259-модда. «Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, - энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша қилмиш: а) одам ўлишига; б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Жиноятнинг бевосита объекти жиноят хавфсизлигини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлардир.
Бу жиноятнинг объектив томони ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга жавобгар шахснинг мазкур қоидаларни бузишидир. Қонун oғиp ёки ўртача оғир даражада тан жароҳатлари етказишни мазкур жиноятнинг зарурий белгиси каби баҳолайди. Жиноий оқибатлар мазкур жиноятни тугалланган деб топиш учун асосдир. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш кўп сонли меъёрий ҳужжатларда мавжуд бўлган ДЁН органларининг ёзма кўрсатмаларидаги талабларни бажармаслигида намоён бўлади. Шу боисдан муайян шахснинг бу жиноят тури бўйича жавобгарлиги масаласини ечиш учун мазкур шахс риоя қилиши зарур бўлган қоидалар ва кўрсатмаларга мурожаат қилиши зарур. Бу шахснинг айнан қайси қонунда кўрсатилган қоидаларни бузиши қонундаги оқибатлар бошланишига олиб келганлигини белгилаб олиш учун муҳимдир.
Ўн олти ёшга тўлган ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш учун жавобгар шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.
Субъектив томондан мазкур жиноят айбнинг жиноий ўзбошимчалик ёки жиноий совуққонлик билан содир этиладиган эҳтиётсизлик шакли билан тавсифланади. Агар шахс одамларнинг ҳалок бўлиши ва қонун нормасида кўрсатилган бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишини хоҳлаб, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини қасддан бузса, унда қилмиш сабаблар ва мақсадлар мазмунига қараб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ёки Ўзбекистон Республикасига қарши содир этилган жиноят сифатида баҳоланади.
Оғир оқибатлар деганда (2-қисмнинг «б» банди), икки ва ундан ортиқ шахсларнинг ҳалок бўлиши, икки ва ундан ортиқ кишига ўртача оғир ёки оғир тан жароҳатлари етказиш, мол-мулкни нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш ёки жуда кўп миқдорда зарар етказиш тушунилади.