Ёнғин ўчоғининг металл конструкциялар ва иншоотлардаги белгилари (излари) /2; 7/
Ёнғин ўчоғи тушунчасига изоҳ беринг. Биноларда ва металл конструкцияларда айнан қайси белгиларга қараб ёнғин ўчоғини аниқласа бўлади? Бу белгиларнинг қайси сабабдан пайдо бўлишини кўрсатиб ўтинг.
Ёнғин бўлган жойнинг тепасида металл элементларида вужудга келган ёнғин ўчоғи белгилари. Ўчоқ тепасидаги металл конструкциялар деформацияланиб, оқимтир тусга киради.
Ёнғин ўчоғининг бевосита тепасида жойлашган ва кесими унчалик йўғон бўлмаган очиқ металл конструкциялар ўчоқнинг иссиқлик таъсирига жуда «сезгир» бўлади. Бунга пўлат фермалар мисол бўла олади. Маълумотларга кўра уларнинг ёнғинга қарши чидамлилик чегараси 15-20 дақиқани ташкил қилади. Бундай фермаларнинг бевосита тагида ёнғин ўчоғи жойлашган ҳолатларда металл конструкциялар кўпинча деформацияланади, айрим ҳолатларда эса улар қулаб тушади.
Ёнғин бўлган жойнинг тепасидаги конструкциялар сақланмай қолган ҳолатлардаги ёнғин ўчоғининг белгилари. Амалиётда шу нарса ҳам маълумки, ёнғин бўлган жойни ҳатто ўчоқ тепасида жойлашган конструкциялар сақланмай қолган тақдирда ҳам аниқласа бўлади. Лекин бунинг учун бир қатор шартларга риоя қилиш талаб этилади. Масалан, ёнғин натижасида талафот кўрган ёнувчан конструкциялар: том, шифтлар бундай ҳолатларда айрим ёнмайдиган металл элементлардан ҳам таркиб топиши лозим (йирик михлар, болтлар, бириктирувчи деталлар ва шу кабилар). Ёнғин пайтида ёнувчан конструкциялар ёниб кетганидан сўнг бундай металл деталлар ерга тўкилиб тушади. Ёнғин ўчоғидан ташқаридаги ёниш зонаси тепасидаги конструкциялар ҳам ёниб қулаб тушишади, лекин бунда улар бутунлай ёниб кетмайди. Шундай қилиб, бир жойда тўпланиб қолган деталлар, масалан михлар, айрим ҳолатларда ёнғин ўчоғининг ҳолати ҳақида тусмол тузишда қўшимча белги (аломат) сифатида хизмат қилиши мумкин.
Ёнишнинг йўналтирилганлиги белгилари /2; 7/
Ёнғин тарқалишининг йўналтирилганлиги белгилари ҳақида тушунчалар беринг.
Ёнишнинг йўналтирилганлиги белгилари ёнғиннинг ўчоқдан ёки ёниш зонасидан тарқалиши йўлларида пайдо бўлади.
Бевосита ёнғин ўчоғида ёки унинг тепасида чекланган ҳудудда пайдо бўладиган белгилардан фарқли ўлароқ ёнишнинг йўналтирилганлиги белгилари ўчоқдан анча нарироқ жойларда ҳам, айрим ҳолатларда эса бутун ёниш зонасида ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Ёнғин ўчоғининг ҳолати одатда у ёки бу белгиларнинг барчасини ҳам эътиборга олган ҳолда аниқланади.
Ёнғин ўчоғининг вужудга келишига имкон яратиб берувчи ёниш йўналтирилганлиги белгиларининг пайдо бўлиши ҳам, шунингдек ёниш қонуниятларига боғлиқ. Конструкциялар, материаллар ва предметларнинг янада қизиб кетиши ва талафот кўриши (шикастланиши) кўпинча ёнғин чиққан жойга яқинроқ бўлади. Бу биринчи навбатда вақт омили билан боғлиқ: ўчоқдан узоқроқ жойлашган жойларда ёниш жараёни нисбатан кечроқ вужудга келади, шунинг учун ҳам ёниш учун бир хил шарт-шароит туғилганда бу жойлардаги талафотлар ҳам нисбатан камроқ бўлади. Энг узоқ ёниш эса ўчоқда бўлиши керак.
Бундан ташқари, конструкциялар, предметлар ва материалларнинг нисбатан бир томонлама анча қизиб кетиши ва талафот кўриши кўпинча ўчоққа қараган томонидан рўй беради. Ёнғин ўчоғига қараган юза кўпроқ талафот кўриши ёки шикастланиши мумкин, яъни бу ҳолат у ёки бу жойдаги оловнинг қайси томонга қараб ҳаракатланганлигини (йўналтирилганлигини) аниқлашда ёрдам бериши мумкин.
Бундай белгиларнинг ташқи қиёфаси турличадир. Ёнғинларда оловнинг тарқалиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳам шунингдек кўп қиррали. Ёнғин пайтида бир хил шароитда ёнаётган, лекин турли хусусиятга эга бўлган бино қисмлари, материаллар, предметлар ва уларнинг деталлари ўзларини турлича тутишади, яъни турлича талафот кўришади. Улардан баъзилари куйиб кетса, иккинчилари юқори ҳарорат таъсирида ўз рангини ўзгартиришади, учинчилари эса эрийди ва ҳоказо. Бундай белгиларнинг ташқи қиёфаси шунингдек ёнғиннинг қанча вақт давом этганлигига ва бинонинг қайси даражада талафот кўрганлигига ҳам боғлиқдир. Шу билан бирга айтиб ўтилган талафотлар ва уларнинг излари юқори ҳарорат таъсири натижаси бўлиб, улар ёнғиндаги иссиқлик жараёни қонуниятларини акс этади.
Ёнғиндаги шарт-шароитларнинг, ёнғин миқёсининг катталиги ва муҳим жиҳатларининг турли-туманлигига қарамасдан, барибир, бундай белгиларга тўғри баҳо бериш орқали ёнғиннинг қайси йўналишда тарқалганлигини аниқласа бўлади.
Бироқ шу нарсани ҳам эсда тутиш муҳимки, бундай белгиларнинг пайдо бўлиши фақат ёнғин ўчоғидан тарқалаётган оловгагина хос эмас, балки улар оловнинг иккиламчи ўчоқдан тарқалишида ҳам вужудга келади.
Ёниш тарқалишининг (йўналтирилганлигининг) айрим белгилари ёниш участкаларида «конус» контурини ҳосил қилиши ҳам мумкин. Лекин унинг пайдо бўлиши учун бинонинг маълум бир қисмлари сақланиб қолиши зарур. Нисбатан кўпроқ талафот етказилган ҳолатларда эса бундай белгилар конструкцияларнинг қулаб тушиши натижасида ёки ўт ўчириш пайтидаги конструкцияларни очишда бузилади ёки улар унчалик кўзга ташланмайди. Ёниш йўналтирилганлигининг кўпгина белгилари, албатта, «ўчоқ конуси»га умуман ҳеч қанақа алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин.
Ўтказилган ёнғин-техник экспертизаларининг амалиётига (тажрибасига) қараганда бундай белгиларни излаб топиш ва уларга тўғри баҳо бериш жуда катта аҳамиятга эга. Криминалистикада «майда-чуйда» деган тушунча йўқ, балки уларнинг ҳар бири аҳамиятлидир. Агар суд жараёнининг исботлаш назариясига қарайдиган бўлсак, унда ёнғиннинг йўналтирилганлиги белгилари ўчоқ талафотларининг бошқа белгилари билан бир қаторда исботловчи омилга эга.
Ёнғиннинг йўналтирилганлиги белгилари жуда турли-туман бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида маълум ёнғинларда уларни ўрганишда, шунингдек, уларни излаб топишда ва тўғри баҳолашда анча қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун ҳам, агар далилларни илмий томондан умумлаштириш чоғида риоя қилинадиган умумий қоидаларга биз ҳам риоя қиладиган бўлсак, унда ёнишнинг йўналтирилганлиги белгиларининг энг кўп тарқалганларини бир тизимга келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Тавсия қилинаётган бу таснифлаш (классификация) ёнғин-техник экспертизаси амалиётидан келиб чиққан бўлиб, у ушбу амалиётни умумлаштирган ва у экспертларга асқотади.
Ёнғин рўй берган муҳитнинг хусусиятлари ва тавсифига кўра ёнишнинг йўналтирилганлиги белгиларини 1.1.-суратда тасвирлангандек таснифласа бўлади.
Ёнғин рўй берган муҳитда ёнишнинг йўналтирилганлиги белгилари турлича бўлиши ва ҳатто уларнинг ҳаммаси ҳам бир вақтнинг ўзида пайдо бўлиши (вужудга келиши) мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам яққол бўлмайди.
1.1-сурат. Ёнғин тарқалиши йўналтирилганлиги белгиларининг классификацияси чизмаси
Do'stlaringiz bilan baham: |