250-модда. Портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш
Портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Мазкур жиноятнинг объекти жамоат хавфсизлиги, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳисобланади.
2. Портловчи, тез алангаланувчи, уювчи моддалар, пиротехника буюмлари жиноят предмети ҳисобланади.
3. Портловчи моддалар деганда, кислород, ҳаво етишмаган вазиятда портлаш хусусиятига эга бўлган ҳамда рухсатнома тизими таъсир доирасига кирадиган табиий ва сунъий моддалар, кимёвий бирикмалар ва аралашмалар, масалан, порох, динамит, тротил, нитроглицерин, водород ва кислород аралашмаси, пироксилин ва ҳоказолар тушунилиши лозим.
Қонун чиқарувчи портловчи моддаларнинг хавфли хусусиятларини инобатга олиб, қўлга киритиш, сақлаш, фойдаланиш, ташиш ва ҳоказоларнинг махсус тартибини жорий этган, улар рухсатнома тизими доирасига киради.
4. Ўювчи моддалар деганда, емирувчи таъсир кўрсатадиган кимёвий моддаларни тушуниш лозим. Масалан, карбол, олтингугурт, азот, сирка кислоталари, нашатир спирти, формалин, ишқорлар, ўювчи натрий ва ҳоказолар.
5. Тез алангаланувчи моддалар - ўз таркибига ёнувчи ёки тез алангаланувчи моддаларни олган жонли нишонни отиш, муайян объектга шикаст етказиш ёки вайрон қилиш мақсадларига эриши учун қурол сифатида ишлатишга мўлжалланган ёки мослаштирилган табиий ёки сунъий, синтез қилинган, қаттиқ, суюқ, газсимон материаллар ва ёнувчи аралашмалар. Масалан, нефть битуми, нефть гудрони, алюмин қириндиси ва чанги, органик пероксидлар шулар жумласидандир.
Шуни назарда тутиш керакки, тергов ёки суд муҳокамаси вақтида у ёки бу модданинг тез алангаланувчи моддалар сирасига киришига шубҳа туғилса, суд иш бўйича ёнғин-техника экспертизасини тайинлаши зарур.
6. Пиротехника буюмлари деганда, ҳарбий ва тинч мақсадлар учун мўлжалланган, таркибида портловчи ва тез ёнувчи моддалар бўлган ёритиш, тутун чиқариш, аланга олдириш воситаларини тушуниш зарур. Масалан, сигнал мосламалари, мушаклар, турли иллюминациялар ва ҳоказо.
7. Объектив томонидан жиноят портловчи, тез алангаланувчи, ўювчи моддаларни ёхуд пиротехника буюмларини:
* сақлаш;
* ҳисобга олиш;
* фойдаланиш;
* ташиш;
* жўнатиш қоидаларни бузиш натижасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишидан иборатдир.
ЖК 250-моддасида назарда тутилган жиноят, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган пайтдан бошлаб тугаллаган деб топилади.
8. Субъектив томондан жиноят қасддан ёки эҳтиётсиздан содир этилади. Жиноятни квалификация қилишда уни содир этиш мотиви ва мақсади аҳамият касб этмайди.
Шахсни ЖК 250-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш учун портловчи моддалар ёки пиротехника буюмлари билан муомала қилиш қоидаларининг қайси банди бузилганлигини аниқлаш зарур.
9. Жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс ҳисобланади.
10. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида портловчи моддалар ёки пиротехника буюмлари билан муомала қилиш қоидаларининг бузилиши одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
11. Бошқа оғир оқибатлар деганда, икки ёки ундан ортиқ шахснинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишини, экологик ҳалокат рўй бериши ва ҳоказоларни тушуниш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |