга ошириш вазифаси юклатилган ҳар қандай шахс ҳисобланади.
Шу билан бир қаторда барча корхона, ташкилот ва муассасалар, шунингдек, чет эл инвестицияси билан ташкил этилган корхоналар Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлиши, яъни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Чунки қонунчиликка мувофиқ банклардаги ҳисоб рақамга валюта маблағларини ўтказиш мажбурияти фақат юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентларига юклатилган.
Чет эл валютасида операцияларни амалга оширувчи банкнинг ваколатли ходимлари, юридик шахс ташкил қилмасдан мустақил меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳам ушбу жиноят субъекти ҳисобланади.
14. Чет эл валютасини яшириш жинояти солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бош тортиш билан амалга оширилса, шахснинг хатти-ҳаракатлари Жиноят кодексининг 177 ва 184-моддалари билан квалификация қилинади.
15. ЖК 178-моддаси 2-қисмида чет эл валютасини яширишни қуйидаги квалификация қилиш белгилари кўрсатилган:
а) ғаразгўйлик билан;
б) такроран;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилганда.
16. Ғаразгўйлик билан деганда, шахснинг чет эл валютасини яшириш натижасида бирон-бир моддий наф чиқариб олишга интилиши (масалан, валютани даромадга айлантириш, қарзини тўлаш ва ҳоказолар) тушунилади. Чет эл валютасини яшириш фактини ғаразгўйлик туфайли содир этилган деб квалификация қилиш учун айбдорда ғаразли интилиш ЖК 178-моддасида кўзда тутилган жиноят содир этилишидан олдин юзага келганлигини аниқлаш зарур. Башарти айбдор валютани яширгач, уни ноқонуний ўзлаштирган бўлса, унинг ҳаракатини чет эл валютасини яшириш сифатида (бошқа оғирлаштирувчи ҳолатлар бўлмаса) жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 178-моддасининг 1-қисми ҳамда ЖК 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича квалификация қилиш зарур.
17. ЖК 178-моддаси 2-қисмида кўрсатиб ўтилган бошқа квалификация белгилари босқинчилик жинояти таҳлилида шарҳлаб ўтилган. Кўрсатилган белгилар шарҳланаётган моддага нисбатан алоҳида хусусиятларга эга эмас.
18. Агар чет эл валютасини яшириш уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, жиноятчи ЖК 178-моддасининг 3-қисми бўйича жавобгарликка тортилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |