Ўн олтинчи фасл. Илёс Хожахон ишининг ниҳоясига етгани, унинг вафотидан
кейинги воқеалар: Амир Қамариддиннинг ҳокимият учун кураши ва уни
тиклашининг баёни.
Мўғулларнинг оғзаки маълумотларида Илёс Хожахон ҳақида биронта ҳикоят ҳам, ривоят
ҳам йўқ. У ҳақда «Зафарнома»да қуйидагилар битилган: Туғлуқ Темурхоннинг
вафотидан сўнг у тахтни эгаллади. Отасининг ўлимидан, «Лой жанги»дан ҳамда ундаги
31 / 32
Тарихи Рашидий (2)
ғалабадан сўнг, Самарқанд қамали ва отларга ўлат келгани боис, у ердан қайтгандан
сўнг унинг ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Туғлуқ Темурхон вафотидан кейин мўғуллар
оғзида айтилиб келинган воқеаларнинг кўпи Илёс Хожахон ўлгандан сўнг содир бўлган,
қолаверса, буёғи кўпроқ Аллоҳга аёндир.
Туғлуқ Темурхон вафотидан кейинги воқеаларга келсак, мўғуллар тилида мана бундай
ҳикоя қилинади: Туғлуқ Темурхон ҳаёти ҳақидаги тасвирларимизда эслатиб ўтилган амир
Буложи бешта ака-укалардан бири эди. Улардан биринчиси – амир Тўлак, у ҳақда
хоннинг исломни қабул қилиш зикрида ёзган эдик. Иккинчиси – ўша Буложи. Учинчиси,
«Зафарнома»да «Лой жанги» баёнида айтилган амир Шамсиддин. Тўртинчиси – амир
Қамариддин, у ҳақда энди тўхталамиз ва бешинчиси – амир Шайх Давлат, у ҳақда ҳеч
нарса маълум эмас.
Амир Тўлакдан сўнг улусбегилик мансаби амир Буложига тегди. Амир Буложи акасининг
ортидан абадиятга равона бўлгач, улусбегилик унинг ўғли Амир Худойдодга насиб этди.
Амир Қамариддин хонга таъзим бажо келтириб айтдики: «Акамнинг ўрнига мен
лойиқман. Унинг ўғли етти ёшда, бу мансаб унга тўғри келмайди. Туғлуқ Темурхон,
албатта, қароридан қайтмади ва бу мансабни етти ёшли Худойдодга берди».
Амир Қамариддин тап тортмас киши бўлиб, этиги ичига етти яшар боланинг жой бўлиши
билан машҳур эди. Хуллас, у қаттиқ ранжиди, аммо қўлидан ҳеч нарса келмади. Хон
вафот этгач, у тағин қўзғалди. Бироқ, «Зафарнома»да ёзилишича, у Илёс Хожахон
вафотидан сўнг қўзғолган, бу фикр мўғулларнинг ривоятларига тўғри келмайди. Ўша
пайтда кучли, мустақил хон бўлмагани учун амир Қамариддин юрагида йиғилиб ётган
бор аламларини юзага чиқарди, кунлардан бир куни у ўн саккизта хонзодани ўлдириб,
ўзига «Хон» ёрлиғини ёпиштирди ва шу билан Мўғулистонда ишлар издан чиқди.
Туғлуқ Темурхондан битта эмизикли ўғил қолган эди. Амир Худойдод уни онаси билан
бирга яширганди, онасининг исми Амир Оғо эди. Амир Қамариддин уларни қидириб
топиш учун кишилар жўнатди, ҳар гал уларни шундай бекитишар эдики, амир
Қамариддиннинг одамлари топишолмасди.
Амир Қамариддин Мўғулистонда ҳокимиятни тиклаш ва изга туширишга киришди, аммо
амирлар ўртасидаги низолар туфайли унинг иши юришмади. Амир Темур ва унинг
қўшинларининг Мўғулистонга келиши Амир Қамариддин ишларининг олдинга силжишига
таъсир кўрсатмади. Амир Худойдодга келсак, у Хизр Хожахонни амир Қамариддин
тазйиқидан халос бўлсин деб Кошғардан Бадахшон ва Кошғар оралиғида жойлашган
тоғларга жўнатди. Бу ҳақда ҳали ёзилади. Воқеаларга аниқлик киритиш учун аввал амир
Қамариддин ҳақида тўхталамиз.
(давоми бор)
32 / 32
Do'stlaringiz bilan baham: |