Бирлашган Германиянинг сиёсий ва
ижтимоий-иқтисодий тараққиёти
Германиянинг бирлашиши мамлакатнинг халқаро мавқеини анча
мустаҳкамлади. Аммо дунё сиёсати тизимидаги янги мавқе ГФРга
имтиёзлар бериш билан бирга, зиммасига буюк давлатга хос янги
сиё-сий, молиявий ва ахлоқий мажбуриятларни ҳам юклади. 1990
йилнинг январидаёқ Г. Коль ГФРнинг халқаро майдондаги муам-
моларни ҳал қилишдан, можароларни бартараф этишдан четга қола
олмаслигини таъкидлаган эди. Бу жуда рамзий баёнот эди, чунки
унинг эълон қилиниш вақти БМТ байроғи остида Форс кўрфази
минтақасида ҳарбий ҳаракатларнинг бошланиши даврига тўғри кел-
ди. Гап ГФР ҳарбий доктринасини тубдан ўзгартириш тўғрисида
бораётган эди. Узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг, федерал
Конституциявий суд “Германия барқарорлиги ва бирлигига зарар
келтириши мумкин бўлган можаро ва инқирозларни бартараф этиш
учун” Бундесверни ГФР ва НАТО аъзолари ҳудудларидан ташқарида
233
ҳам ишга солиш қонунийлиги тўғрисида қарор қабул қилди. Қуролли
кучлар таркиби ҳам қайта тузилди. Бундесвер таркибида 54 минг
кишидан иборат “инқирозли вазиятларда ҳаракат қилувчи кучлар”
тузилди. Кейинги йилларда ГФР НАТОнинг халқаро хавфсизлик-
ни таъминлаш стратегияси, жумладан, бу блокни Европа шарқига
қаратиб кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватлаб келди. Бундес-
вер учун биринчи синов Босния ва Герцоговинадаги “тинчликпар-
варлик” операциясида қатнашиши бўлди.
ГФРнинг НАТОдаги сиёсий мавқеининг ўзгариши унинг итти-
фоқчилари томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланди. АҚШ
Президенти катта Ж. Буш Шимолий Атлантика блоки раҳбариятида
ГФРнинг иштирокини кўзда тутган ҳолда “тенг ҳуқуқли раҳбарлик”
ғоясини илгари сурди. Аммо Г. Коль ташқи сиёсатда Россия билан
ҳам дўстона алоқаларни сақлаб қолишга уринди. Бу йўналишда
ҳал қилувчи қадам 1992 йил декабрда Москвага ташрифи давомида
қўйилди. Ельцин ва Колнинг 1992 йил 16 декабрдаги Қўшма баё-
ноти ўзаро алоқаларини мустаҳкамлади. Баённотда: “Россия томони
Россия (собиқ СССР) Ғарбий гуруҳ қўшинларининг кўчмас мулкига
даъвосидан, Германия эса Россия қўшинлари жойлаштирилган ер-
ларда атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш бўйича даъвоси-
дан воз кечди”, – дейилганди. Россия қўшинларининг Германиядан
чиқарилиши 1994 йил 31 августда якунланди. Кейинчалик, Коль ва
Ельцин ўртасидаги муносабат дўстона характерга эга бўлди. 90- йил-
ларнинг ўрталарида Россия–Германия сиёсий мулоқотининг халқаро
муносабатлар тизимдаги ривожланиши 80- йиллардаги Совет–Аме-
рика муносабатларини эслатар эди.
Г. Коль раҳбарлиги даврида Германия ташқи сиёсатидаги энг
устивор йўналиш Ғарбий Европадаги интеграция жараёни бўлиб
қолди (турли мамлакатлар иқтисодий ҳаётининг ягона иқтисодий си-
ёсат асосида ўзаро боғланган ҳолда ривожланиш шакли). Мамлакат
бирлашуви келтириб чиқарган улкан иқтисодий қийинчиликларга
қарамасдан, ГФР Маастрихт келишувлари асосида интеграцияни
чуқурлаштиришнинг фаол тарафдорларидан бўлди. 1995–1996 йил-
ларда Франциянинг янги Президенти Ж. Ширакнинг бу масалада
босиқлик билан сиёсат юритишидан фойдаланиб, Г. Коль Европа ин-
теграцияси жараёнида етакчилик ролини ўз қўлига олди. 1996 йил-
да Париж ва Бонн Европа Ҳамжамиятлари таъсис ҳужжатларидаги
бир қатор низомларни ўзгартириш ва Маастрихтда баён қилинган
интеграция дастурларига аниқлик киритиш бўйича ташаббус билан
234
чиқдилар. Гап, энг аввало, Европа пул бирлигига ўтиш механизм-
ларини ишлаб чиқиш ва Европа Иттифоқининг келажакда кенгайи-
ши масаласини ҳал этиш тўғрисида борарди. Г. Коль санаб ўтилган
барча масалаларни муҳокама қилишда ва ЕИнинг ХХI аср бошида
ривожланиш стратегиясини белгилаб берган 1997 йил Амстердам
Шартномасини тайёрлашда ҳал қилувчи роль ўйнади.
Бирлашган Германиянинг Европа Иттифоқида етакчилик қилиш
даъволари фақатгина унинг раҳбарияти даъволаридан эмас, бал-
ки янги геополитик вазиятда ҳам кўринарди. Германия у билан
ҳамкорлик қилишни мўлжаллаган қўшни давлатлар ва Европа бозор-
лари марказида турар эди. Бенилюкс Иттифоқи (Белгия, Нидерлан-
дия, Люксембург) мамлакатлари, Австрия ва ЕИга кирган Сканди-
навия мамлакатлари билан биргаликда Марказий Европа ядросини
ташкил этар ва Германия дипломатиясининг узоқ йиллик орзусини
ифодаларди. Германия Шарқий Европада ҳам фаоллашиб, Венгрия,
Чехия, Польша, Болтиқ денгизи мамлакатларини жалб этувчи стра-
тегик иттифоқчига айланди. 1991 йилда ГФР Ҳукумати Югослави-
ядан биринчи бўлиб ажралиб чиққан иккита: Словения ва Хорватия
республикалари суверенитетини тан олди. Г. Кольнинг бу қадами
федерацияга қаттиқ зарба бўлса-да, бироқ Германиянинг Словения
ва Хорватиядаги халқаро мавқени мустаҳкамлади.
Германия бирлашишининг ички оқибатлари анча мураккаб кечди.
Турлича ижтимоий тузумда ўнлаб йиллар давомида яшаш, бир миллатни
бўлиб ташлаб, бир-бирига қарама-қарши қўйган ташвиқотнинг фаоллиги,
ижтимоий муносабатлар, ҳаётий ва миллий қадриятларни турлича қабул
қилиш, тарихан шаклланган психологик хусусиятлар – бунинг ҳаммаси
ягона олмон миллатининг қайта шаклланишини қийинлаштирди.
Бирлашиш жараёнида ўзаро қарама-қаршилик, жирканиш, менси-
маслик ва Ғарбий Германиядаги ишбилармон ва сиёсий доиралар
томонидан шарқий олмонларни яширинча камситишлар рўй берди.
ГДР аҳолисининг илгариги сара гуруҳи: ҳарбий хизматчилар, спорт-
чилар, маданият ходимлари ва зиёлилардан саноқли кишиларгина
ўзларига яраша арзигулик иш жойига эга бўлишди. Германия бирла-
шишининг мўъжизавий иқтисодий самараси ҳақидаги умидлар хом-
хаёл бўлиб чиқди. Ижтимоий-иқтисодий тизимларни бирлаштириш
стратегик режалаштиришсиз, синовлар ва хатолар йўли билан амалга
оширилди. Олдинги ишлаб чиқариш ва савдо инфратузилмасининг
барбод бўлиши, тузилмавий қайта қуришнинг бошланиши “янги
ерлар”да ишлаб чиқаришнинг кескин пасайиб кетишига олиб кел-
235
ди. Бу ерда ишчи ўринларининг 50% дан кўпроғи йўқ қилинган эди.
Ишсизлик 30% ни ташкил этди. 1990 йил июлида пул ислоҳотининг
ўтказилиши Шарқий Германия учун кутилмаган ҳол бўлди. ГДР мар-
калари дойчмаркаларга алмаштирилди. Ўтиш даврида ойлик маоши,
стипендиялар, нафақалар, яшаш жойи учун ижара тўловларининг
олдинги ҳажми сақлаб қолинди ва аҳоли учун алмаштириш 1:1 ко-
эффицент билан болаларга 2 минг маркагача, катталарга 4 минг мар-
кагача ва пенсионерларга 6 минг маркагача амалга оширилди. Бун-
дан ортиқ маблағлар 1:2 нисбатда алмаштирилди. Аммо тез орада
Шарқий Германиядаги маҳсулот бозори издан чиқди ва бу ерларда
аҳоли турмуш даражаси ниҳоятда пасайиб кетди.
Шарқий Германия саноатини маъмурий қайта қуришга уриниш
ҳам қийин ва самарасиз кечди. Ғарбий германиялик мутахассис-
лар ҳисобига маъмурий ходимларни ёппасига янгилаш муаммоси,
мутлақо бошқа ишлаб чиқариш маданияти, асбоб-ускуналарнинг
технологик қолоқлиги, анъанавий бозорларнинг издан чиқиши
ва бошқалар катта ишлар қилиш кераклигини билдирди. Бунинг
ҳаммаси ГФР Ҳукуматини шарқий ерларни янгилаш федерал дастур-
ларини узоқ муддат ичида сақлаб туришга мажбур қилди. Земеллар-
га молиявий маблағлар қўйиш 1991 йилда 140 млрд, 1992 йилда 152
млрд ва 1993 йилда эса 182 млрд маркани ташкил этди. ГФР эса бу
даврда янги иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган эди.
90- йилларнинг бошида Ғарбдаги етакчи мамлакатлар иқтисодий
таназзулга дуч келди. Германия иқтисодиёти ҳам энг оғир аҳволда
эди. Инқирознинг энг юқори нуқтаси 1993 йилга тўғри келди, унда
ЯИМ ўсиши 1,1% ни ташкил этди. Машинасозликнинг етакчи
тармоқларида ишлаб чиқаришнинг пасайиши 20–25% ни ташкил
этди. Ишсизликнинг турғун ўсиши бошланди, у 1991 йилда 5,5%
ни, 1993 йилга келиб эса 8,9% ни ташкил этди. Бундай жиддий
иқтисодий инқироз сабаблари қисман бирлашиш муаммолари билан
боғлиқ эди. Шарқий Германия иқтисодиётини янгилаш дастурлари-
ни амалга ошириш Ғарбий Германия иқтисодиёти барқарорлиги пой-
девори бўлган молиявий тизимнинг зўриқишига сабаб бўлди. Бюд-
жет мувозанати издан чиққан эди. Бу ҳолат кейинчалик ҳам, бутун
90- йиллар давомида ҳам сақланиб қолди. Давлат қарзлари ўсиб бор-
ди, инфляция белгилари пайдо бўла бошлади. Ҳукумат солиқларни
ва банклардаги фоиз кўрсаткичларини оширишга мажбур бўлди.
Аммо бу тадбирлар молиявий йўқотишларни кам миқдорда қоплаб,
ишбилармонлик фаолиятини пасайтирди ва ишлаб чиқаришнинг
қисқаришини янада чуқурлаштирди.
236
1994 йилда иқтисодий аҳволнинг жонланиши кўзга ташланди.
ЯИМнинг ўсиши 2,8% ни ташкил этди. Аммо 1995–1996 йиллардаёқ
янги инқироз бошланди. Ишлаб чиқаришнинг кескин пасайиши рўй
бермаган бўлса-да, барча макроиқтисодий кўрсаткичлар тизимда
жиддий номутаносибликлар сақланиб қолганидан дарак берарди.
1997 йилга келиб, ишсизлар иқтисодиётдаги фаол аҳолининг 11,3%
ини ташкил этди. Ўн йиллик бошида ЯИМ 40% ини ташкил этган,
давлат қарзлари ҳам мунтазам ўсиб борди ва 1996 йилга келиб ЯИМ-
нинг 60% идан ошиб кетди. ЯИМнинг ўсиши билан бирга юз берган
1997 йилдаги инқирозни енгиб ўтиш, асосан, экспортнинг ошиши-
га боғлиқ эди. Бундай шароитда ҳукумат ўз сиёсатига тузатишлар
киритиши керак эди. Асосий шиор ҳар томонлама иқтисод қилиш
бўлиб қолди. Г. Коль ҳукумати умумий иш ҳақининг ярмидан кўпроқ
даражасигача солиқларни оширишга, давлат хажаратларини, жумла-
дан, шарқий ерларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш учун ажратил-
ган харажатларни кескин камайтиришга мажбур бўлди. “Меҳнатга
кўмаклашиш тўғрисда”ги Қонунга мувофиқ (1996 й.) малака оши-
риш, қайта тайёрлаш учун маблағлар ва ишсизлик нафақаси анча
қисқартирилган эди. Соғлиқни сақлаш ва нафақа учун тўлов хара-
жатлари камайтирилди. Бундай чораларнинг қўлланилиши ҳукумат
обрўсининг тезда тушиб кетишига сабаб бўлди.
Германияда 90- йилларнинг биринчи ярмида сиёсий вази-
ят барқарор эди. Кузда рўй берган мамлакатнинг бирлашиш жа-
раёни унинг ташкилотчиси христиан демократлар устунлигини
мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу 1994 йили Г. Коль партиясига
навбатдаги тантанани туҳфа этди. Май ойида мамлакат Президенти
этиб ХДС вакили, 1987 йилдан ГФР Конституцион суди раиси вази-
фасида ишлаб келаётган 60 ёшли ҳуқуқшунос Р. Херцог танланди.
1994 йил кузида Бундестагга навбатдаги сайловлар бўлиб ўтди. Му-
холифат ўз мавқеини анча мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. ГСДП
36,4% овоз ва 252 мандатга эга бўлди. Шунга қарамасдан, ҳукумат
коалицияси Парламентда кўпчиликни ташкил этди. ХДС 34,2%
овозга (244 мандат), ХСИ 7,3% овозга (50 мандатга) эга бўлди.
Қийин иқтисодий аҳволни ҳисобга олганда, бу ютуқ Г. Колнинг кат-
та шахсий муваффақияти эди. Колнинг Германияни бирлаштириш-
даги хизматларини олмон халқининг қадрлаши деб эътироф этилди.
Навбатдаги, 1998 йилги Бундестаг сайловларигача ўтган тўрт йил
мобайнида христиан демократлар на ўз обрўларини оширишга ва на
дастурларини янгилашга муваффақ бўлишди. Фақат 1998 йил даво-
237
мида иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши сайлов компаниясининг
омадли бўлишига умид туғдирарди, холос. ЯИМнинг ўсиши даст-
лабки 8 ой ичида 2,2% ни ташкил этди. 1998 йил сайловлари арафа-
сида социал-демократларнинг обрўси ошганлиги кўриниб турарди.
1998 йил сайловлари социал-демократларга узоқ кутилган
ғалабани ҳадя этди. ГСДП 40,8% овоз ва 298 мандатга эга бўлди.
Парламент сайловларида ғалаба қилиш учун “алвон-яшил” ко-
алиция ташкил қилинди. 67% овоз ва 47 мандатга эга бўлган
“Иттифоқ–90” яшиллар” блоки унинг аъзоси бўлди. Биринчи марта
ДСП 5% ли тўсиқни ошиб ўтди (5,1% ва 35 мандат). ХДС/ХСС бло-
ки 35,3% овозга (245 мандатга), ЭДП эса 6,2% овоз (44 мандатга) эга
бўлди. Герхард Шредер Германиянинг янги Канцлери бўлди. Шре-
дер ҳукуматда Ташқи ишлар вазири “Иттифоқ–90” яшиллар” блоки
етакчиси Йошка Фишер бўлди. 1999 йил май ойида социал-демо-
кратлар муваффақиятли равишда Президент сайловларини ўтказди.
Бу лавозимни Йоханнес Роу эгаллади.
Ички сиёсатда Шредер “неоконсерватив тўлқин” позициясида
турган янги сиёсатчилар Блеер ва Жоспен тажрибасидан фойда-
ланди. Устивор йўналишлар: компаниялар солиқларини камайти-
риш, меҳнат бозори эгилувчанлигини таъминлаш ва иш куни да-
вомийлигини ўзгартириш, меҳнатга ҳақ тўлаш учун чегирмаларни
қисқартириш, иқтисодиётдаги ижтимоий секторни янгилашдан ибо-
рат бўлди. Ижтимоий бозор, иқтисодиёт тизимини тубдан қайта ту-
зиш амалга оширилмади, аммо иқтисодий ўсиш давридаги мақбул
сиёсат жуда самарали бўлиб чиқди. Давлат харажатларини тежаш-
га, асосан, земеллар бюджетлари ҳисобидан эришилди. 1999 йилда
ҳукумат таълим соҳасини кенг миқёсда ислоҳ қилиш қарорини маъ-
лум қилиб, бу соҳага бўлган харажатлардан оқилона фойдаланиш,
рационаллаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга ҳаракат
қилди. Истиқболли илмий-техник тадқиқотлар учун қўшимча
маблағлар ажратила бошланди.
Ташқи сиёсатга ҳам Шредер катта тузатишлар киритди. 1999
йилда Германия ЕИнинг раиси бўлишига қарамасдан, валюта
иттифоқини шакллантиришга қаратилган Умумевропа дастурлари
лойиҳаларини маъқуллашга шошилмади. Германия интеграция жа-
раёнига қатнашишга тайёр эканлигини намойиш этди, аммо бошқа
мамлакатлар учун маблағ тўлашдан бош тортди. 1999–2000 йиллар-
да Германия НАТО таркибида фаолроқ бўлди. Шредер Косовадаги
можарога нисбатан ўта муросасиз йўл тутди. Россия билан ўзаро
238
муносабатларда эса совуқлик даври бошланди. Охирги Парламент
сайловлари вақтида Россия Президенти Ельцин томонидан Колнинг
очиқчасига қўллаб-қувватланиши Москванинг янги ҳукумат билан
яқинлашишига тўсқинлик қилди. 2000 йилда шу йўналишда Герма-
ния дипломатияси Россиянинг ташқи қарзлари масаласида етарлича
муросасиз йўл тутди.
Ҳозирги ГФР Ялпи миллий маҳсулоти миқдори бўйича Евро-
пада биринчи, жаҳонда учинчи ўринда туради. ЯММ миқдори – 1
трлн 950 млрд доллар; жон бошига – 30150 доллар (2005 й.); йиллик
ўсиш – 2,8 фоиз (2008 й.). ГФРга жаҳон ЯММнинг 7,8 фоизи, ЕИ
ЯИМнинг 28 фоизи тўғри келади. ГФР жаҳон саноат маҳсулотининг
6,8 фоизини бермоқда. Мамлакат саноатида металлургия, кимё,
электро техника, машинасозлик соҳалари, қурилиш саноати юқори
даражада ривожланган. Йилига 43 млн тонна пўлат, 6 млн дона ав-
томобиль (“Опель”, “Мерседес-Бенц” машиналари ҳаммага яхши
маълум) ишлаб чиқаради. 780 млрд кВт соат электро энергия ишлаб
чиқаради. Атом энергияси 20 фоизни ташкил этади. Энергия манбаи –
тошкўмир (35 фоиз). Унинг захиралари 20 млрд тоннага тенг.
Мамлакат ниҳоятда унумли қишлоқ хўжалигига эга бўлиб,
унинг бу соҳадаги улуши ЯММнинг 15 фоизига тўғри келади. Бу
соҳада аҳолининг 5 фоизи банд. Ички истеъмолнинг 90 фоизи
шу ҳисобдандир. Аграр соҳада чорвачилик етакчи ҳисобланади.
Маҳсулотнинг 67 фоизи шу тармоққа тўғри келади. Йил давомида
жон бошига ўртача 97 кг гўшт маҳсулотлари истеъмол қилинади.
Мамлакатнинг ғарбий ўлкаларида гектаридан 65–67 центнер,
шарқий ўлкаларда эса 52–54 центнердан ҳосил олинади.
ГФРдаги транспорт тизимида, асосан, давлат тасарруфидаги
федерал темир йўллар етакчилик қилади. Уларнинг умумий узун-
лиги деярли 41 минг километрдан ошиқ бўлиб, шулардан 50 фои-
зи электрлаштирилган. Автомобиль транспорти ҳам яхши ривож-
ланган, жами 50 млн га яқин автомашина бор, шулардан 40,5 млн
донаси енгил автомобиллардир. Автомобиль йўлларининг умумий
узунлиги 224 минг км. Савдо флотида 110 дан ортиқ кема бор. Дав-
латнинг ташқи савдо айланмаси – 1 трлн 350 млрд маркадан ошиқ,
шундан экспорт 700 млрд маркани ташкил этади. Савдо шерикла-
ри, асосан, Европа Иттифоқи мамлакатларига тўғри келади (айлан-
манинг 51 фоизи). АҚШ, Россия МДҲ, шу жумладан, Ўзбекистон
билан ҳам савдо, техникавий, илмий ва амалий муносабатлар
ўрнатган. Сайёҳлик ГФР иқтисодиётида салмоқли ўринни эгаллай-
239
ди. Бу соҳа йилига 17–18 млрд марка даромад келтиради. Айниқса,
Болтиқбўйи қирғоқлари, Саксония Швейцарияси, Баден кўли, Альп
тоғ ёнбағирлари сайёҳларнинг севимли масканлари ҳисобланади.
Давлат бюджети камомади 2008 йилда ЯММнинг 4 фоизини таш-
кил этди, инфляция даражаси эса 4–4,5 фоизга яқин бўлди. Жами иш-
сизлар сони – 5,2 млн киши. Федерал банкнинг олтин захиралари –
13,500 млрд марка.
Германиянинг иқтисодий тараққиётидаги бош омил унинг
халқидир. Миллий анъаналар, ёшликдан сингдириладиган урф-
одатлар туфайли аниқ ҳисоб-китоб, меҳнатсеварлик, тозалик ва
покизаликка интилиш асосий роль ўйнайди. Қонун-қоидаларга
сўзсиз амал қилиши ниҳоятда ибратлидир. Йўлда ҳеч қандай транс-
порт бўлмаса ҳам, йўловчилар йўлни фақат яшил чироқдагина ке-
сиб ўтишади. Агар бирор сабаб билан қўшни ўз атрофини ифлос-
лантирса (масалан, сафарда бўлса), ён қўшниси бундан ор қилиб,
яширинча тозалаб қўяди. Шу ўринда, бир савол туғилади. Хўш, 16
йил давомида ҳукуматни бошқариб келган, икки олмон давлатининг
бирлашишида буюк сиёсий роль ўйнаб, Германия тарихида ўчмас
из қолдирган “улкан амаки” Гельмут Колнинг 1998 йил ноябрдаги
Парламент сайловларида мағлубиятга учрашига нима сабаб бўлди?
Қолаверса, Шредер дастурининг қайси жиҳатлари Коль ҳукуматига
нисбатан афзалроқ бўлди? Шунингдек, 2002 йилги сайловларда
Шредернинг 2- марта Канцлерликка сайланишига нималар сабаб
бўлди? Шуни айтиш жоизки, олмон халқи тарихий бирлашув ша-
раф-шонига, унга айтилган мадҳиялардан чарчади. Гарчи бу воқеа
давлат тарихида қанчалик аҳамиятли ва қимматли бўлмасин, аниқ
ўлчовни севадиган олмонларни бошқа муаммолар ташвишлантирар-
ди. Мазкур муаммолар халқ хўжалигининг турли йўналишларида
бўлиб, уларнинг энг асосийларини қуйидагича изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, ишсизлар муаммосидир Коль ҳукумати қанчалик
уринмасин, уларнинг сонини қисқартира олмади. Аксинча, уларнинг
сони мамлакатнинг шарқий қисмида иқтисодий ислоҳотларнинг сал-
бий меваси сифатида пайдо бўлган ишсизлар ҳисобига янада ортиб
кетди.
Иккинчидан, йирик муаммо – бу иммиграция масаласидир. Им-
миграция, яъни хориждан доимий ёки вақтинча яшаш учун Герма-
нияга келаётганлар мамлакатда жуда кўплаб ташвишларни юзага
келтирди. 1998 йилда Германияда 7,5 миллиондан зиёдроқ чет эл
фуқаролари бўлиб, уларнинг сони йил сайин ортиб борди. Энг ачи-
240
нарли ва хавфли томони чет элликларнинг мамлакатга тўхтовсиз
оқиб келиши бу ерда миллатчилик кайфиятларининг ҳам авж оли-
шига сабаб бўлди.
Учинчидан, солиқлар билан боғлиқ муаммо. Сайловчиларнинг
аксарият қисми учун бу энг аҳамиятлидир. Чунки ривожланган бо-
зор иқтисодиёти шаклланган мамлакатларда давлат хазинаси учун
“Кимдан қанча олиш керак?” масаласи ғоят муҳимдир. Сайловдан
олдин бу борада барча партиялар ўз дастурларини сайловчилар их-
тиёрига тақдим этган эдилар. Шредер ҳукумати бу соҳада ҳам улар-
нинг кўнглини ола билди. 2002 йилги Парламент сайловларида ҳам
Социал-демократик партия кўп овоз олиб, Шредер иккинчи марта
Канцлерлик лавозимини эгаллади. Бироқ Шредер ҳукумати мамла-
катдаги мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф қилолмади. 2006 йил-
ги Бундестагга бўлган сайловларда ХДС ва унга иттифоқчи бўлган
партиялар ғалаба қозонди. А. Меркел ГФР Канцлерлиги лавозимини
эгаллади. У 2010 йилги Парламент сайловларида ҳам ғалаба қилиб,
навбатдаги муддатга қайта сайланди. 2008 йилда АҚШда дастлаб
молиявий инқироз сифатида бошланган, сўнгра иқтисодий соҳани
ҳам қамраб олган инқироз дунёнинг ривожланган мамлакатларини,
шу жумладан, ГФРни ҳам қамраб олди: саноат маҳсулотларини иш-
лаб чиқариш қисқарди, ишсизлар сони 8 млн кишидан ошди, ташқи
савдо қисқарди; қишлоқ хўжалиги издан чиқди, ўнлаб банклар син-
ди; аҳолининг даромад қуввати камайди. Шунга қарамай, ГФР Евро-
па Иттифоқида етакчи давлатлигича қолмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |