Биотерроризм ва биоҳалокат нимани англатади?
Биоҳалокатлар – бу одамларнинг ҳалок бўлишига, инсон соғлиғига зарар етишига, объектларнинг вайрон бўлиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган хавфли биологик (бактериологик) агентларнинг (моддалар, воситалар ва бошқаларнинг) кўп миқдорда тарқалиши билан бирга кечадиган фалокат тури. Илгари, кўплаб биоҳалокатлар табиий равишда юзага келган. Буларга вабо, чечак, ўлат, тиф ва бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши киради. Ҳозирги вақтда биоҳалокатлар қуйидагилар натижасида юзага келиши мумкин:
- биологик воситалардан (махсус лабораториялар, биофабрикалар, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқалар) фойдаланадиган объектлардаги авариялар;
- микроорганизмлар селекцияси;
- атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган техноген фаолият (фойдали қазилмаларни олиш жараёнидаги қазиш ва бурғулаш ишлари ва бунинг натижасида ер қаъридаги микроорганизмларни чиқариб юбориш);
- табиий офатлар (юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўладиган цунами, тошқин, сел ва бошқалар).
Биотерроризм. Биотерроризм терроризмнинг бир тури бўлиб, бунда аҳолига қарши қурол сифатида микроорганизмлар ёки уларнинг заҳарли моддаларидан фойдаланилади.
Бугунги кунда биотерроризм инсоният учун энг хавфли ва кам бошқариладиган таҳдид ҳисобланади.
Сўнгги ўн йилликларда кўплаб биотеррористик ҳаракатлар содир этилди. Бунга 2001 йил 11 сентябрда АҚШда террористлар томонидан куйдирги қўзғатувчиларининг тарқатилиши мисол бўлади.
Биологик қуроллар қуйидаги сабабларга кўра террорчиларни ўзига жалб қилади:
- тезда қўлга киритиш имконияти мавжудлиги. Хавфли юқумли касалликларнинг микроблари табиатда учрайди;
- ишлаб чиқаришнинг қулайлиги;
- сақлашнинг қулайлиги;
Микробиологик лабораториялар ва фабрика деярли барча мамлакатларда биологик қурол ишлаб чиқаришга осон ўзгартирилиши мумкин;
Биологик воситалар қуйидаги кўрсаткичлар бўйича террорчилик мақсадларида фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади:
- атроф-муҳитда барқарорликни сақлай олиши;
- юқиш даражасининг юқорилиги;
- ўлим даражасининг юқорилиги;
- қўллаш ва тарқатишнинг қулайлиги;
- қўлга киритиш ва ишлаб чиқаришнинг қулайлиги;
- қўлланилгандан сўнг ташқи муҳитда аниқлашнинг қийинлиги;
- олдини олишнинг мураккаблиги ёки самарасизлиги, касалликни даволашнинг қийинлиги.
Ҳозирги вақтда янги авлод биологик қурол – молекуляр қурол энг катта хавф туғдириши мумкин. Бундай моддалар организмдаги биокимёвий жараёнларни бузиб юбориш хусусиятига эга бўлиб, улар организмга вабо, ўлат, чечак, куйдирги каби ўта хафли касалликлардан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |