47. Ёнғин хавфсизлиги қисми диспетчерлар (радиоалоқачилар)нинг бошланғич тайёргарлиги /2/
Ёнғин хавфсизлиги хизматига диспетчер лавозимига янги ишга қабул қилинган шахслар ҳамда навбатчи смена таркибидан диспетчерларни вақтинча алмаштириб турувчи ходимлар хизмат жойларида якка тартибда бошланғич тайёргарликдан ўтишлари шарт.
Тайёргарлик 15 кун давомида 6 соатдан қисмда ёки 15-25 кишидан иборат гуруҳ тузиш имкони бўлса ўқув бўлинмаларида ўтказилади.
Тайёргарлик вилоят (республика) ёнғин хавфсизлиги марказий диспетчерлик хизмати (МДХ) да, қисм диспетчерлик хизмати (ҚДХ) да, ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларига қабул қилинганлар учун 10 та, касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларига қабул қилинганлар учун 7-8 та навбатчилик давомида амалий тажрибадан ўтиш билан якунланади.
Тайёргарлик ва амалий тажрибадан ўтиш мазмуни ИИВ, ИИБ ЁХБ томонидан тасдиқланган мавзувий режа, бошланғич тайёргарлик дастури (3-илова) ва ёнғин хавфсизлиги қисм бошлиғи (ўқув бўлинмаси) томонидан тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида белгиланади.
ИИВ, ИИБ ЁХБ бошлиқларига жойлардаги шароитдан келиб чиққан ҳолда умумий соатлар сонини қисқартирмаган ҳолда дастурга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга рухсат этилади.
Масканларни ёнғиндан муҳофаза қилувчи ёнғин хавфсизлиги отрядлари, қисмлари бошлиқларига диспетчерларни муҳофаза қилинаётган маскандаги ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни ўчирувчи автоматик қурилмаларни мукаммал ўрганишлари учун дастурда кўрсатилган соатларни кўпайтиришларига рухсат этилади.
Тайёргарлик муддати тугагандан сўнг диспетчерлардан ўтилган дастур мавзулари ва хавфсизлик техникаси бўйича ЁХБ ҳамда ёнғин ўчириш штаби ходимлари таркибидаги ҳайъат аъзолари томонидан имтиҳон олинади. Бундан ташқари, улар МДХ ва ҚДХ да мавжуд қурилма ва асбоб- ускуналар билан амалий ишлаш бўйича ҳам синов имтиҳонлари топширадилар. Натижалар синов имтиҳонлари баёни билан расмийлаштирилади. Ёнғин хавфсизлиги отряд (қисм) бошлиқлари баёнга асосан диспетчерларни мустақил ишлашига рухсат этиш тўғрисида буйруқ чиқарадилар.
Бошланғич тайёргарликдан ўтмаган ёки дастур материалларини ўзлаштира олмаган шахсларга ҚДХ да ишлашга рухсат этилмайди.
Бошқа ёнғин хавфсизлиги қисми (гарнизони) га ўтказилган диспетчерлар шу қисмнинг чиқиш ҳудудини (муҳофаза қилинаётган масканни), чиқиш жадвалини ҳамда қисмдаги ёнғин ўчириш автомобилларининг асосий тактик-техник кўрсаткичларини ўрганиб, синов имтиҳонлари топширганларидан кейин мустақил хизматга қўйиладилар.