251-модда. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш
Кучли таьсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) ўзлаштириш, растрата қилиш ёки мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан;
г) талончилик йўли билан;
д) тамагарлик йўли билан содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) босқинчилик йўли билан;
б) кўп миқдорда;
в) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Кучли таьсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш, энг аввало, жамоат хавфсизлигига қасд қилмокдир.
Ушбу ҳаракатларнинг ижтимоий хавфлилиги кўрсатилган жиноий предметлардан жиноят содир қилиш мақсадида фойдаланиш имкониятидир, бу моддий зиён ёки бошқа оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
2. Шарҳланаётган жиноят объекти жамоат хавфсизлигини, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлардир. Қонун чиқарувчи ушбу таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларнинг белгиланган айланиш тартибини (қоидалари) аниқлайди, кундалик ҳаётда ишлатилишини назорат қилиб, бу билан уларнинг фуқаролар томонидан фойдаланилишини чеклаб қўяди.
Жиноятнинг предмети - гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ҳисобланадиган моддалар: 1) кучли таъсир этувчи ёки 2) заҳарли моддалардир.
Инсонларга дори сифатида қўллаш рухсат этилмаган дори воситалар ва ҳар қандай синтетик ёки табиий моддалар кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар ҳисобланади.
3. Кучли таъсир этувчи моддалар - кўп миқдорда истеъмол қилганда ёки уларни тиббий фойдаланиш қоидаларига риоя қилмасдан истеъмол қилганда инсон ҳаёти ва соғлиғига хавфли таъсир кўрсатадиган моддалар. Ушбу моддалар қарамлик ҳолатига келтириши мумкин. Марказий асаб тизимига депрессив ёки рағбатлантирувчи таъсир қилувчи моддаларни ташкил қилади, галлюцинация келиб чиқишига, мия моторли фаолиятининг бузилишига, фикрлашга, хулқ-атворга, идрок қилишга, кайфиятнинг ўзгаришига ва бошқа шунга ўхшаш зарарли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Уларга қуйидагилар киради: уйқуни келтирадиган воситалар, биомицин, акрихин, никотин кислотаси, диазепам (ёки седуксен, реланиум), клофелин, мазиндол, метазепам (ёки мезепам), оказепам (тазепам), споринья, фенобарбитал (ёки люминал), элениум, хлороформ, эфир (наркоз учун) ва ҳоказолар.
4. Одам организмига токсик (заҳарловчи) таъсир ўтказадиган моддалар заҳарли моддалар ҳисобланади. Ушбу моддаларни кам миқдорда истеъмол қилганда ҳам инсон оғир заҳарланиши ёки ўлими келиб чиқиши мумкин.
Улар жумласига: маргимуш, сублимат, синил кислотаси, хлор, фосфор, фенол (карбол кислотаси), симоб дихлориди, цианид калий ва ҳоказо моддалар киради.
5. Модданинг кучли таъсир этувчи ёки заҳарли эканлигини аниқлаш учун эксперт хулосаси талаб қилинади. Бунда амалдаги қонунчилик ушбу моддаларнинг аниқ рўйхатини белгиламайди. Эксперт хулосасига мувофиқ тергов ва суд амалиёти кучли таъсир этувчи ёки заҳарли моддаларни аниқлаш учун, шарҳланаётган жиноятни квалификация қилишда истисно усулини қўллайди. Бу ёки бошқа модда, препарат I, II, III, IV гиёҳвандлик воситаларининг рўйхатига киритилмаган бўлса ва эксперт муассасаси томонидан кучли таьсир этувчи ёки заҳарли моддалар деб топилса, у ҳолда, улар тегишлича, ғайриқонуний эгалланганлиги аниқланса, айбдор ҳаракатлари учун шарҳланаётган модданинг белгиларига кўра жиноий жавобгарликка тортилади.
6. Кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддалар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 31 июлдаги 293-сонли “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекусорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига асосан, Ўзбекистон Республикасида назорат остидадир. Улардан III ва IV рўйхатга таркибида кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар бўлган Ўзбекистон Республикасида айланиши чекланган психотроп моддалар ва прекурсорлар киритилган. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, Ўзбекистон Республикасида айланиши тақиқланган, III рўйхатга кирувчи моддалар, яъни психотроп моддаларни ноқонуний эгаллаганлик учун ЖК 271-моддаси билан жиноий жавобгарлик белгиланади. IV рўйхатга - муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган прекурсорлар киритилаган. Ушбу моддалар кучли таъсир этувчи ёки заҳарли эканлиги аниқланган тақдирда, уларни ноқонуний эгаллаганлик учун шарҳланаётган модданинг тегишли қисми билан жазоланиш мумкин.
7. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни аниқлашда, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар, гиёҳвандлик воситалари номенклатурасини ва квоталарига, шу жумладан БМТнинг 1988 йилги “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф равишда айланишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясининг I ва II жадвали, БТМнинг 1971 йилги “Психотроп моддалар тўғрисида”ги Конвенциясининг I, II, III, IV жадвалларига амал қилиш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қандайдир моддалар ёки доривор воситаларнинг кучли таъсир қилувчи ёки заҳарловчи моддалигини ва чоп этилган рўйхатга тааллуқлилигини аниқлаш масаласи экспертиза қилиш йўли билан ҳал этилади.
8. Объектив томондан жиноят айбдор шахс томонидан кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллашдан иборатдир.
Эгаллаш - мазкур моддаларни шарҳланаётган модда диспозициясида кўрсатилган жиноят предметини ташкил этадиган усуллар билан содир этилган, яъни талон-торож қилишнинг муайян турлари билан ўзлаштириш: ўғрилик ёки фирибгарлик (ЖК 251-моддаси 1-қисми); ўзлаштириш, растрата ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш; талончилик ёки товламачилик (2-қисмининг “в”, “г”, “д” бандлари); босқинчилик (3-қисмининг “а” банди)да намоён бўлиши мумкин.
Жиноят предметини таркиб топтирадиган, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни талон-торож қилиш (ўғрилик, талончилик, босқинчилик) айбдор шахс томонидан ҳар қандай усул билан ғайриқонуний равишда талон-торож қилинган моддаларни ўз эгалигига ёки ўзга шахс мулкига айлантирилиши ёхуд бошқача усул (масалан, йўқ қилиш) билан ўз ихтиёрида қолдирилиши мумкин.
Кўрсатилан моддаларни давлат, хусусий ёки бошқа корхоналардан, уларни қонуний ёки ноқонуний эгаллаган фуқаролардан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Ушбу жиноят таркибининг характерли белгиси кўрсатилган моддаларни ноқонуний эгаллашдан иборат.
9. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунда кўрсатилган ҳар қандай усул билан эгаллаш ноқонуний эгаллаш ҳисобланади.
Бундай ҳолатда шарҳланаётган моддада ўғрилик, товламачилик, талончилик ёки шунга ўхшаш қатор ноқонуний ҳисобланадиган ҳаракатлар санаб чиқилади.
10. Шарҳланаётган модданинг 1-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони айбдор шахс ҳаракатларининг ташқи кўринишидан ўғрилик ёки товламачилик йўли билан содир қилинганлигини кўрсатади.
Ўғрилик - бу жиноят-ҳуқуқий институтининг элементларидан бири. Унинг хуфия содир этилиши ушбу институтнинг фарқли хусусиятидир. Ўғирлик - давлат ёки фуқароларга тегишли кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларга яширинча эгаллик қилишдир (батафсилроқ ЖК 169-моддасининг шарҳига қаранг).
Фирибгарлик жабрланувчини алдаш ёки ишончини суиистеьмол қилиш йўли билан кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларга ғайриқонуний эгалик қилишда намоён бўлади. Бунда жабрланувчи қайд этилган моддаларни айбдорга ихтиёрий равишда беради (батафсилроқ ЖК 168-моддасининг шарҳига қаранг).
11. Бу усул билан моддаларга ғайриқонуний эгалик қилиш ва айбдор ҳақиқий тасарруф этиш имконига чинакам эга бўлиши вақтидан бошлаб мазкур жиноят тугалланган ҳисобланади.
12. ЖК 251-моддасининг 2-қисми кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларга эгалик қилиш:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) ўзлаштириш, растрата қилиш ёки мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан;
г) талончилик йўли билан;
д) тамагирлик йўли билан содир этилган ҳолатлар учун жавобгарликни назарда тутади.
(Такрорийлик ҳақидаги умумий қоидаларни ЖК 32 ва 34-моддаларининг шарҳларидан қаранг.)
Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб эгалланиши белгиси айбдор шахсларнинг мақсадларини аниқлаб синчковлик билан баҳолашни талаб қилади.
Кучли таъсир этувчи ёки заҳарли моддаларни ўзлаштириш жиноятининг субъекти махсусдир, яъни шахсга моддалар ишониб топширилган ёки улар унинг тасарруфида ёки учинчи шахслар тасарруфида мавжуд бўлади.
Кучли таьсир этувчи ёки заҳарли моддаларни растрата қилиш ғайриқонуний равишда эгаллаш усулларидан бири бўлиб, шахсга ишониб топширилган ёки унинг тасарруфида мавжуд бўлган моддалардан фойдаланиш, ҳадя қилиш, сотиш, учинчи шахсларга бериш йўли билан ишлатиш (истеъмол қилиш)да ифодаланади.
(Ўзлаштириш ёки растрата қилиш тушунчалари тўғрисида ЖК 168-моддасининг шарҳига; мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ҳақида ЖК 167-моддасининг шарҳига; талончилик тўғрисида ЖК 166-моддасининг шарҳига; товламачилик тўғрисида ЖК 165-моддасининг шарҳига қаранг).
13. Жиноят содир этилиши тугалланган деб топиладиган вақт табақалаштириб белгиланади. Мазкур жиноят ЖК 251-моддаси 2-қисмининг “а”, “б”, “г” бандлари белгилари билан содир этилганда, ғайриқонуний эгаллаш ва айбдорнинг улардан фойдаланиши ёки уларни тасарруф этиши учун чинакам имкониятга эга бўлган ҳолатларидан бошлаб жиноят тугалланган деб топилади.
Растрата ёки мансаб мавқеини суиистеъмол қилишда шарҳланаётган жиноятнинг тугалланган деб топиладиган вақти моддаларга ғайриқонуний эгаллик қилишдан бошлаб тамомланган деб ҳисобланиши мумкин эмас, чунки ушбу моддалар, одатда, айбдор шахс эгаллигида туради.
Ушбу ҳолда, ғайриқонуний равишда эгаллаш, растрата, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан чинакам ҳаракатлар содир этилгандан бошлаб мазкур жиноят тамомланган деб топилади.
Тайинланган ҳаракатларни қилиш билан қўрқитиб кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни топширишни талаб қилишдан бошлаб мазкур жиноят тамомланган ҳисобланади.
14. Агар кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларга эгаллик қилиш босқинчилик йўли билан, кўп миқдорда, уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилса, қилмиш шарҳланаётган қилмишнинг алоҳида квалификация қилинган тури (ЖК 251-моддаси 3-қисми)ни ташкил этади.
Ушбу шарҳда бошқа жиноят таркибини таҳлил қилганда махсус квалификация қилинадиган белгилар кўрсатиб берилган (масалан, ЖК 247-моддаси шарҳида).
(Босқинчилик йўли билан эгалик қилиш тўғрисида ЖК 164-моддаси шарҳига; уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб тушунчаси тўғрисида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг.)
Кўп миқдор ишнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар миқдорини, уларнинг киши организмига таъсири даражаси ва ҳоказоларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Муайян вақтларда Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси бу борада тавсия беради.
15. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд тарзидаги айб билан тавсифланади: айбдор шахс кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларга ноқонуний эгалик қилаётганини англайди (айбдор шахс махсус ҳисобга олиш, рўйхатга олиш, сақлаш тартибига эга бўлиш бу моддаларга хослигини англайди, улар хавфлилигини ҳам фараз қилади) ва қонунга хилоф равишда эгалик қилишни хоҳлайди.
16. Шарҳланаётган жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс бўлади.
17. Ушбу тоифага доир ишни кўриб чиқишда судлар бу тоифа ишлар бўйича кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддалар тури ҳамда хусусиятини аниқлаш айбдорнинг хатти-ҳаракатини юридик жиҳатдан тўғри квалификация қилиш ва жазо тайинлаш учун муҳим аҳамият касб этишини назарда тутиши лозим. Шу муносабат билан судлар тергов органларидан уларнинг номини ва миқдорини аниқлаш учун мажбурий экспертиза ўтказишни, бунда Наркотикларни назорат қилиш давлат комиссияси норматив ҳужжатларига амал қилишни талаб этиши даркор. Эксперт хулосасининг йўқлиги ЖПК 419-моддасига асосан ишни қўшимча терговга қайтаришга олиб келувчи дастлабки терговнинг жиддий камчилиги сифатида баҳоланиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |