Ўхшатиш тобе гап ҳоким гап англатган иш-ҳаракатни бошқа иш-ҳаракатга ўхшатиб ифодалайди.
Тобе гап кесими –дай, -дек қўшимчаларини олган сифатдош билан ифодаланади: Оламни мунавварлик қоплагандай, унинг кўнгли ёришиб кетди.
Тобе гап ҳоким гапдан кейин келиб, унинг таркибида гўё, гўёки, худди сўзлари келади. Юзи шундай тиниқки, гўё нурдан яратилгандай.
Натижа тобе гап ҳоким гап англатган иш-ҳаракатнинг натижасини билдиради.
Натижа тобе гапда ҳоким гап олдин келиб, унинг таркибида шундай, шу қадар, шу даражада, шунча, чунон сўзлари қатнашади, -ки боғловчиси ёрдамида боғланади. Ҳаво шу қадар иссиқ эдики, ташқарида туриш мумкин бўлмай қолди.
Равиш тобе гап ҳоким гап англатган иш-ҳаракатнинг қай тарзда бажарилишини билдиради.
Тобе гапнинг кесими –б (-иб) қўшимчали равишдош билан ифодаланади: Севинчларим дарёдай тошиб, юрагимда ҳавасим ортар. (У.)
Миқдор-даража тобе гап ҳоким гап англатган иш-ҳаракатнинг миқдорини, қандай даражада бажарилганини билдиради.
Миқдор-даража тобе гап таркибида қанча, қанчалик, нечоғлик сўзлари, ҳоким гап таркибида шунча, шунчалик, шу қадар сўзлари бўлиб, -са қўшимчаси орқали боғланади: Инсонга ҳаво қанчалик зарур бўлса, тинчлик ҳам шунчалик зарур.
Бир неча тобе гапли қўшма гап
Бирдан ортиқ тобе гапли қўшма гап бир неча тобе гапли қўшма гап дейилади.
Бир неча тобе гапли қўшма гап таркибидаги тобе гаплар бир-биридан ҳамда ҳоким гапдан вергул билан ажралиб туради: Меҳмонлар келганда, қоронғи тушиб, осмонда юлдузлар кўрина бошлаган эди.
Бир неча тобе гапли қўшма гаплар ҳоким гапга қуйидагича боғланади:
Тўғридан-тўғри тобеланиш йўли билан (биргалик эргашиш)
Кетма-кет тобеланиш йўли билан.
1. Тобе гапнинг ҳар бири тўғридан тўғри ҳоким гап билан боғланса, биргалик эргашиш дейилади. Масалан, Баҳор келса, кунлар исиб кетса, дала ишлари бошланиб кетади. Бу гапда иккита тобе гап мавжуд бўлиб, улар бош гап билан ўзаро боғланади: Баҳор келса, дала ишлари бошланиб кетади. Кунлар исиб кетса дала ишлари бошланиб кетади. Бундай боғланиш тўғридан-тўғри боғланишдир.
Тобе гапнинг ҳар бири ҳоким гапга тўғридан-тўғри боғланмасдан бири иккинчисига тобеланиб у орқали ҳоким гапга боғланса, кетма-кет тобеланиш дейилади. Бундай гаплар бир-бири билан мазмунан зич боғланган бўлиб, улардан бири туширилса, гап мазмунида ғализлик пайдо бўлади, кўпинча мазмун англашилмай қолади. Масалан, Ўқишлар тугаб, таътил бошлангач, саёҳатга кетамиз. Кеч кириб қоронғулик бошланганда ҳамма жим бўлиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирарди. (С.А.)
Ушбу гаплар таркибидаги биринчи тобе гап ҳоким гап билан мазмунан боғланмайди. Масалан, Кеч кириб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирарди каби. Бу гапнинг боғланиши учун иккинчи тобе гап восита бўлади. Бундай боғланиш кетма-кет боғланишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |