67-модда. Касаллик туфайли жавобгарликдан озод қилиш
Жиноят содир этган шахс ҳукм чиқарилгунга қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка чалиниб қолган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.
Бундай шахсга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.
Бундай шахс ушбу Кодекснинг 64-моддасида назарда тутилган муддатлар ўтмасдан тузалса, жавобгарликка тортилади. Бундай ҳолда жавобгарликка тортиш муддатлари суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган кундан ҳисобланади.
1. Жиноий жавобгарликнинг асосий хусусиятларидан бири - шахснинг жамоатчилик томонидан қораланиши бўлиб, у жазо чоралари қўлланилишида ифодаланади. Шу нуқтаи назардан, жиноий жавобгарлик жамиятнинг барча аъзоларига нисбатан жиноятнинг олдини олиш чораси сифатида эмас, балки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга нисбатан алоҳида таъсири муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, агар ақли норасо шахс томонидан ижтимоий хавфли қилмиш содир этилса, бу уни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди.
2. Шахс ижтимоий хавфли қилмишни содир қилиш пайтида ақли расо бўлиб, суд ҳукм чиқаргунча ўз ҳаракатини бошқара олмайдиган ва оқибатини англамайдиган ҳолатда руҳий касаллика чалиниб қолса, қилмиш жиноят деб ҳисобланади ва бундай шахсга нисбатан Жиноят кодекси ва Жиноят- процессуал кодексининг тегишли нормалари татбиқ қилинади.
Ақл норасолиги руҳий касалликларнинг тўрт гуруҳидан бири туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин: сурункали руҳий хасталик, руҳий фаолиятнинг вақтинчалик бузилиши, ақли пастлиги ва шахснинг бошқа турдаги руҳий хаста ҳолати.
3. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми, жиноят содир этган шахс ҳукм чиқарилгунга қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касаликка чалиниб қолган бўлса, жавобгарликдан озод қилишни назарда тутади. Жиноят қонуни бу йўналишда жиноий жавобгарликдан озод этишнинг ягона асоси борлигини эътироф этади - у ҳам бўлса, жиноят содир этган шахснинг руҳий хасталиги. Қонун жавобгарликдан озод этишни руҳий касалликка учраган шахс ўз ҳаракатлари оқибатини англаш ва уларни бошқариш имкониятидан маҳрум эканлигидан келиб чиққан.
4. Шахс жиноят содир этганлиги ва у бунинг учун сўзсиз тегишли жазога тортилишини англаш, жавобгарликнинг муқаррарлиги ва одиллик тамойилини акс эттиради. Бунинг интеллектуал кўриниши содир этилган ижтимоий хавфли, ғайриқонуний қилмиш учун жамият томонидан қораланиб, жазо берилиши муқаррарлигидир. Шу билан бирга, англаш мавжуд бўлмас экан, шахс руҳий хасталик билан оғриб қолган ҳолларда ҳам жиноий жавобгарлик мақсадларига эришилмайди.
5. Хасталикка дучор бўлган шахснинг ўз ҳаракатларини бошқара олмаслиги шундан иборатки, у биринчидан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдирувчи манбадир; иккинчидан, у ночор аҳволда, яъни ўзининг асосий ҳаёти ё эҳтиёжларини қондира олмайди; учинчидан, шахсга руҳий ёрдам берилмаслиги унинг ҳолатини оғирлаштириб, соғлиғи ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Мазкур шарт-шароит тенг равишда жавобгарликка тортиш аҳамиятини англаб етмаслик ҳолларига ҳам тегишлидир.
6. Шарҳланаётган модда жиноятни содир этган шахснинг руҳий касалликка чалинганлигини ҳам жиноий жавобгарликдан озод қилиш асоси сифатида кўзда тутади. Ушбу руҳий касаллик суд-тиббий экспертизаси томонидан белгиланиб, у касалнинг жиноятдан кейинги ҳулқи вариантларидан бирини кўрсатиб ўтиши шарт: масъулиятни англамаслик ҳисси, ёки ўз ҳаракатларини бошқара олмаслик. Шунингдек, руҳий касаллик туфайли юзага келган ҳар иккала омил мавжуд бўлиши мумкин.
7. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми давлатнинг ушбу шахсларни тузатиш учун ва уларни жамиятга қайтариш, шу билан бирга, уларнинг кейинчалик жиноий ҳулқи ва соғлиғи ёмонлашувининг олдини олиш мақсадида тиббий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини белгилаб беради. Бундай ҳолларда жиноят қонуни руҳий касаллика чалинган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга рухсат беради. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тушунчаси, уларнинг асоси, тартиби ва мақсади Жиноят кодексининг VII бўлимида белгилаб берилган.
8. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми мазкур асосни жавобгарликдан озод этиш мақсадида қўллаш учун қўшимча шарт сифатида белгилаб беради. Шарт шундан иборатки, касаллигига кўра жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс соғайганидан сўнг жавобгарликка тортилади. Жиноий жавобгарликка тортиш жараёнини тиклаш учун қуйидаги шарт-шароитга эътибор бериш зарур:
* шахснинг соғайиб кетиши;
* тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари ва ундан кейинги жавобгарликка жалб этиш муддати ўтиб кетмай, шу доирада бўлиши шарт.
9. Шахснинг руҳий касалликка чалинганлиги жавобгарликдан озод этишнинг асоси бўлиб ҳисобланадиган бўлса, мазкур асоснинг мавжуд эмаслиги шахсни жиноий жавобгарликка тортишни истисно қилмайди. Шахснинг соғайиб кетганлиги суд-психиатрия экспертизаси хулосаси билан тасдиқланиши шарт. Соғайиш даражаси тўлиқ бўлиб, у шахснинг ўз ҳаракатларини англаши ва уларни бошқара олмаслик билан боғлиқ шарт-шароитларни бартараф этиши лозим. Касалликдан қисман соғайиб ёки у кучайган, аммо сурункали руҳий касаллик кўринишлари сақланиб қолган ҳолларда жиноий жавобгарликка тортиш жараёнини қайта бошлаш мумкин эмас. Бундай ҳолларда, шахснинг руҳий ҳолатининг ёмонлашуви такрорланиши мумкин бўлиб, бу касаллик билан боғлиқ равишда жазодан озод этилишга олиб келади.
Айбсизлик презумпцияси моҳиятини очиб бериб, Жиноят-процессуал қонунни қўллашда пайдо бўладиган ҳар қандай шубҳа гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи фойдасига ҳал этилиши кераклигини қайд этади.
10. Жавобгарликдан озод қилинган, бироқ тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралар қўлланганидан кейин соғайган шахсни жиноий жавобгарликка жалб этиш имконини берадиган бошқа бир шарт сифатида қонун муддати ўтиб кетганликни эътироф этади.
Муддати ўтиб кетганлиги айб сифатида тақалаётган жиноятдан, аниқроғи унинг оғирлиги даражасидан келиб чиқиб аниқланади. Масалан, жиноят тоифасига нисбатан дифференциялашган муддатлар ўрнатилган. Муддат кечиши даврларини, айнан шулар белгилаб беради. Бундан ташқари, 64-модда жиноий жавобгарликка тортишнинг умумий ўтиб кетиш муддатини ҳам белгилаб беради.
Агар тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс Жиноят кодексининг 64-моддасида белгиланган жавобгарликка тортиш муддати ўтмасдан тузалиб кетса, жавобгарликка тортилади. Жавобгарликка тортиш муддати суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |