Bog'liq 2 мавзу Бетон учун боғловчи моддалар, тўлдирувчилар ва қўшимчалар
Пластикликни оширувчи сув юқтирмайдиган қўшимчаларга кремний-органик суюқликлар, яъни натрий метилсиликонат (ГКЖ-11), натрий этилсиликонат (ГЖК-10) ва этилгидросилоксанли суюқлик (ГКЖ-94) киради. Улар қотган бетон ва бетон қоришмаларнинг салбий муҳитда узоқ муддатга чидамлилигини ошириши учун, шунингдек серғовак бетонларнинг сиртини сув юқтирмайдиган қилувчи сифатида қўлланилади.
Ҳаво сўрувчи қўшимчалардан асосан совуқбардошлик талаб қилинадиган бетонларда хамда қурилиш қоришмаларида фойдаланилади. Бетон қоришмасидан ҳавонинг сўрилиши унинг мустаҳкамлигини пасайтиради. Тажрибалардан маълумки, 1 % сўрилган ҳаво бетоннинг сиқилишдаги мустаҳкамлигини 3 % гача камайтиради. Ҳаво сўрувчи қўшимчалар бетондаги капиллиярларни (найчалар) сув юқтирмайдиган қилади. Ҳаво пуфакчалари эса сув музлаганда бетонда ички кучланишнинг келиб чиқишининг олдини олувчи заҳира ҳажмдир. Натижада бетоннинг сув ўтказмаслик ва совуқбардошлик хусусияти анча ошади.
Кейинги йилларда тез таъсир этувчи янги турдаги кимёвий қўшимчалар яъни, “суперпластикловчилар” ишлаб чиқарилмоқда ва улар бетон ишларига самарали тадбиқ этилмоқда. Бундай қўшимчалар бетон қоришмасининг ёйилувчанлиги хамда оқувчанлигини кескин оширади шунингдек, бетоннинг технологик хусусиятларини яхшилайди. Кўпинча, суперпластикловчи-синтетик полимер моддалар бетон қоришмасига цемент массасининг 0,1-1,2 % миқдорида қўшилади. Суперпластикловчиларнинг таъсири одатда, бетон қоришмасига қўшилгандан кейин 2-3 соат мобайнида намоён бўлади.
Суперпластикловчиларнинг ишлатилиши айниқса темирбетон ишлаб чиқаришда самаралидир. Чунки, бетон қотиши тезлигининг ошиши катта аҳамиятга эга ва одий пластикликни оширувчи қўшимчалардан фойдаланиш бетон қотишини секинлатади (самараси кам). Суперпластикловчилар оддий суюлтирувчиларга нисбатан бетон қоришмасини юқори даражада суюлтиради. Бунда, қоришманинг ёйилувчанлиги конус чўкмаси бўйича 2 см дан 20 см га ошади. Суперпластикловчилар самарали қўлланилганда С/Ц нисбатнинг камайиши ҳисобига мустаҳкамлиги 60-80 МПа бўлган юқори мустаҳкам бетонлар олиш имкониятлари мавжуд.
Суперпластикловчиларни ўзининг табиатига кўра шартли равишда тўртта гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Сульфирланган меламинформальдегидли смолалар ва улар асосидаги комплекс қўшимчалар;
2. Нафталинсульфокислоталар ҳамда формальдегидни конден- сациялаш маҳсулоти ва улар асосида олинадиган комплекс қўшимчалар;
3. Модификацияланган лигносульфатлар ва улар асосидаги комплекс қўшимчалар;
4. Поликарбокисилоталар асосидаги қўшимчалар.
Суперпластикловчилар орасида нафталинсульфокислоталар асосидаги С-3 қўшимча кенг тарқалган. Шунингдек, меламин смоласи асосидаги 10-03 ва КМ-30 маркали қўшимчалар ҳам қўлланилмоқда.
Кучли пластикловчилар қаторига иккиламчи саноат хом ашёларидан тайёрланадиган қўшимчалар ҳам киради масалан, ОП-7, 40-03 ва ш. к.лар. Уларни ўзгарувчан қўшимчалар турига киритиш мумкин, чунки улар бетон қотшини бир мунча секинлатади. Бу эса қўшимчалар миқдорини чеклашга имкон яратади ва х.к.
Қотишни тезлатувчи сифатида кальций хлор (КХ), натрий сульфат (НС), кальций нитрит-нитрат-хлор (КННХ) ва ш. к.лар қўлланилади. Бунда ушбу қўшимчаларнинг иккинчи таъсири ҳам борлигини ҳисобга олиш керак. Масалан, кальций хлорид арматура занглашини келтириб чиқаради. Шунинг учун уни темирбетонда қўллаш меъёри чегараланган (2 % дан кам) ва салбий шароитларда ишлатиладиган юпқа қобиқли ҳамда арматураси олдиндан таранглаштирилган конструкцияларда қўллашга рухсат этилмайди. Чунки натрий сульфат конструкция сиртида шўрлаш ҳосил қилади.
Совуққа қарши таъсир этувчи қўшимчалар сифатида поташ (П), натрий хлор (НХ), кальций хлор (КХ) ва бошқалар қўлланилади. Ушбу қўшимчалар сувнинг музлаш нуқтасини пасайтиради ва бетоннинг манфий ҳароратда қотишига ёрдам беради. Қотиш ҳарорати қанча паст бўлса, қўшимча миқдори шунча кўп (цемент массасига нисбатан 10 % ва ундан кўпроқ) олинади.
Газ ҳосил қилувчи қўшимча сифатида алюмин кукунлари (АК) кенг қўламда қўлланилади. Аксинча, бетон таркибини зичлаш учун кальций нитрати (КН), темир хлори ва сульфати (ТХ ва ТС), алюмин сульфати (АС), икки этиленгликолли ИЭГ-1 ёки уч этиленгликолли УЭГ-1 смолалар қўшилади.
Кўпчилик қўшимчалар сувда эрийди ва уларни бетон қориғичга олдиндан тайёрланган қоришма сифатида солинади. Баъзи бир қўшимчалар эмульсия ҳолатида (ГКЖ-94) ёки сувли эритма ҳолида қўшилади. Одатда қўшимчалар цемент массасига нисбатан қуйидагича олинади: пластиклигини оширувчилар 0,1-0,3%; суперпластикловчилар 0,5-1%; ҳаво ютувчилар 0,01-0,05%; қотишни тезлатувчилар 1-2%. Уларнинг энг мақбул миқдори (сарфи) тажриба –синов қоришма орқали аниқланади.
Бетон хоссалари ва технологиясини бошқаришни амалга оширадиган жуда кўп комплекс қўшимчалар ишлаб чиқилган. Бундай комплекс қўшимчаларни шартли равишда бешта гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Сирт-фаол моддалар аралашмаси;
2. Сирт-фаол моддалар ва электролитлар аралашмаси;
3. Электролитлар аралашмаси;
4. Кўп компонентли мураккаб комплекс қўшимчалар.
5. Суперпластикловчилар асосидаги комплекс қўшимчалар.
Комплекс қўшимчалар тайёр маҳсулот кўринишида ишлаб чиқарилади ёки бевосита бетон қориш цехларида алоҳида олинган компонентлардан тайёрланади.