Сўнгги палеолит
Ўрта Осиёда (Узбекистанда) юқори палеолит даври тарихи фрагментар тарзда намоён бўлади, негаки бу ерда ўрта палеолит ва мезолит даври ёдгорликларига нисбатан сўнгги палеолит даври ёдгорликларининг сон жиҳатидан диспропорцияси кузатилади ва мавжуд юқори палеолит даври ёдгорликлари орасида эса стратиграфиялашганлари жуда кам. Бунинг сабабини Р. Дэвис ва В. А. Рановлар ҳудунинг бундан 40 ва 25 минг йилликлар оралиғидаги депопуляцияга учраганлигида кўради [Davis, Ranov, 1999]. Г.П. Григорьев эса Ўрта Осиёда ўртадан сўнгги палеолитга ўтиш узоқ давом этган ва бу ерда классик нуқтаи назардан «соф» юқори палеолит мавжуд бўлмаган [Григорьев, Ранов, 1973]. Юқори палеолитнинг маданий-даврий схемалари Кўлбулоқ ва Самарқанд маконлари асосида қурилган11.
Юқори палеолит даври комплексларининг белгиловчи хусусияти индустрияларнинг архаик кўринишида (бундай архаиклик мустье даври элементларининг – қирғичлар ва чопперлар ҳамда чоппинглардан иборат галькали қуролларнинг мавжудлиги тушинилади); шунингдек, «юқори палеолитга оид буюмлар орасида пластина ва микропластиналардан ишланган қуролларнинг, геометрик шаклларнинг ва микролитизациянинг йўқлигидадир» [Кривошапкин и др., 2009, стр. 75]. Таркибида галькали қуролларнинг кенг тарқалганлиги асосида Самарқанд юқори палеолит макони сибир-монголь провинцияси таркибига киритилган, ва улар мальта бурет маданиятининг галькали анъаналарини шаклланишига таъсир кўрсатган деб ҳисобланган [Окладников, 1955; Ранов, 1973; Джуракулов, 1987; Коробкова, Джуракулов, 2000].
2007 йилда Ўзбекистон Россия Бельгия халқаро экспедицияси Ўзбекистонда сўнгги палеолит даврини қайта ўрганишни бошлади. Бундан мақсад, биринчидан, Обирахмат ғорини ўрганиш жараёнида илк сўнгги палеолитга оид комплекс аниқланди (2-14 қатламларда) [Деревянко, Кривошапкин, 2001], шундан келиб чиқиб ушбу индустриянинг анча кейинги комплексларда қандай тараққий қилганлиги масаласи кўндаланг бўлиб қолди. Иккинчидан, 2000-йилларнинг бошларида М. Отт ва Я. К. Козловскийларнинг [Отт, Козловский, 2001; Otte, Kozlowski, 2004] концепцияси шаклланди, унга кўра «ориньяк маданияти12 Осиёда пайдо бўлиб, шу ердан шимолий-шарқда Олтойга ва ғарбда Европа қитъасигача тарқалган», деган фикр илгари сурилди [Отт, Козловский, 2005]; ушбу хулоса ҳудуднинг юқори палеолитига бўлган қарашларни тубдан ўзгартириб юборди ва уни янги археологик материалларда текшириб кўриш зарурати туғилди.
2007 йилдан 2010 йиллар оралиғида сўнгги палеолитга оид Кўлбулоқ, Кызыл-Алма-2, Додекатым-2 ёдгорликлари ўрганилди. Техник типологик таҳлиллар асосида ушбу ёдгорликлар индустриялари орасида аналогиялар кузатилди ва маданий анъанага ажратилди. Ушбу маданий анъананинг илк босқичлари Кызыл-Алма-2 материаллари, сўнгра у Еўлбулоқнинг юқори палеолитга оид комплексларида кузатилиши ва кейинчалик Додекатым-2 материалларида давом этиши аниқланди. Ушбу маданий анъана қуйидаги хусусиятлари билан ажралиб туради: «бирламчи чақмоқлаш призматик ва ёнлама нуклеуслардан майда пластинкалар ҳамда каранесимон нуклеуслардан микропластинкалар ишлаб чиқаришга қаратилган. Тош қуроллари орасида ретушланган пластинка ва микропластинкалар, исканасимон қуроллар ва йўнилғиларнинг учларида шакллантирилган қирғиччалар (микроқирғиччалар ҳам мавжуд) кўпчиликни ташкил қилади» [Кривошапкин, Колобова, Харевич, 2009, стр. 90]. Ушбу маданий анъанага Самарқанд маконини киритиб бўлмайди, негаки, Самарқанд макони индустриясида микроинвентарнинг йўқлиги (микронуклеуслар мавжуд бўлсада) ҳамда архаик макроқуролларнинг кўпчиликни ташкил қилиши қайд қилинган.
Шундай қилиб, 2007-2010 йиллардаги тадқиқотлар асосида Ўзбекистондаги сўнгги палеолит даври комплексларининг архаиклиги ҳақидаги тезис шубҳа остига олинди. Аксинча, прогрессив хусусиятлар кузатилди (каранесимон буюмлар, чақмоқлашнинг майда пластинкасимон характердалиги, микротановорлардан ишланган қуроллар). Шунингдек, ҳудуднинг юқори палеолит даврида депопуляцияга учраганлиги ҳақидаги тезис ҳам шубҳа остига олинди. Эҳтимол, сўнгги палеолит даври одамлари ландшафт маконларини ўзлаштиришдаги адаптацион стратегияларини ўзгартирган [Кривошапкин и др., 2009]. Тўдахотин-2 маконидан олинган маълумотлар микролитли анъаналарнинг анча эрта пайдо бўлганлигини кўрсатди. Илгари микролитлар чақмоқлаш мезолит давридан бошланган деб ҳисобланиб келинар эди ва синчиклаб ўрганилганда Ўзбекистондаги мезолит даври ёдгорликлари келажакда қадимийлаштирилиши мумкин.
Ориньяк маданиятининг Осиёда пайдо бўлиши масаласига ҳозирча нуқта қўйилганича йўқ. Негаки, Ўзбекистоннинг сўнгги палеолит даври комплексларида ориньякни характерлайдиган фақат каранесимон тош буюмларгина қайд қилинган [Колобова, 2011, оғзаки маълумот].
Тадқиқотларнинг ҳозирги босқичида айтиш мумкинки, Обирахмат маданияти Яқин ва Ўрта Шарқнинг леваллуа комплекслари асосида шаклланган, Ходжакент-1,2, Кульбулак, Зирабулак, Кульбулак (23 слой) ёдгорликлари ўтиш даври типидаги Обирахмат маданияти доирасига киради. Ҳудудда Обирахмат маданиятининг кейинги тараққиёти сўнгги палеолитга оид Кызыл-Алма-2, Кульбулак, Додекатым-2 ёдгорликлари материалларида кузатилади. Эҳтимол, ҳудудда мезолит маданиятларининг шаклланиши Кўлбулоқ ва Тўдахотин кўринишидаги маҳаллий сўнгги палеолит даври асосида шаклланганлиги билан боғланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |