253-модда. Радиоактив материаллардан фойдаланиш қоидаларини бузиш
Радиоактив материалларни сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш ва улар билан муомалада булишнинг бошқа қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказалишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти - радиоактив нурларнинг номақбул зарарли таъсиридан жамоат хавфсизлигини ҳам, инсонларнинг шахсий хавфсизлигини ҳам муҳофаза қилишни таъминлайдиган радиоактив материаллардан фойдаланиш тартиби ҳисобланади. Инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи жиноятнинг қўшимча объекти ҳисобланади.
Радиоактив материаллардан фойдаланиш қоидалари уларни сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Радиоактив материаллардан фойдаланиш қоидаларини бузиш натижасида кўпчилик фуқаролар ҳаётига, соғлиғига зарар етказилиши, атроф муҳитнинг ифлосланиши хавфи ва бошқа оғир оқибатлар юзага келиши мумкин.
2. Жиноят предмети радиоактив материаллар, радиоактив моддалар, ядровий материаллар ва бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбалари ҳисобланади.
(Жиноят предмети тўғрисида ЖК 252-моддаси шарҳига қаранг.)
3. Объектив томондан жиноят радиоактив материалларни сақлаш, ҳисобга олиш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, жўнатиш ва улар билан муомалада бўлишнинг бошқа қоидаларини бузиш натижасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишида ифодаланади.
4. Ушбу модда диспозицияси бланкетли бўлиб, радиоактив материаллар билан муомалада бўлиш қоидаларини тартибга соладиган қонун ҳужжатларига ҳавола қилади.
Ҳар бир алоҳида ҳолатда радиоактив материаллар билан муомалада бўлиш қоидаларини тартибга соладиган ва айбдор шахс бевосита бузган қонун ҳужжатларини аниқлаш зарур. Радиоактив материаллардан фойдаланишнинг умумий қоидалари Ўзбекистан Республикасининг “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Қонунида белгиланган ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш давлат органларининг ички норматив фармойишлари билан белгилаб қўйилган. Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш қуйидагилардан иборат: назорат қилиш ва текшириш; ионлаштирувчи нурланиш манбаларини ишлатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш; радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида нормалаштириш.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 21 февралдаги 62-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тўғрисида”ги Қарорида радиоактив материалларни ташиш (жўнатиш)нинг махсус тартиби белгиланган. Бунда ушбу қарор Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 11 майдаги “Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида”ги Қонунига ҳавола қилади. Кўрсатилган қонун ҳужжатларида радиоактив материалларни махсус юклар сифатида жўнатиш тартиб-қоидаси аниқланган.
5. Радиоактив материаллар ва моддаларни сақлаш деганда, сақланишини таъминлаш ва кейинчалик чиқариб олиб фойдаланиш, қайта ишлаш, кўмиш мақсадида махсус жиҳозланган жойларга жойлаштириш тушунилади.
6. Радиоактив моддаларни ҳисобга олиш деганда, радиоактив материалларнинг миқдор ва сифат таркибининг ҳисоб-китоби олиб борилишини, рўйхатга олинишини тушуниш лозим.
Радиоактив моддаларни ҳисобга олишнинг бузилиши радиоактив материаллар транзити билан боғлиқ маълумотлар ўз вақтида берилмаганлиги, муҳим аҳамиятга эга бўлган маълумотларни яшириш ёки бузиб кўрсатишдан иборат.
7. Радиоактив материаллардан фойдаланиш деганда, юридик ва жисмоний шахсларнинг бевосита ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишлари, ионлаштирувчи нурланиш манбаларини лойиҳалаштириш, барпо этиш, қазиб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, ташиш ва кўмиб ташлашни белгиланган тартибда амалга ошириш учун берилган лицензиялар асосидаги фаолияти тушунилади.
8. Радиоактив материалларни ташиш деганда, уларнинг ҳар қандай транспорт воситасида бир жойдан иккинчи жойга ўтказилиши тушунилади. Бу ҳолда ҳар қандай транспорт воситаси жиноят қуроли ҳисобланади. Радиоактив материалларни ташиш қоидаларининг бузилиши - ушбу материалларни транзит қилиш пайтида аварияни юзага келтирмаслиги, транспорт ҳалокатлари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган хавфсизликни таъминлаш талаблари ва транзит тартибининг бузилиши, маркировка ва ўраш бўйича белгиланган талабларнинг бузилиши ҳисобланади.
9. Жўнатиш деганда, алоқа муассасалари хизмати ёрдамида радиоактив материалларнинг бир жойдан иккинчи жойга ўтказилишини тушуниш керак (посилкалар, бандероллар ва ҳоказолар).
10. Радиоактив моддалар билан муомалада бўлишнинг бошқа қоидалари кўмиш, хавфсизлик техникасининг умумий қоидалари ва ҳоказолар билан боғлиқ.
11. Шарҳланаётган жиноятни квалификация қилишда мазкур қоидаларнинг бузилиши баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлсагина, жиноий жазоланадиган қилмиш бўлишига алоҳида эътибор бериш керак.
12. Жиноят баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган пайтдан эьтиборан тугалланган деб эътироф этилади.
13. Субъектив томондан радиоактив материаллардан фойдаланиш қоидаларини бузиш мураккаб айб шаклида намоён бўлади: ушбу қоидаларни бузилишига нисбатан қасддан ва келиб чиққан оқибатларга нисбатан эҳтиётсизлик натижасида содир этилади. Қасд тўғри ҳам, эгри ҳам бўлиши мумкин.
14. Ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти бўлади. Мансабдор шахс, радиоактив материаллардан фойдаланиш ваколатига эга бошқа шахслар ҳам жиноят субъекти бўлиши мумкин.
15. Радиоактив материаллардан фойдаланиш қоидаларини бузиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, шарҳланаётган жиноятнинг 2- қисми бўйича квалификация қилинади.
17. Икки ёки ундан ортиқ шахс баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш, атроф муҳитга зарар етказиш, экологик ҳалокатнинг юзага келиши ва ҳоказоларни бошқа оғир оқибатлар деб тушуниш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |