252-модда. Радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш
Радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш -
олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, -
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноятнинг объекти, биринчи навбатда, бугунги ва келажак авлод инсонлар ҳаёти ёки соғлиғининг ионлантирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофазаланганлик ҳолатини англатадиган радиациявий хавфсизликни таъминлайдиган ижтимоий муносабатлардир.
Қонунчиликда, радиациявий хавфсизлик тушунчаси, фуқаролар ва атроф муҳитнинг ионлантирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофазаланганлик ҳолати сифатида очиб берилади.
Радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистан Республикасининг “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги ва “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Радиоактив материаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш атрофдагиларга катта ижтимоий хавф туғдиради ва уларни қўллаш имконияти мавжудлигида намоён бўлади, бу эса кўпчилик ҳаётига ва соғлиғига зарар етказилишига, генофондига хавф солинишига, атроф муҳитнинг радиоактив заҳарланишига ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
2. Радиоактив материаллар, яъни радиоактив парчаланишда, ядровий эврилишларда, моддадаги зарядланган зарралар ҳаракатининг секинлашувида ҳосил бўладиган ҳамда муҳит билан ўзаро таъсир этиш чоғида ҳар хил қутбли ионларни ҳосил қиладиган радиоактив моддалар, ион нурлари тарқатувчи манбалар, ядро материаллари, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар жиноят предмети ҳисобланади.
Бундай жараён ионлаштирувчи нурланиш деб аталади ва ҳар қандай шунга ўхшаш нурланишни чиқарувчи материал, модда ёки қурилма радиоактив модда ҳисобланади.
Ионлаштирувчи нурланиш манбаи - ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи ёки чиқаришга қодир бўлган қурилма ва радиоактив модда.
Тузилма сифатида ионлаштирувчи нурланиш манбаи ўзида ядро қурилмалари билан боғлиқ бўлмаган, таркиби радиоактив моддалар ёки ионлаштирувчи нурланиш генерациясидан иборат бўлган мажмуалар, қурилмалар, аппаратлар, жиҳозлар ва маҳсулотларда ифодаланади.
Ионлаштирувчи нурланиш манбаи сифатида радиоактив моддалар ядровий материаллар жумласига кирмайдиган, ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи моддалар (радий, уран, плутоний, кобальт 60, стронций) ҳисобланади.
Ядровий материаллар - таркибида парчаланадиган ядровий моддалар (масалан, йод 131, цезий 137, нурланишга учраган ускуналар ва бошқалар) бўлган ёки уларни чиқаришга қодир бўлган материаллар.
Ядровий материаллардан ва радиоактив моддалардан олинган кейинчалик фойдаланиш кўзда тутилмаган радиоактив чиқиндилар ҳам жиноят предмети ҳисобланиши мумкин.
3. Объектив томондан ЖК 252-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаш билан тафсифланади.
Эгаллаш деганда, радиоактив материалларни қўлга киритишнинг ҳар қандай усулини тушуниш зарур.
Радиоактив материаллар мустақил жиноятларни (босқинчилик, товламачилик) содир этиш орқали эгалланган ҳолларда, айбдор шахс ҳаракатлари оғирроқ жазо назарда тутилган модда бўйича квалификация қилиниши лозим.
4. Жиноят радиоактив материаллар амалда қандай йўл билан эгалланганидан қатъи назар, уларга эгалик қилиш вақтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
5. Жиноятнинг субъектив томони айбнинг тўғри қасд шакли билан тавсифланади. Айбдор радиоактив материалларни қонунга хилоф равишда эгаллаши ижтимоий хавфлигини англайди ва уларни содир этишни хоҳлайди.
Жиноят содир этиш мотиви ва мақсади қилмишни квалификация қилишда аҳамият касб этмайди.
6. Ўн тўрт ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
7. ЖК 252-моддасининг 2-қисмида:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда радиоактив моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш учун жавобгарлик назарда тутилган.
8. (Такрорийликни квалификация қилиш белгилари тўғрисида ЖК 29, 34, 32, 205-моддалари шарҳига қаранг.)
9. ЖК 252-моддасининг 3-қисмида:
а) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан радиоактив моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ҳаракатларининг содир этилиши учун жавобгарлик назарда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |