МТЎМ қандай ташкил қилинади ва ўтказилади?
Махсус-тактик ўқув машқини ўтказиш методикаси.
Машқ раҳбари тузилма командири билан биргаликда фаолият олиб боради. У тузилмаларни назорат қилиш, разведка олиб бориш, вазият бўйича маълумотларни тўплаш ва умумлаштириш, қарорлар қабул қилиш, авария қутқарув ва бошқа ишларни олиб боришни ташкил этиш ва ўтказишни ўргатади.
Воситачилар ўзлари бириктирилган тузилмалар командирлари билан бирга бўлишади. Воситачиларга қуйидаги вазифалар юклатилади:
ИО тузилмаларининг раҳбарлари ва аъзоларининг авария-қутқарув ва бошқа ишларни олиб бориш ва ташкиллаштириш ишларини ўрганишларига ёрдам бериш;
қутқарув ишлари олиб борилиши лозим бўлган ҳудудларда тақлид воситалари ва кириш воситалари ёрдамида вазиятни яратиш ва кескинлаштириш;
тузилмалар ҳаракатларига кейинчалик баҳо бериш учун уларнинг ҳаракатларини қайд этиб бориш;
машқдан сўнг, ўзларининг хулосаларини машқ раҳбарига тақдим этиш.
Машқлар шахсий таркибга хабар бериш ва йиғиш бўйича норматив кўрсаткичларни бажаришдан бошланади. Йиғилгандан сўнг, шахсий таркибга керакли жиҳоз ва воситалар тарқатилади ва уларнинг ҳаракатга тайёрлиги текширилади. Тузилма командирининг буйруғи билан тузилма шахсий таркиби фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатлар амалга ошириладиган машқлар пунктига йўл олади.
Машқ етакчиси ёки воситачи тузилма командирига тактик вазифа топширади. Тактик топшириқда вазият ҳамда тузилма вазифаси кўрсатилади. Бунда тузилма командирига вазифани аниқлаштириш, баҳолаш, қарор қабул қилиш ва вазифаларни белгилаш учун вақт ажратилади.
Машқ раҳбари вазифани аниқлаштиришда вазифани бажаришга тайёргарлик кўриш учун зарур бўлган чораларни белгилайди ва дастлабки буйруқларни беради.
Вазиятни баҳолаш содир бўлиши мумкин бўлган вайроналар, ёнғинлар, зарарланишлар, КТЭЗМ тўкилиши каби вазиятлар характерини, шунингдек, “ФВ ўчоғи”га ҳаракатланиш йўналишларининг ҳолатини, ҳудуднинг, об-ҳавонинг, йил ва кун даврлари ҳолатига баҳо бериш орқали амалга оширилади.
Қарорда тузилма командири ҳаракатлар ғоясини, бажариладиган ишлар кетма-кетлигини, куч ва воситаларнинг белгиланган жойлар бўйича тақсимланишини, асосий кучларни қаерга жамлаш кераклигини, вазифаларнинг бажарилиш вақтини, машқ жойларига ҳаракатланиш тартибини, ўзаро ҳамкорликни ҳамда тузилмаларни бошқариш тартибини белгилайди.
Тузилма командири ўқув нуқтасига келганидан сўнг, вазиятни шахсий таркибга етказади ва зарур вазифаларни қўяди:
амалга ошириладиган қутқарув ишлари турлари;
техникалардан фойдаланиш тартиби;
шикастланганларни транспортга юклаш жойини ҳисобга олган ҳолда эвакуация қилиш тартиби;
ишнинг бошланиш ва тугаш вақти;
ўзининг ва ўринбосарининг ўрни.
Вазифаларни белгилашда, бажариладиган ишнинг хусусиятига қараб, бошқа нарсалар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Қутқарув ишларини амалга ошириш учун ҳақиқатга яқин шароитларни яратиш муҳим ҳисобланади.
Ўқув машқларида машқ ғояси асосида тузилмалар томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилиши мумкин:
Қутқарув тузилмалари томонидан вайроналарни тозалаш ва жабрланганларни қидириш, қутқариш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш. Жабрланганларни кимёвий заҳарланган, сув босган ҳудудлардан, ёнаётган бинолардан эвакуация жойларига олиб чиқиш ишлари олиб борилади.
Махсус тузилмалар томонидан табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда хавфли объектларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, авария оқибатларини чеклаш ва бартараф этиш, ҳудудларни зарарсизлантириш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жабрланганларни қутқариш ва бошқалар олиб борилади.
Авария-техник тузилмалар томонидан коммунал ва технологик тармоқларда аварияларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш ишлари амалга оширилади.
Қолган тузилмалар йўналишига қараб турли хил бошқа вазифаларни амалга оширишади.
Машқ ўтказиш жараёнида умумий ва махсус тузилмалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади. Машқлар давомида раҳбардан тузилмалар ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатларга, куч ва воситаларни ишлар олиб борилаётган жойларга йўналтиришга, авария-қутқарув ва бошқа ишларнинг бажарилишидаги кетма-кетликка алоҳида эътибор беради.
Машқ раҳбари топшириқлар бериш, тақлидлар орқали мавжуд вазиятни ўзгартиради. Шахсан ёки қўл остидагилар орқали юборилган янги топшириқларда ФВ миқёси, оқибатлари, ёки кимёвий авариялар, техник воситаларнинг ишдан чиқиши, жабрланганлар сонининг ортиши ҳақида янги маълумотлар бўлиши мумкин.
Бундай шароитда тузилмалар раҳбарлари ривожланаётган вазиятни ҳисобга олиб, куч ва воситалар билан маневрлар ўтказадилар, қутқарув ва бошқа ишларнинг тезлигини ошириш учун янги қарорлар қабул қилишади ва ташаббус кўрсатишади. Ушбу тадбирларнинг барчасини машқлар раҳбари томонидан бошқарилади.
Ўрганувчиларнинг ҳаракатларини баҳолашда қуйидагилар ҳисобга олинади:
разведка ишларининг моҳирона тарзда олиб борилиши;
тузилмалар командирлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг тўғрилиги ва мақсадга мувофиқлиги;
қутқарув ишлари олиб бориладиган жойга ўз вақтида етиб бориш;
қутқарув ва бошқа ишларнинг ўз вақтида ташкил этилганлиги;
тузилмалар ўртасидаги ўзаро алоқани қўллаб-қувватлаш;
тузилмаларнинг амалий ҳаракатлари натижалари;
хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича зарур чораларнинг кўрилиши.
Машқ тузилмаларни ўқув майдонидан олиб чиқиш билан тугалланади. Базида, зарур бўлган ҳолларда, ходимлар ва жиҳозлар санитар ишловдан ўтказилади.
Машқ тугагандан сўнг, машқ раҳбари шахсий таркибни йиғади, ўқув нуқталарини тартибга солиш бўйича кўрсатмалар беради, машқни таҳлил қилиш жойи ва вақтини эълон қилади.
Энг охирида ўқув машқининг муҳокамаси ўтказилади. Муҳокама машқни якунлаб берувчи қисм ҳисобланади. Муҳокама ўқув машқлари натижасида эришилган мақсад ва вазифаларни баҳолаш мақсадида амалга оширилади.
Муҳокама машқ бошлиғи томонидан бошида тузилмалар раҳбарлари билан, кейин шахсий таркиб билан ўтказилади.
Муҳокама машқ мавзуси ва мақсадларидан келиб чиқиб олиб борилади. Бунда, тузилмалар шахсий таркибининг ҳамда раҳбарларнинг ҳаракатлари, шунингдек, тузилмалар аъзолари ва раҳбарлари фаолият кўрсатган вазият муҳокама қилинади.
Муҳокама натижалари асосида бошлиқ қуйидагиларни белгилайди:
ўқув мақсадларига эришилганми ва қай даражада;
ўрганувчиларнинг тўғри қарорларини қисқа таснифлаган ҳолда ҳаракатларига баҳо бериш, шунингдек, юзага келган камчиликларни қайд этади;
раҳбарият ҳамда тузилмалар таркибини ўргатиш жараёнида нималарга эътибор бериш кераклигини кўрсатиб беради;
машқ пайтида қандай иқтисодий самарага эришилганлиги қайд этилади.
Ўтказилган машқ бўйича ҳисоботда қуйидагилар кўрсатилган:
машқ мавзуси;
машғулотда қатнашадиган ФВДТ тузилмалари ва бошқа бошқарув органлари таркиби;
таълим мақсадларига эришиш даражаси;
иқтисодий самара (қанча тозалаш ва бошқа ишлар амалга оширилганлиги, шунингдек, ушбу ишларнинг нархи кўрсатилган);
бошқарув органлари ва тузилмаларни тайёрлашдаги асосий ютуқлар ва камчиликлар, шунингдек уларнинг ҳаракатларига берилган баҳо;
қўйилган саволларнинг дастлабки тадқиқот натижалари;
хулосалар ва таклифлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |