247-модда. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, портлатиш қурилмаларини ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан қонунга ҳилоф равишда эгаллаш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) ўзлаштириш, растрата қилиш ёхуд мансаб мавқеини суистеъмол қилиш йўли билан;
г) талончилик;
д) таъмагирлик йўли билан содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) босқинчилик йўли билан;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти жамоат хавфсизлиги ҳисобланди.
2. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки порлатиш қурилмалари жиноятнинг предмети ҳисобланади.
3. Ўқотар қурол деганда, амалда қандай мақсадларда қўлланилишидан қатъи назар, отиш учун порох газларининг кучидан фойдаланиладиган барча турдаги жанговор, спорт ва ов қуроллари тушунилиши лозим.
Порох ёки бошқа портловчи моддаларнинг ёниши орқали отиш амалга ошириладиган бир қатор турли мосламалар мавжуд. Масалан, сигнал ракетницалар, старт, қурилиш пистолетлари ва бошқалар. Улар ўқотар қуролга кирмайди. Қайд этилган предметлар хўжалик-маиший ёки ишлаб чиқариш вазифалари учун мўлжалланган.
4. Ўқотар қуролнинг аҳамиятли белгиларидан бири, ундан снаряд (ўқ)нинг порох газлари ёрдамида отилиши. Бу белги универсалдир ва у мавжуд бўлган ўқотар қуролларнинг барча тури ва тизимини қамраб олади. Айнан у ўқотар қурол бўлмаган турли отувчи мосламаларда бўлмайди.
“Пневматик милтиқ, сигнал, старт, газ пистолетлари ёки газ балонлари, ракетницалар ва бошқа имитация-пиротехник ва ёритгич воситалари қурол жумласига кирмайди”.
Предмет ўқотар қурол деб тан олиниши учун уни тайёрлаш услуби (завод ёки уйда) аҳамиятга эга эмас. Ўқотар қурол ўз фойдаланиш мақсади, хусусиятлари, тузилиши, калибри ва бошқа белгиларига кўра турличадир. Ўқотар қуролнинг белгилари ўқотар қурол мажбурий белги ёки айбни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида бўлган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутган ҳамма жиноий ҳуқуқий меъёрлар учун бир хилдир.
5. “Судлар Жиноят кодекси 247, 248-моддалари бўйича жавобгарлик ишлатишга яроқли бўлган ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлатиш қурилмаларини ёхуд айбдор яроқли ҳолатга келтириш учун аниқ имкониятларга эга бўлса, бузуқ қуролни ёки ўқув қуролини қонунга хилоф равишда эгаллаганда, олганда, олиб юрганда, сақлаганда ёки ўтказганда юзага келишини эътиборга олишлари шарт”.
6. Ўқ-дорилар деганда, қурол учун лозим бўлган ўқлар, артиллерия снарядлари, бомбалар, миналар, гранаталар, ракеталарнинг жанговор қисмлари, шунингдек, ўқотар қуролдан отиш учун мўлжалланган ашёлар тушунилади. Умуман олганда, ўқ-дорилар ўқотар қуроллар учун хос бўлган белгиларга эга. Булар, биринчидан, уларнинг тирик нишонга отиш учун мўлжалланганлиги, бузғунчилиги ва ҳоказо, иккинчидан, уларга рухсат тизими қоидаларининг тадбиқ этилиши.
Ўқ-дориларни турли хиллари мавжуд: артиллерия ва отиш қуролларига ўқ-дорилар (снаряд, патрон), кичик калибрли, кесма, ов, ясама қуролга патронлар. Ўқ-дори сифатида ўқув гранаталари, миналар, холостой (пахтавон) патронлар тан олинмайди, чунки улар портловчи моддага эга эмас, фақатгина ўқув мақсадлари учун мўлжалланган ва уларга эгалик қилиш жамоат хавфсизлиги учун таҳдидни юзага келтирмайди.
“Ўқ-дорининг бўлаги (масалан, гранатанинг запали), агар унинг ўзи ўқ-дорининг барча хусусиятларига эга бўлса, мустақил равишда ўқ-дори деб тан олиниши мумкин”.
7. Портловчи моддалар - бу порох, динамит, тротил, нитроглицерин ва кислородли ҳаво етишмаган вазиятда портлаш хусусиятига эга бўлган кимёвий моддалар ва аралашмалардир.
Портловчи деб, ёқиш, зарба, детонация, қиздириш, ҳаво билан бирлашиш натижасида портлашга яроқли табиий ёки сунъий моддалар (масалан, порох, динамит, тротил, нитроглицерин, аммонал, аммонит, гегсаген ва ҳоказолар) тан олинади.
8. Портловчи қурилмалар портловчи модда ва портлашни амалга ошириш учун мўлжалланган конструктив махсус қурилмадан (запал, детонатор ва ҳоказодан) ташкил топган.
9. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноят объектив томондан ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлатиш қурилмаларини ўғрилаб ёки товламачилик йўли билан эгаллашдан иборатдир.
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида қуйидагиларга жавобгарлик назарда тутилган:
а) жиноятни такроран содир этиш;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб жиноят содир этиш;
в) ўзлаштириш, растрата қилиш ёхуд мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан жиноят содир этиш;
г) талончилик йўли билан кўрсатилган буюмларни эгаллаш;
д) тамагирлик йўли билан кўрсатилган буюмларга эгалик қилиш.
11. ЖК 247-моддасининг 3-қисмида бу буюмларга қуйидаги йўллар билан эгалик қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган:
а) босқинчилик йўли билан;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса.
12. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда ҳар қандай усулда эгаллаш, айбдорнинг улардан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиш ёки тасарруф этиш имкониятлари бор-йўқлигидан қатъи назар, улар олинган вақтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланиши керак.
13. “Агар айбдор ишлатишга яроқсиз бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаган ва бунда уларнинг сифатига нисбатан янглишиб яроқли деб ҳисоблаган бўлса, содир этилган қилмиш жиноятга суиқасд тариқасида квалификация қилинмоғи лозим. Ўқотар қуролнинг таркибий бўлаклари ва қисмлари ишлатишга яроқли бўлган қуролни йиғиш учун бут бўлган ҳолларда, содир этилган қилмиш Жиноят кодексининг 247 ёки 248-моддаси билан квалификация қилинмоғи керак.
Ўқотар қуролнинг таркибий бўлаклари ва айрим қисмларини қонунга хилоф равишда эгаллаш кейинчалик отишга яроқли бўлган қуролни йиғиш учун зарур бўлган етишмайдиган қисмларини тайёрлаш билан боғлиқ бўлган тақдирда, ўзганинг мулкини талон-торож этиш ва ўқотар қурол тайёрлаш мажмуи билан квалификация қилиниши лозим”.
14. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини эгаллаганлик учун жавобгарлик улар қонунга хилоф равишда корхона, ташкилот, муассасалардан, шунингдек, қонуний ёки қонунсиз тарзда эгаллаб турган фуқаролардан олинган ҳолларда ҳам юзага келади.
15. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, талончилик, товламачилик, босқинчилик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш Жиноят кодексининг 247-моддаси ва тегишли моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи билан, фақат бу моддалар (модда қисмлари) санкцияси Жиноят кодексининг 247-моддасидагидан оғирроқ жазони кўзда тутган ҳоллардагина квалификация қилиниши лозим (масалан, Жиноят кодекси 247-моддаси 3-қисмининг “в” банди ва 164-моддаси 4-кисмининг “в” банди билан).
16. Шарҳланаётган моддада назарда тутилган жиноятларни тергов қилиш ва судда кўриш чоғида ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиш, тайёрлаш манбаларини аниқлаш лозим. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари сақланаётган объектларни қўриқлашда мансаб совуққонлигига йўл қўйилганлик ҳоллари ёхуд ўқотар қурол ёки унга ўқ-дорилар тайёрланган асбоб-ускуналардан фойдаланиш устидан тегишли назоратнинг бўлмаганлиги аниқланган тақдирда судлар бунга хусусий ажрим чиқариш йўли билан ўзларининг муносабатларини билдиришлари, зарур ҳолларда эса жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этишлари шарт. Ички ишлар органлари фаолиятида мавжуд бўлган қонунга хилоф равишда сақланаётган ўқотар қуролларни аҳолидан олишдаги ва уларни рўйхатдан ўтказишдаги камчиликлар ҳам судларнинг эътиборидан четда қолмаслиги лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |