жадвал
Фаровонлик ва унинг таркибий қисмлари концептуал кўриниши
Шахслар / оила бирликлари
|
Атроф муҳит шароитлари
|
Ресурслар
|
Ижтимоий
|
Жисмоний
|
Саломатлик ва жисмоний ҳолат
|
Иш билан бандлик ва меҳнат шароитлари
|
Ландшафт
|
Билимлар ва кўникмалар
|
Хизматлар
|
Об–ҳаво
|
Иқтисодий ресурслар
|
Ижтимоий ўзаро боғлиқлик
|
Транспорт тармоғи
|
Оилавий шахслар ва якка шахслар ўртасидаги муносабатларга тааллуқли бўлган ижтимоий мансубликдан фарқли равишда ижтимоий ўзаро алоқадорлик ҳудуд доирасидаги ҳамжамиятга тааллуқлидир. Бунда локал ижтимоий ҳамжамиятлар алоҳида аҳамиятга эга. Улар шахсий ижтимоий муаммоларни ҳал этишда катта роль ўйнайди. Амалда ўзаро муносабатлар мавжуд бўлмаганида айрим ижтимоий ёки тиббий хизматларга талабнинг юқори бўлиши кузатилади.
Мухторият ҳаракат қилиш эркинлигини англатади ва шунинг учун фуқаролик хуқуқи, иш жойини мустақил танлаш имкониятини қамраб олади ҳамда шахс булар ёрдамида бошқа одамлар боғлиқ бўлмасдан эркин ҳаракат қилиш имкониятларини англатади.
Моддий ресурслар устидан маҳаллий назорат муайян манзилдаги аҳолининг ўзларини ўраб турган муҳит активидан фойдаланиш ва уни назорат қилишни билдиради. Мазкур активлар ер, сув, ўсимлик дунёси ва табиий муҳитнинг бошқа таркибий қисмларини, шу жумладан шахс, масалан табиат қўйнида бўш вақтини ўтказиши учун иҳтиёрда бўладиган боғлар, кўнгилочар жойларни ҳам қамраб олади. Бўш вақтни бекорчилик билан ўтказганга қараганда мазмунли дам олиш инсон фаровонлигининг жуда муҳим таркибий қисмидир.
Тартиб ва хавфсизлик фаровонликнинг яна бир жуда муҳим хусусиятдир. Шовқин, ҳаво ва сув ифлосланган, об-ҳаво ноқулай бўлса ҳам инсон ўзини хавфсиз ҳис этмайди. Ушбу салбий омиллар одамлар фаровонлиги даражасини жиддий равишда пасайтиради.
Бойликни энг мақбул тарзда тўплаш масаласи иқтисодиёт назариясининг классик мактаби вакиллари томонидан ўрганила бошланган. Адам Смит инсонни бутун жамиятнинг асоси деб ҳисоблаган ҳолда инсоннинг хатти-ҳаракатларини унинг мотивлари ва шахсий манфаатга интилиши нуқтаи назаридан тадқиқ этган. Олимнинг фикрича, бозор муносабатлари – табиий тартибдир. Бозор иқтисодиёти шароитларида ҳар бир одам ўзининг шахсий манфаатларини ўйлаб иш кўради. Бу шахсий манфаатлар йиғиндиси эса жамият манфаатини ташкил этади. А. Смитнинг ҳисоблашича, ана шундай тартиб ҳам алоҳида шахснинг, ҳам умуман жамиятнинг бойлигини, фаровонлиги ва ривожланишини таъминлайди.
У томонидан “иқтисодий инсон” ва “табиий тартиб” концепциялари ишлаб чиқилган. Табиий тартиб амал этиши учун асосини хусусий мулк ташкил этадиган “табиий эркинлик тизими” мавжуд бўлиши талаб қилинади.
Адам Смитнинг энг машхур атамаси – “бозорнинг кўз илғамас қўли” ресурсларини тақсимлашда самарали мехнаизм ролини ўйнайди. Мазкур қоиданинг моҳияти шундан иборатки, шахсий манфаатга бошқа кимнингдир эҳтиёжини қондириш орқали эришиш мумкин. Шу тариқа бозор ишлаб чиқарувчиларни бошқа одамларнинг манфаатларини амалга оширишга, уларнинг ҳаммасини эса бутун жамият бойлигини кўпайтиришга рағбатлантиради. Бундай ҳолда ресурслар фойданинг “сигнал тизими” таъсири остида талаб ва таклиф тизими орқали фойдаланиш энг юқори самара берадиган соҳаларга кўчади.
Давид Рикардо Адам Смит назариясини ривожлантирган ҳолда қуйидаги хулосага келган: “Ишлаб чиқаришда истеъмол қилинадиган, асбоб-ускуналар, хомашё, машиналар, озиқ-овқат, кийим-кечак ва ҳоказолардан иборат бўлган мамлакат бойлигининг бир қисми меҳнатни ҳаракатга келтириш учун зарурдир”. Унинг фикрича, киритилган капитал учун олинадиган фойда тенг бўлмаслиги сабабли капитал “бир машғулотдан бошқаси томон кўчади”.
“Меҳнатнинг табиий баҳоси” эса – ишчининг меҳнати ҳисобига ўзи ва оиласининг турмуш кечиришини таъминлаш, озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж ашёлари ва қулайликларга харажатларни қоплаш имкониятидир. Мазкур баҳо одамлар хусусияти ва одатларига боғлиқдир. Масалан, айрим мамлакатларда иссиқ кийим талаб қилинмайди.
Иқтисодий назариянинг янги классик йўналиши асосчиларидан бири А. Маршалл инсоннинг иқтисодиётдаги роли хусусидаги турли ғояларни синтез қилган ҳолда бойлик тўплаш инсонни ривожлантириш билан бевосита боғлиқ деган хулосага келган. Унинг фикрича, “Бойлик яратиш – инсон ҳаётини сақлаб туриш, эҳтиёжларини қондириш, жисмоний, ақлий ва ҳиссий кучларини ривожлантириш воситасидир. Бунда инсоннинг ўзи – бойликни яратишнинг асосий воситаси, айни пайтда унинг ўзи бойликнинг пировард мақсади бўлиб хизмат қилади”.
Д. Рикардонинг шогирди ва назариясининг давомчиси бўлган Ж. Милль ўзининг “Сиёсий иқтисодиёт асослари” асарида сиёсий иқтисодиёт қонунларини иккига: бизнинг иродамизга боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш қонунларига ҳамда инсоннинг хоҳишлари ва фикрлари билан белгиланадиган ҳамда ижтимоий тизим хусусиятларига боғлиқ равишда ўзгарадиган тақсимлаш принципига бўлган. Шу туфайли тақсимлаш қоидалари иқтисодиёт фанининг биринчи категория қонунларига хос бўлган зарурият хусусиятига эга эмас. Олимнинг ўзи сиёсий иқтисодиёт принцпиларини зарурий ва тарихан ўзгарадиганларга бўлишни ўзининг иқтисодиёт фанини ривожлантиришдаги асосий хизмати деб баҳолаган.
Бу ўринда узоқ вақт, жамиятнинг индустрлашнинг ўзгариши давомида иқтисодий тафаккур моддий бойлик тўплаш соҳасидаги жараёнлар таъсирида бўлган. Капитални жамғариш ва моддий-ашёвий омиллар тараққиётни белгилайдиган универсал омиллар деб ҳисобланган.
Одатда ишлаб чиқариш жамланма хажмининг (масалан, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг) бевосита ёки билвосита ўсиши қашшоқлик кўламини камайтиради ва аҳоли умумий фаровонлигини оширади деб тахмин қилинган. Бундай фикр ишлаб чиқариш даромад келтиради, даромад эса, ўз навбатида, моддий ёки иқтисодий фаровонлик келтиради деган қарашга асосланган.
Аммо инсон салоҳиятини ривожлантириш билан боғлиқ концептуал ёндашув ялпи ички маҳсулот ҳажмини ривожланиш даражасининг асосий кўрсаткичи сифатидаги ролини рад этади. Иқтисодий ривожланишнинг ижтимоий мезонлари шу қадар муҳим аҳамият касб эта бошладики, иқтисодий ривожланиш миллий моделларининг (швед модели, Германиянинг ижтимоий йўналтирилган иқтисодиёт модели ва ҳоказолар) асосига қўйилди.
Инсонни ривожлантириш назариясининг асосли эканлигини хомашё ресурслари заҳирасига эга бўлмаган ҳамда иккинчи жахон уруши йилларида моддий базаси вайрон қилинган мамлакатларнинг (Тайвань, Корея, Япония, Германия) тажрибаси кўрсатиб турибди. Ушбу мамлакатларнинг ривожланиш стратегияси инсонга, фан-техника тараққиётининг энг муҳим таркибий қисми ҳамда иқтисодий ривожланишнинг чексиз ресурси – инсон омилига асосланди. Бевосита ана шу стратегия мазкур давлатлар иқтисодий ривожланиши жадал суръатларини таъминлади.
Амартия Сеннинг новаторча илмий ишларидан сўнг ривожланиш жараёнига инсоннинг моддий ёки иқтисодий фаровонлигини ошириш омили сифатида эмас, балки шахснинг “имкониятлари”ни кенгайтириш жараёни сифатида қараладиган бўлди. 1970-йилларнинг бошидаёқ Жаҳон банки даромадларни қисман қайта тақсимлашга даъват этган эди. Жаҳон банки таклифига мувофиқ, иқтисодий ўсиш жараёнида яратилаётган ресурсларнинг бир қисмини камбағал мамлакатларнинг эҳтиёжига сарфлаш лозим. Мазкур стратегия ниҳоятда муҳим эди, чунки жаҳон амалиёти тажрибаси ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг ўзи қашшоқлик кўламларини камайтириш ва ривожланишга эришиш учун етарли эмаслигидан далолат берарди.
Шундан сўнг Халқаро меҳнат ташкилоти 1970-йилларнинг ўрталарида амалга оширган таҳлилларига асосланиб, ривожланиш устуворлигини янги иш жойлари яратиш ҳамда одамларнинг озиқ-овқат, турар жой, кийим-кечак, бошланғич ва ўрта таълим, дастлабки тиббий-сантирия ёрдами каби асосий эҳтиёжларини қондириш фойдасига ўзгартириш лозимлигини асослаб берди.
Шунинг учун давлатлар пул даромадларини бирламчи тақсимлашга бевосита аралашади ва кўп ҳолларда номинал иш хақи кўпайишининг юқори даражасини белгилайди. Иш ҳақининг давлат томонидан тартибга солинишининг иқтисодий аҳамияти бунинг жамланма талаб ва ишлаб чиқариш чиқимларига таъсир кўрсатиши билан изоҳланади. Давлат томонидан амалга ошириладиган даромадлар сиёсати ишлаб чиқариш чиқимларини камайтириш, миллий маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш, инвестиция киритишни рағбатлантириш, инфляцияни жиловлаш мақсадларида иш хақи ўсишини тартибга солишда намоён бўлади. Давлат инфляцияга қарши сиёсатни олиб борар экан, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг умумий эҳтиёжларини хисобга олган ҳолда иш хақи ўсишининг узоқ муддатли чегарасини марказлаштирилган ҳолда белгилаши мумкин.
Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда иш ҳақини давлат томонидан тартибга солишнинг энг самарали воситаси иш ҳақининг (ёки тариф ставкасининг) энг кам миқдорини белгилашдир. Компаниялар раҳбарлари билан касаба уюшмалари ўртасидаги турли даражадаги жамоавий шартномаларни тузишда музокаралар бевосита иш ҳақи энг миқдори бўйича олиб борилади. Ушбу ҳужжатларда, шунингдек турли мукофотлар ва устамалар, малака даражасига боғлиқ равишда тармоқлар бўйича иш ҳақини табақалаш белгилаб қўйилади.
Пул даромадларини (иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар) инфляциядан ҳимоя қилиш муаммоси алоҳида аҳамиятга эгадир. Шу мақсадда индексация қўлланилади, яъни давлат томонидан аҳолининг пул даромадларини ошириш механизмларидан фойдаланилади. Ушбу механизм истеъмол товарлари ва хизматлаининг қимматлашишини қисман ёки тўла қоплаш мақсадини кўзлайди. Даромадларни индексация қилиш аҳоли, айниқса унинг ночор қисми - белгилаб қўйилган даромадларга эга пенсионерлар, ногиронлар, шунингдек ёшларнинг харид қобилиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Индексация ҳам давлат миқёсида, ҳам жамоа шартномалари орқали алоҳида корхоналар даражасида амалга оширилади.
Ҳар бир давлат иқтисодий ривожланишининг ҳар бир босқичида ўз ижтимоий ривожланишининг устувор мақсадларини белгилайди. Ушбу стратегик мақсад – одамлар фаровонлигини оширишга йўналтирилган. Ривожланишнинг шарт-шароитларидан келиб чиққан ҳолда айрим мамлакатлар биринчи навбатдаги вазифалар қаторида ишсизликни камайтириш, бошқалари - камбағаллика барҳам бериш, учинчилари - инсон салоҳиятини ривожлантириш ва ҳоказолар белгиланади. Мазкур мақсадга эришишнинг ёндашувлари турлича бўлиши мумкинлигига қарамасдан, энг асосийси - ижтимоий иқтисодиётнинг стратегиясини ишлаб чиқишдир. Мазкур стратегия ижтимоий муаммолар – иш билан бандликни ошириш, камбағаллик даражасини камайтириш ва ҳоказоларни самарали амалга ошириш имкониятни берадиган механизмларни яратишга қаратилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |