256-модда. Тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузиш Илмий тадқиқот ёки синов тажриба фаолиятини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши учун маьсул шахс томонидан содир этилган бўлса;
б) кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, -
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларига сабаб бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ушбу жиноятнинг объекти жамоат хавфсизлиги, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғидир.
2. Жиноятнинг объектив томони илмий-тадқиқот ёки синов-тажриба фаолиятини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидалари бузилиши натижасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишида ифодаланади.
3. Шарҳланаётган жиноят моддий таркибли бўлиб, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш тарзидаги оқибат юз берган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади.
4. ЖК 256-моддаси диспозицияси бланкетли бўлиб, шахсни мазкур модда бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун айбдор шахс илмий-тадқиқот ёки синов-тажриба фаолиятини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидаларининг қайси бандини бузганлиги, бунинг оқибатида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган ёки етказилмаганлиги аниқланиши лозим.
Илмий-тадқиқот ёки тажриба-синов ишларини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши билан баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етиши тарзидаги оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини аниқлаш жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланади.
5. Субъектив томонидан жиноят қасддан ёки эҳтиётсизлик натижасида содир этилади.
6. Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
7. ЖК 253-модаси 2-қисмида илмий-тадқиқот ёки синов-тажриба фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларининг:
* хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши учун масъул шахс томонидан;
* кўп миқдорда зарар етишига сабаб бўлган бузилиши учун жавобгарлик кўзда тутилган.
Эгаллаб турган лавозимига кўра (хавфсизлик бўйича муҳандис) ёхуд буйруққа мувофиқ илмий-тадқиқот ёки синов-тажриба ишларини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши учун жавабгарлик зиммасига юкланган шахс хавфсизлик қоидаларига риоя қилиниши учун масъул шахс деб ҳисобланади.
Энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдордаги зарар кўп миқдордаги зарар деб топилади.
8. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида белгиланган жиноятнинг субъекти илмий-тадқиқот ёки синов-тажриба фаолиятини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш мажбурияти юклатилган шахс бўлиши мумкин.
9. ЖК 256-моддаси 3-қисмида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш вақтида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши:
* одам ўлишига;
* баданга бошқа оғир шикаст етишига олиб келганлиги учун жавобгарлик белгиланган.