Биринчи босқич – ўз-ўзидан юзага келадиган (ташқи таъсирсиз) расм солиш жараёнидан иборат бўлиб, бу жараёнда педагог болани кузатади, унинг тасвирлашга оид кўникмаларини аниқлайди, унинг фаолиятини маҳсулдорлигини баҳолаб, фикр билдиради.
Иккинчи босқич – ишлов бериш даври деб аталиб, ўзида болага тасвир усулини ўргатишни ифодалайди. Бунда раҳбарлик ролини тарбиячи олиб боради. Фақат ана шундай кейингина учинчи босқич– эркин расм чизишга ўтилади. Бу даврда тарбиячи болаларнинг расм чизишдан тажрибасини оширишга ҳаракат қилади. Бу уч босқични ўтаб бўлгач, болаларнинг расм чизишлари ижодга, ижод қилишга қараб юксалади.
Болаларнинг тасвирий фаолиятини катта ёшдагиларнинг назорат қилиши, раҳбарлиги зарурлигини АҚШнинг бир қатор олимлари (Б.Джефферсон, Э.Крамер, Э.Эйснер ва бошқалар) эътироф этганлар. Ҳақиқатдан ҳам, Э.Крамер катта ёшдагиларнинг раҳбарлиги, уларнинг мадади, қўллаб-қувватлаши болаларнинг умумий ривожланиши ва ижоднинг гуркираши учун жуда муҳимлиги ҳақида ёзади. Албатта, болаларга кўмак, далда бериб, уларга йўналиш кўрсатиб, фаолиятини бошқариб туриш лозим.
Кейинги йилларда айрим педагог тарбиячилар томонидан мактабгача таълим ва тарбия муассасалари учун бир қанча бир-бирига боғлиқ дастурлар яратилди. Хусусан, 2004 йилда россиялик олимлар М.А.Васильева, В.В.Гербова, Т.С.Комаровалар томонидан тайёрланган намунавий дастур, асосан ҳар томонлама аниқ вазифалар асосида топшириклар беришга, мактабгача таълим ёшидаги барча болалар учун мўлжалланган бўлиб, болаларни мактабга тайёрлашни кўзда тутади.
Л.В.Куцакова томонидан яратилган «Конструирование и ручной труд в детском саду» дастури, асосан болаларнинг конструкторлик қобилиятини ва тасвирлашдаги ижодий қобилиятларини, ҳар хил методлар асосида моделлаштириш ва конструкциялаш билан таништиришдан иборат. Бу дастур ноанаънавий усуллар асосида турли материаллар ёрдамида констукциялашни амалга оширишни, бунда коғоз, картон, қурилиш, табиий, ташландиқ ва бошка материаллар билан ишлашни назарда тутган.
Мактабгача таълимнинг энг истиқболли йўналишларидан бири таълим мазмунини интеграциялаш асосида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини ошириш, айни пайтда бу жараённи узвийлик принципи асосида кечишини таъминлаш мумкин. Зеро, интегратив тарзда боланинг эмоционал ҳиссиётига таъсир ўтказиш самарасини орттириш имконияти ортади. Шу ғоя асосида Т.Г.Казакова томонидан «Интеграция» дастури яратилган булиб, бунда мактабгача ёшдаги болаларга тасвирий фаолиятнинг барча турлари асосида, яъни рангтасвир, каламтасвир, ҳайкалторошлик, амалий санъат, дизайн бўйича машғулотларда асосан интеграллаштирилган, бирбутунликда, бир-бирига боғланган ҳолда олиб боришни назарда тутган.
Т.А.Копцеванинг «Природа и художник» (Табиат ва рассом) дастури мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг тасвирий фаолиятини турли қирраларини атроф-муҳит билан – ўлка табиати, меъморий ёдгорликлари, музей экспонатлари умумий мавзу асосидаги комплекс машғулотларни мазмунли ўтишни таъминлайди, болаларни табиатни, ундаги воқеа ва ҳодисаларни, бир сўз билан айтганда, дунёни англашларини осонлаштиради. Зеро, дунёни англаш болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг асосий шартларидан биридир.
Мактабгача таълим муассасалари учун жорий этилган дастурлардаги қуриш-ясаш машғулотлари дизайнерлик ғояларини ечиш йўлида изланишлар қилиш учун етарли имконият бермайди. Шу маънода Т.Г. Казакова, И.А. Ликова, Г.Н. Пантелеев, Л.В. Пантелеевалар томонидан ишлаб чиқилган дастурда анъанавий қуриш-ясаш машғулотлари ўрнига “Дизайн фаолияти” шаклидаги машғулотлар тизимини берилиши замон талабига мос тушадиган ёндашув сифатида баҳоланиши мумкин.
Е.Н.Любимова мактабгача тарбия ёшидаги болаларига ўз иш фаолиятида кўп йиллар давомида тасвирлашнинг ҳар хил ноанаънавий усулларидан, яъни бармоқлардан фойдаланган ҳолда расм чизиш, қўлда рангларни бажариб тасвирлашни тавсия қилган. Бунда у бармоқлар билан чизишда босқичлар асосида кетма-кет бажаришга интилган. Шу тариқа ранглар билан танишиб чиқишни ҳам назарда тутган.
В.М.Бахтерев болаларни 2 ёшлигидан қаламни тўғри ишлаш кераклигини айтади. 2 - 3 ёшли болаларда тасвирий санъатга нисбатан қизиқиш уйғотиш, болада расм ва иллюстрацияларда тасвирланган ҳолат мазмунига мос ҳиссий идрокни таркиб топтириш лозим. Қалам, фломастер, мўйқалам, бўёқ (акварель, гуаш) ва лой билан ишлашда қўлланадиган турли ҳаракатларга қизиқиш уйғотиш, унда қалам, фломастер, гуаш бўёқ билан чизиш ва бўяш, лойдан турли нарсалар ясаш мумкинлиги ҳақида тасаввур уйғотиш лозим.
2 – 3 ёшли болалар муайян бир нарса тасвирини чизишга интиладилар. Сенсор белгилар (ранги, ҳажми, шакли)га кўра нарсаларни таснифлашга ҳаракат қилади. Шунга кўра, уни оғзаки кўрсатма ёки намунага кўра тасвирий фаолият машқига ўргатиш лозим. Асосий ранг турлари (қизил, кўк, сариқ ранг)га ва оқ-қоралигига, шакли: думалоқ, квадрат, учбурчак, тўғри бурчак, яссилигига ҳамда ҳажми – катта-кичиклигига кўра нарсаларни гуруҳлашга ўргатиш тасвирий фаолият машғулотларида таркиб топтириладиган сифатлар сирасига киради.
Расм чизишда болаларни рангли қалам, фломастер, мўйқаламни фарқлай билишга, турли расм ва тасвирлар чизишга ўргатиш, бунда болалар диққатини тасвирий материалларнинг қоғозда муайян из қолдириши, қоғозда нима чизилгани, турли чизиқлар ва уларнинг ўзаро бирлашиб кетиши натижасида нима тасвирлаганига қаратиш керак бўлади. Болаларни қалам ёрдамида эгри чизиқлар, доиралар, горизонтал, вертикал, узун-қисқа чизиқларни чизиш, мазкур чизиқлар ёрдамида турли тимсоллар (қорпарчалар, байрам кунлари безак-тасмалари)ни чизишга ўргатиш керак. Болаларни чизиқ ва тасвирлар орқали атроф-борлиқдаги мавжуд ҳодисаларни англаш ва фарқлашга тарбиячи билан бирга ёки индивидуал якка ўзи тасвирлар ҳосил қилиш, “Дарахт барглари тўкилмоқда”, “Дарахт баргларидан қуриш-ясаш “ Ишларини амалга ошириш “Дарахт бутоқларида қор”, “Қорли кунларда бирор тасвирни топиш” кабиларни ўргатиш болаларда кузатувчанлик ва синчковликни оширишга замин яратади.
Болаларни думалоқ шаклли нарсалар тасвирини чизишга ўргатиш: масалан, “Порлоқ қуёш нур сочмоқда”, “Копток йўлка бўйлаб думалаб кетмоқда” каби машғулотлар болаларда тасвирий саводхонлик элементларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Болаларни тасвирий материалга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга ўргатиш, қаламни учта бармоқ ёрдамида, очилган қисмидан бир мунча юқорироқдан, мўйқаламни темир билан қопланган қисмидан юқорир оқдан, ёғочли қисмидан ушлаш ўрта ва бош бармоқлар билан, кўрсаткич бармоқ эса худди қопқоқ каби қаламни ёпиб туришини, акварель ва гуаш бўёқлари билан ишлашнинг техник усулларини қўллашга ўргатиш, бунда болаларни тўғри ишлашга одатлантиришга эътибор қаратиш, мўйқаламга бўёқ олиш, ортиқча бўёқни силқитиб идишга тушириш, бунда мўйқалам учини идиш четига силқитиб, ортиқча бўёқни тушириб ташлашга ўргатиш махсус техник малакани талаб этмасада, болаларнинг тасвирий фаолиятининг муҳим компоненти ҳисобланади.
Япониялик педагог Масару Ибука болаларга жуда ёшлигидан ҳалақит бермаслик керак, акс ҳолда уларнинг талантини ўлдиришимиз мумкинлигини уқтиради. Унинг фикрича, ҳеч қандай бола ўз-ўзидан дохо ёки ахмоқ бўлиб дунёга келмайди. Унинг уч ёшигача миясига мустаҳкам база сингдирилиши лозим. Таълимнинг кейинги босқичида эса аҳамиятсиз, дейди.
Мактабгача таълим ёшидаги болаларда тасвирий саводхонлик элементларини шакллантиришнинг муҳим компонентларидан бири сифатида уларда рангларни сезиш, кўз билан қараш моторикасини ривожлантириш лозим. Кичик ёшдаги болалар қўлларига дуч келган нарсалар билан расм чизишга ҳаракат қилишади. Боларга бўр, қалам, рангли қалам, акварель, гуашь, фломастер, хаттоки кўмир таёқчалари билан расм чизишни ҳам ўргатиш ўринли ҳисобланади. Биринчи навбатда, албатта, рангли қаламчалар билан чизишга ўргатиш мумкин. Болаларни чизишдан тўхтатмаслик керак. Бир қарашда мақсадга мувофиқ кўринмаса-да, лозим бўлган ҳолатларда катта ўлчамдаги қоғозни полга тўшаш ёки доскага илиб қўйиш билан уларга чизишни тавсия қилиш керак. Улар ижодини чеклаш ва уришиш ноўрин ҳисобланади. Болаларнинг фантазияларини ҳеч қачон чеклаш мумкин эмас. Керак бўлса полга кўп ватманларни улаб бериш лозим.
Мактабгача ёшда бўлган болаларга табиий материаллар билан ишлаш учун асбобларни ишлатишни ўргатиш билан турли бадиий ва табиий материаллардан қандай фойдаланиш мумкинлиги билан таништириш ҳам ўз ўрнида фойдадан ҳоли эмас.
Болаларнинг ижодий фаолиятини ривожланитиришнинг муҳим шартларидан бири улар бадиий ижодининг самарасига атрофдагиларнинг муносабати ҳисобланади. Одатда, болалар ўзларининг ишларига (расмларга, ясаган нарсаларига ва бошқаларга) кўнгил қўядилар, уларни яхши кўрадилар, авайлаб асрайдилар, кўпинча тарбиятларига мурожаат қилиб: “Мен бу расмни уйга олиб кетсам майлими?”, “Мен уни ота-онамга кўрсатаман” ( ёки бошқа кимгадир: дўстимга, акамга, опамга, дадамга, онамга, укамга, синглимга ва ҳ.к.). Бола расми ёки ясашдан яратгани, аппликацияси кимгадир ёқса, жуда хурсанд бўлади. Бола учун агар унинг иши гуруҳда осиб қўйилса, кичкинтойларга совғага, залда кўргазма учун олинса, алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шунинг учун болалар билан бирга, уларнинг расмларини ва бошқа тасвирларини болалар боғчаси биносини безатиш, улардан ўйинларда фойдаланиш (масалан, ўйин учун белгиланган хонада “телевизорда” кўрсатиш учун театрлаштирилган томоша кўрсатиш ва ҳокозолар), тарбиявий жиҳатдан жуда муҳимдир.
Таълим-тарбиявий ишларни муваффаққиятли амалга оширилиши мактабгача таълим муассасалардаги педагогик жараённинг ҳар бир фаолият турини тўғри ташкил этишга боғлиқдир.
Болаларни мактабга тайёрлаш сифатини ошириш уларни шахс сифатида шаклланиши учун муҳимдир. Ҳар бир ота-она ўз боласининг мактабда яхши таълим олишини ва мактабни тугатгандан сўнг ҳаётда ўз ўрнини топишини хоҳлайди. Бу борада тасвирий фаолият машғулотлари алоҳида аҳамиятга эга.
Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг мактаб таълимига ўтиши ҳамиша унинг ҳаёти, хулқи, қизиқиши ва кундалик муносабатларида анчагина жиддий ўзгаришларни юзага келтиради. Шунинг учун мактабгача ёшдаги болани мактабгача таълим муассасасида ёки уйдаёқ мактаб таълимига тайёрлаш жараёнида унча қийин бўлмаган билим, тушунча, кўникма ва малака билан таништириш керак бўлади. Бундай таништириш, ўз навбатида, болада кечадиган мослашув даврининг жиддий қийинчиликларсиз ўтишига ёрдам беради. Бола шахсиятидаги бу сифатларни таркиб топтиришда тасвирий фаолият энг қулай, энг самарали восита ҳисобланади. Зеро, бу масалани шундаки бадиий таълим маъносидагина эмас, балки ижтимоий муаммо сифатида ҳам аҳамиятли бўлиб, мактабга қадам қўяётган боланинг нечоғли билимга эга эканлиги эмас, унинг янги билимларни эгаллашга тайёрлиги, атроф-оламга мослашиш кўникмаси, воқеа-ҳодисани мустақил равишда идрок этиш, таҳлил этиши ва ҳаракат қилиши муҳимроқ ҳисобланади. Шунинг учун ҳам тасвирий фаолият машғулотларига болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг ишончли воситаси сифатида қараш лозим. Зеро, мактабгача таълим муассасаларидаги тасвирий фаолият машғулотлари болаларни атроф-муҳитни эстетик ўзлаштиришга устувор тарзда қаралади. Бунинг учун эса, тадқиқотимизнинг натижасига асосан эътироф этишимиз мумкинки, “Тасвирий фаолият” машғулотлари кенг дидактик имкониятга эгалиги билан аҳамиятлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |