Ёнғин ўчоғи ҳақида тушунча /2; 7/
Ёнғин ўчоғи ва ёнишнинг иккиламчи ўчоғи. Дастлаб ёниш бошланган жойни одатда «ёнғин ўчоғи» деб аташади, айрим пайтларда эса «ёнғин чиққан жой» деб ҳам аташади. Ҳар икки тушунча ҳам тўғридир. Бироқ, биринчиси янада аниқроқ ва сўзлашишда қулайроқ, деб қабул қилинган. Шунинг учун биз ҳам кўпроқ ёнғин ўчоғи атамасини ишлатамиз ва шу маънода ёнғиннинг дастлабки (бирламчи) ёнган жойини тушунамиз.
Ёнғинда ёнғин ўчоғи (ёнғин чиққан жой) билан бир қаторда ёнишнинг иккиламчи ўчоғи ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Агар бу ўчоқларда ҳам ёниш анча ривожланган бўлса, унда ўт ўчириш тактикаси нуқтаи назаридан уларни ҳам кўпинча ёнғин ўчоғи деб аташади. Ёнғин хавфсизлиги хизматининг жанговар низомида «ёнғин ўчоғи» деб, ёнғин зонасидаги энг жадал ёнаётган жой тушунилади. Бу ўринда «ёнғин ўчоғи» атамасига қуйидаги маъно жавоб беради: ёнғин чиққан жой эмас, балки ёнғинда энг фаол ёниш мўлжалланган жой. Бу тушунчани эътиборга олган ҳолда ёнғин хавфсизлиги хизмати куч ва воситаларининг позициялари аниқланади (белгиланади).
«Ёнғин ўчоғи» атамасини у ёки бу маънода қўллашнинг ҳар иккаласи ҳам бир хил асосланган. Икки атама ҳам бир-бирига зид келмайди.
Ёнғин криминалистикаси нуқтаи назаридан ёнишнинг иккиламчи ўчоқлари ёнғин ўчоғи деб қаралмайди, негаки улар ёниш жараёнида маълум шарт-шароитлар туғилганлиги сабабли айрим участкаларда янада жадалроқ ёниш туфайли пайдо бўлишади. Ёнғин чиққан жойдаги дастлабки ёнғин ўчоғи ҳамма вақт ҳам бирор-бир сабабли жадал ёниш сифатида пайдо бўладиган (иккиламчи) ёнғин ўчоғи билан мос тушавермайди. Икки тушунча орасидаги фарқ шубҳасиздир: «ёнғин ўчоғи» ва «ёниш ўчоғи». Ёнғинда эса бир нечта ўчоқлардан, одатда, фақат биттаси ёнғин ўчоғи ҳисобланади. Лекин ҳамма вақт ҳам эмас. Бизга маълумки, ёниш жараёни кечаётган жойдаги шарт-шароитлар ҳамма вақт ҳам ёнғин ўчоғидаги ёнишнинг жадаллашига имкон туғдирмайди. Албатта, жуда кўп ҳолатларда айнан бирламчи ёнғин ўчоғи жойлашган жойларда олов жадалроқ ёнади ва кўпинча жадал ёниш ўчоғи пайдо бўлади. Бироқ, биз юқорида қайд қилгандек, жадал ёниш ўчоғи ҳамма вақт ҳам ёнғин ўчоғида юз беравермайди. Шунинг учун бизга кейинчалик ҳам тушунарли бўлиши учун шартли равишда келишиб оламизки, ёнғин ўчоғи деганда, биз ёнғиннинг чиққан жойини (бирламчи ўчоқ), ёниш ўчоқлари деганда эса – жадал ёниш натижасида пайдо бўлган иккиламчи ўчоқларни, ёки унинг ҳосиласини тушунамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |