ДЁН органлари суриштириш органи сифатида /2; 6/
ДЁН органларининг ёнғинларни суриштириш бўйича иш фаолиятининг асосини ташкил қилувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар (Кодексларнинг моддалари ва шу кабилар). ДЁН органи мансабдор шахсининг ёнғин ҳақидаги хабарни олганидан сўнг бажарадиган ишлари, яъни бажариши керак бўлган ишларнинг айнан рўйхати.
Давлат ёнғин назорати органлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал Кодексининг (ЖПК) 38-моддасига биноан ёнғинларга ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганликка доир ишлар бўйича суриштирув органи ҳисобланадилар.
Ушбу қонунчилик бўйича (ЖПКнинг 39-моддаси) ДЁН органининг бошлиғи жиноят ишини қўзғатишга, бу ишни ўзининг иш юритишига қабул қилиш ва суриштирувни бошлашга ёки ўзига бўйсинувчи бошқа ходимга суриштирув юритишни топширишга ёхуд иш қўзғатишни рад этишга ёки аризани, хабарни терговга тегишлигига кўра етказишга ҳақлидир.
Суриштирувнинг вазифалари қуйидагилардан иборат (339-модда):
1) жиноятнинг олдини олиш ёки унга йўл қўймаслик;
2) далилларни тўплаш ёки сақлаш;
3) жиноят содир этишда гумон қилинганларни ушлаш ва яширинган гумон қилинувчиларни ҳамда айбланувчиларни қидириб топиш;
4) жиноят туфайли етказилган моддий зиён қопланишини таъминлаш учун кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини юритиш.
Суриштирув органлари зиммасига жиноят аломатларини ва жиноят содир этган шахсларни топиш, жиноят-процессуал қонунчилигининг қоидаларига мувофиқ текшириб чиқилганидан сўнг жиноят иши юзасидан далил тариқасида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотларни аниқлаш мақсадида илмий-техника воситаларини қўллаган ҳолда зарур чораларни кўриш юклатилган. Ички ишлар хизмати органлари бу мақсадда тезкор қидирув чораларини кўришга ҳақлидир.
Суриштирувчи зиммасига, шунингдек терговчи юритаётган иш бўйича унинг айрим тергов ва қидирув ҳаракатларини ўтказиш тўғрисидаги топшириқларини бажариш ҳамда терговчига унинг тергов ҳаракатларини бажаришда кўмаклашиш мажбурияти юклатилади. Ёнғинларга доир жиноят ишлари бўйича суриштирувчи сифатида ДЁН органи инспекторлари ҳам қатнашишлари мумкин.
Суриштирувни амалга ошираётганда, худди шунингдек терговчининг топшириғини бажараётганда суриштирувчи дастлабки тергов ўтказиш учун белгиланган қоидаларга амал қилиб, тергов ҳаракатларини олиб боради ва қарорлар чиқаради. Суриштирув органининг бошлиғи ҳам башарти у суриштирувчи сифатида жиноят ишида иштирок этаётган бўлса, худди шу қоидаларга амал қилади.
Суриштирувчининг қарори ДЁН органларининг бошлиғи томонидан тасдиқланиши лозим. Унинг ёзма кўрсатмаси суриштирувчи учун мажбурийдир. Суриштирувчи кўрсатмага норози бўлса, кўрсатмани бажаришни тўхтатмай туриб, бу кўрсатма устидан прокурорга шикоят қилишга ҳақлидир. Прокурорнинг эса ёзма кўрсатмаси суриштирув органининг бошлиғи ва суриштирувчи учун мажбурийдир. Агар суриштирувчининг қарори прокурор рухсати (санкцияси) билан тасдиқланган бўлса, ДЁН органи бошлиғи бу қарорни бекор қила олмайди.
ДЁН органининг ходими (суриштурувчи) амалдаги қонунчилик бўйича, ёнғин содир этилганда, воқеа содир этилган жойни кўздан кечириб гувоҳларни, жабрланувчиларни, гумон қилинувчиларни ҳамда ўт ўчиришда қатнашганларни сўроқ қилиб, керак бўлган ҳолларда ёнғин бўлган масканга тегишли хизмат ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқиши шарт. Сўроқ қилишлар натижаси ёзма тушунтириш хатлари орқали амалга оширилади.
Ёнғинлар бўйича суриштирувнинг асосий мақсадлари ёнғиннинг келиб чиқиш сабабини, айбдорларни, ёнғин оқибатида етказилган моддий зарар ва унинг миқдорини ҳамда жиноят аломатлари бор-йўқлигини аниқлашдир. Агар текширувлар натижасида ёнғин бўйича жиноят аломатлари аниқланган бўлса, суриштирув ўн кун муддат ичида «Жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақидаги Қарор»ни чиқаради ва бу қарор ДЁН органи бошлиғи томонидан тасдиқланади. Унинг қарор қилувчи қисмида, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш учун асос бўлган изоҳдан ташқари, айбдорни қайси жавобгарлик тури билан жазолаш керак эканлиги ҳам кўрсатилади (оғзаки огоҳлантириш, маъмурият томонидан интизомий жазо чорасини қўллаш, маъмурий жавобгарлик ва бошқалар).
Do'stlaringiz bilan baham: |