Ўрта Осиёда палеолит даври индустрияларининг вариабллиги.
1960-йилларнинг охири 1970-йилларнинг бошларида дунёда Ф. Борд ғояларини қўллаш кенг тарқалади [Bordes, 1979], Унга кўра ўрта палеолитда бир қатор «маданий гуруҳлар» (ёки «фациялар», «маданий вариантлар», «техник варианлар» ва ҳ.к. лар) ҳукм сурган, улар асосида маданий кетма кетлик ёки маданий вариабллик кузатилиши мумкин. Ушбу ғоялар бутун дунё археологилари томонидан якдиллик билан қабул қилинди, негаки, у археологик материалларни унификациялаш, қиёслаш ҳамда ёдгорликларнинг маданиятлар доирасида ўрнини аниқлаш учун қулай эди. Бу даврга келиб Ўрта Осиё ҳудудида кўплаб ёдгорликлар топилдиким, уларни маданий даврий тасниф қилиш зарурати пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам Ф. Борд ғоялари тадқиқотчилар томонидан қабул қилинди ва ҳудуднинг палеолит даври ёдгорликларига эксполировка қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай маданий даврий схемалар ўрта палеолит даври ёдгорликлари асосида қурилди, негаки, ҳудудда ўрта палеолит билан юқори палеолит даври ёдгорликлари орасида сон жиҳатидан катта диспропорция мавжуд эди. В. А. Ранов ушбу далинининг сабабини 40 25 минг йилликлар орасида ҳудуднинг депопуляцияга учаганлиги билан боғлаган эди. Бундай депопуляциянинг сабаби ҳудуднинг аридлашуви ёки ҳайвонот ўсимлик дунёси захираларининг кескин камайиб кетиши бўлиши мумкин деб кўрсатилди [Davis, Ranov 1999]. Г. П. Григорьевнинг фикрича, Ўрта Осиёда ўртадан сўнгги палеолитга ўтиш узоқ давом этган ва бу ерда классик нуқтаи назардан «соф» юқори палеолит мавжуд бўлмаган [Григорьев, Ранов, 1973]. К. А. Колобов ва А. И. Кривошапкинлар томонидан ҳудуддаги айрим юқори палеолит даври ёдгорликлари мезолит даври билан адашиб санаб юборилган, деган фикрни билдирадилар. Негаки, илгари мезолит даври маданиятини ажратишнинг асосий мезони микротехниканинг пайдо бўлиши ҳисобланган. Бироқ тадқиқотчиларнинг ишларида ушбу техника сўнгги палеолит даври ҳам мавжуд бўлганлиги аниқланган [Кривошапкин и др., 2009].
Концепция В.А. Ранова
В. А. Ранов ўзининг эски қарашларини (А ва Б гуруҳларга ажратишни) Ф. Борд ғоялари билан мослаштиришга интилган. Қарашларнинг бундай симбиози натижасида В. А. Ранов А ва Б гуруҳлари чегара ҳудудларидаги индустрияларнинг вариабеллигини аниқлаш учун фацияларга ажратишни таклиф қилди (прил. 4, рис. 7).
Тадқиқотчининг фикрича, А (леваллуа-мустьея) гуруҳи техник-типологик таҳлилларга кўра учта фацияга: леваллуа, леваллуа-мустье, мустьега; Б гуруҳи эса: мустье-соан фациясига ажратилиши лозим; тишсимон мустье эса алоҳида фация ҳисобланган [Ранов, Несмеянов, 1973, с. 22-25].
Леваллуа фациясига Ходжакент, Оби-Рахмат (Узбекистан), Джар-Кутан (Таджикистан) ёдгорликлари киритилган ва уларнинг индустриялари учун полюсли бир икки майдонли нуклеуслар, тановорлари асосан йирик ҳажмли леваллуа типидаги пластиналардан иборатлиги характерлидир.
Леваллуа-мустье фациясига Кайрак-Кум (Таджикистан), Капчигай, Тоссор (Қирғизистон) ёдгорликлари киритилиб, уларнинг индустриялари леваллуа фацияси комплексларига яқин, аммо айрим ўзига хосликлари кузатилади. Бу индустрияларда асосан полюсли ва гардишсимон кўп майдонли нуклеуслар ташкил қилади, шунингдек, пластиналар олинган гардишсимон нуклеуслар кўп учрайди. Пластиналар индекси аввалги фациядаги каби юқори, тановорлари орасида леваллуа пластиналар кўпчиликни ташкил қилади. Бундан ташқари атипик шаклларнинг ортиб бориши ҳам кузатилади.
Мустье фацияси Тешик-Таш (Узбекистан), Семиганч, Огзи-Кичик (Таджикистан) ёдгорликларидан иборат. Уларда бир икки томонли гардишсимон нуклеуслар кўпчиликни ташкил қилади, пластина ва леваллуа индекслари камайиши кузатилади. «қуроллари орасида мустье типидаги нафақат қирралари, балки елкасига ҳам синчиклаб ишланган буюмлар кенг тарқалади» [Ранов, Несмеянов, 1973, стр. 25].
Б гуруҳининг Мустье-соан фацияси Қора-Бура, Кихи-Пиез, Ак-Джар (Таджикистан) ёдгорликларидан иборат. Уларнинг индустрияларида системасиз чақмоқланган гардишсимон нуклеуслар кўпчиликни ташкил қилади, кенг ва текис зарб майдончали калта пропорцияли юпқа атипик учириндилар учрайди, пластиналар фоизи кам. Характерли хусусияти чоппинглар типидаги галькали қуролларнинг мавжудлигидадир.
Тишсимон мустье фациясига Кульбулак ва Георгиевский Бугор материаллари киритилган. Ёдгорликларда асосан тишсимон ретушли буюмлар кўпчиликни ташкил қилади.
Юқори палеолит учун В.А. Ранов шартли равишда учта фацияни ажратади: самарканд, ходжагор, каракамар. В.А. Рановнинг фикрича биринчи фация А гуруҳига, қолган иккитаси эса Б гуруҳига киритилган.
Самарканд фацияси Найза-Таш (Таджикистан), Самарканд макони (Узбекистан) кабилардан киритилган. Уларнинг индустриялари учун қуроллар тайёрлашда асосий тановор сифатида йирик пластинасимон учириндилардан фойдаланилган, мустье элементлари сақланиб қолади, галькали қуроллар мавжуд бўлади ва нуклеусларнинг қўпол шакллари учрайди.
Каракамар фациясига Янгаджа (Туркменистан), Кара-Камар (Афганистан) ёдгорликлари киритилган. Ушбу фация каране шаклидаги қирғиччалар, гардишсимон ва қўпол призмасимон нуклеуслар ва йирик ҳажмли пластиналари билан ажралиб туради.
Ходжагор фациясига Ходжа-Гор, Кызыл-Лай (Таджикистан) ёдгорликлари киритилган. Улар индустриялари қоракамар фация индустрияларига ўхшаш, аммо бу ерда анча ривожланган шакллар: «граветт» типидаги тиғлар, йўнилғи уларида шакллантирилган қирғиччалар, ихтисослашган қуролларнинг кўп сонлилиги – тиғлар, тош бигизлар ва ҳ.к.лар кенг тарқалган [Ранов, Несмеянов, 1973].
Кейинчалик концепцияга муаллифнинг ўзи томонидан қуйидаги тузатишлар киритилган: Худжи ёдгорлиги леваллуа-мустье фациясига [Ранов, 1984], мустье фациясига - Кутурбулак киритилган [Ranov, 1984].
З.А. Абрамова Ўрта Осиё ўрта палеолитини обзор қилишда В.А. Рановнинг ғояларини асос қилиб олади, бироқ унга хусусий ва умумий характердаги айрим ўзгаришларни киритади. У биринчидан, Оби-Рахматни мустье фациясига киритишни таклиф қилади [Абрамова, 1984]; иккинчидан, қоракамар ва хўжағор фацияларини биртта гуруҳга бирлаштиришни таклиф қилади; учинчидан ҳудудда кўлбулоқ фациясини ажратишни таклиф қилади, чунки унинг инвентари «мустье даври қатламларига хос бўлган типологик хусусиятларини қисман сақлаб қолади» [Абрамова, 1984а].
В. А. Рановнинг «К изучению мустьерской культуры в Средней Азии» [Ранов, 1971] номли асарида ўзининг тузилмалари асослаб берилади ва бу Л. Б. Вишняцкий томонидан «Изучение палеолита Средней Азии (материалы, методы, концепции)» номли мақоласида таҳлил қилинади [Вишняцкий, 1989]. Натижада Л. Б. Вишняцкий Ранов томонидан илгари сурилган коцепциялар етарлича асосланмаган, негаки, унинг асосий аргументи келажакдаги тадқиқотларда Қайроққум, Жарқўтон ва Обирахмат ёдгорликларида леваллуанинг юқори фоизи ҳамда Тешик тош ва Қара Бурада леваллуанинг анча паст фоизи кузатилажагини таъкидлаган, деган хулосага келади [Вишняцкий, 1989, С. 11-13]. Таъкидлаш жоизки, ушбу схема кейинчалик қўшимча асосланмасдан, мақоладан мақолага аксиома сифатида кўчирилаверди.
Шунингдек, Л.Б. Вишняцкийнинг фикрича, В.А. Ранов концепциясининг камчилиги терминологик аппаратнинг заиф ишланганлигида ҳамдир [Вишняцкий, 1989]. Кейинчалик биз ҳоҳлардикки, В.А. Ранов ўзининг тузилмаларида Ф. Борд томонидан Франциянинг ёдгорликлари асосида ишлаб чиқилган типологик схемани Ўрта Осиё ёдгорликларига мослаштирмасдан қўлласа.
В.А. Рановнинг концепцияси юқоридаги танқидларга қарамасдан илмий жамоатчиликда кенг қабул қилинган ва ҳозирда ҳам марказий ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |