Тарихи Рашидий (2)
Ҳолингни танг қилиб келса фалокат,
Даф қилар ботирлик ҳамда шижоат.
Ақл-фаросат шижоатдан устунроқдир. Қилич ва камонга нисбатан тадбирдан фойда
кўпроқдир. Қилич ҳар қанча ўткир бўлса ҳам ғалаба оятини (ояти фатҳ) тадбирдан
ўрганади ва найза майдон ичида шамдай ёруғ кўринса-да, зафар шамъи тадбир нуридан
ёришади. Агар қилич ҳаракати тадбир билан уйғунлашса, душманнинг бўйнига аниқ
тушади. Агар камон тадбир билан тортилса, ўқ душман юрагига аниқ санчилади.
Байт:
Оқилона тадбир, дадил ҳаракат
Юзта лашкардан ҳам афзалдир албат.
Бу сўздан мақсад булким, Амир Ҳожи барлос мўғул лашкаридан қўрқиб, ўз қадимги
юртини ташлаб, Хуросон сари юриш қилиб, Жайҳун соҳилига етган пайтда Ҳазрат
Соҳибқирон, яъни Амир Темур Кўрагон
Байт:
Осмондек бағри кенг, Уммондек сахий
Аллоҳ инояти мудом унга ёр –
аниқ билдики, агар у Ҳожи барлос билан борса, Шаҳрисабзда қолган уруғ-аймоғию
эл-улуси батамом хонавайрон бўлади. Сабаби отаси Амир Тарағай ўша йили Тангри
раҳматига борган эди.
Назм:
Отаси ўлдию ғам босди тамом,
Ғанимдан вилоят кўп бесаранжом.
Мухолиф иш узра, эл-юртда хатар,
Бало бургутлари ёзган қанот, пар.
Бу маҳалда унинг муборак ёши ҳали йигирма бешдан ошмаган, унинг қалби кўзгусида
ҳали замон синоатлари ўз зангларини қолдирмаганига қарамасдан, Аллоҳнинг чексиз
инояти ва мадад нурлари акс этиб турган ақл-фаросатини мана шу хавфли ҳолатни
оқилона бартараф қилишга йўналтирди. У Қуръони каримдаги «…ишларингизда уларга
маслаҳат солинг!» (3.159) деган ояти каримага риоя қилиб, Амир Ҳожи барлоснинг қалб
китобига маслаҳат сифатида қуйидаги сўзларни зикр этди: «Агар мамлакат ҳукмдорсиз
қолса, у парокандаликка юз тутади ва бутун эл-улус душман зулмидан азият чекади.
Ҳокимсиз юрт жонсиз тана мисоли,
Маълумдир бошсиз тан не кечар ҳоли…
Маслаҳат шуки, сиз Хуросон томонга юриш қилсангиз, мен эса Шаҳрисабзга қайтсам,
халқни тинчлантириб, у ердан кейин хон ҳузурига бораман. Мамлакат хароб бўлмаслиги,
Парвардигорнинг бандалари заҳмат ва ташвиш чекмасликлари учун беклар ва давлат
аъёнлари билан учрашаман».
Амир Ҳожи барлос, Аллоҳдан келган илҳомнинг меваси бўлган бу сўзлардан саодат ва
иқбол исини туйиб, фикрини маъқуллади. Ҳазрат Соҳибқирон ундан айрилиб, Шаҳрисабз
вилоятига жўнади, Хузорга етганда, мўғул лашкарини бошлаб келиб, ўша вилоятни
талон-тарож қилмоқчи бўлган Ҳожи Маҳмудшоҳ Ясурийга дуч келди. Ҳазрат Соҳибқирон
уни кўриб: «Сиз шу ерда бироз кутинг. Мен бориб беклар билан учрашай, улар нима
маслаҳат беришса, шуни қиласиз», деди. Ҳазратнинг бу сўзларини у Аллоҳнинг амри деб
қабул қилди ва олдинга юришга иштиёқлари жуда баланд бўлса-да, шу ерда тўхтади. Ва
Ҳазрат Соҳибқирон Шаҳрисабзга эсон-омон етиб келганда, мўғул беклари ҳам ўша ерга
етиб борган эдилар. Ҳазрат ўша учта бек билан учрашди. Улар унинг юзида илоҳий нур
14 / 32
Do'stlaringiz bilan baham: |