СўЗ БОШИ
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби томонидан МДҲ давлатлари ёнғин-техник ўқув юртлари ичида биринчи бўлиб "Ёнғин хавфсизлиги" мутахассислиги бўйича комплекс давлат имтиҳонлари киритилган эди.
Ўқитиш муддатининг 5 йилликка ўтказилиши муносабати билан бизнинг томонимиздан "Ёнғин хавфсизлиги" мутахассислиги бўйича янги таълим стандарти ва намунавий ўқув режаси ишлаб чиқилди.
Бу ҳужжатларга асосан курсантлар қуйидаги учта фанлараро якуний аттестация давлат синовларидан ўтишлари керак бўлади:
Ёнғин хавфсизлиги хизматлари фаолиятини ташкиллаштириш;
Фуқаро ва ишлаб чиқаришга мўлжалланган биноларнинг ёнғин хавфсизлиги;
Ёнғин техникаси ва ёнғин ўчириш.
Юқоридаги аттестация синов тестларининг мазмунига махсус фанларнинг боблари мос келади.
Аттестация синовлари икки қисмдан ташкил топади: компьютер тестлари ва ёзма назорат иши.
Ушбу ўқув қўлланмаси ҳар бир фан бўйича аттестация синовларига киритилган курсантларга қўйиладиган малакавий талабларни ўз ичида акс эттиради, шунингдек унда қўйилган саволларга ўқув адабиётига ишора кўрсатилган ҳолда жавоблар келтирилган.
Аттестация синовларига тайёргарлик жараёнларида курсантларда ўзлари эгаллайдиган мутахассисликнинг хусусиятлари тўғрисида аниқ тасаввур шаклланади, бундан ташқари бу даврда курсантлар турли сабабларга кўра илгари махсус ёки касбга йўналтирувчи фанлардан яхши ўзлаштира олмаган жойларнинг ўрнини тўлдириш имкониятига ҳам эга бўладилар. Барча касбга йўналтирувчи фанлардан олинган билимларни битириш олдидан бундай тартибда тизимлаштириш ўқув юртида тингловчиларни тайёрлашнинг юқори кафолатланган даражасини таъмин этиш имконини беради.
Келтирилган малакавий талаблар, тақдим этилган савол ва жавобларнинг тузилиши, аттестация синовидан ўтаётганларнинг амалдаги меъёрий ва йўриқнома тарзидаги материаллар, буйруқлар ва кўрсатмалар, шунингдек мутахассисликка мос келадиган хизмат доирасидаги мансаб ваколатлари, профилактика ва ёнғинларни ўчириш бўйича масалаларга алоҳида эътибор беришларига йўналтиради.
Саволларга жавоб беришнинг мажбурий қисмлари қуйидагилардан иборат:
кўриб чиқилаётган объект, технология ва ускуналарнинг ёнғин хавфсизлигининг ўзига хос хусусиятлари;
турли аҳамиятга эга бўлган объектларда ёнғинлар ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари ва характеристикаси;
ёнғин ўчириш ускуналари ва техникасининг оператив-тактик ва техник характеристикалари;
ёнғин ўчириш ва авариявий ҳолатларни бартараф этишда қўлланиладиган усуллар ва услублар;
ёнғинларни бартараф этишда, хизматни олиб боришда ва ёнғин-техник қуролларни синовдан ўтказишда техника хавфсизлиги қоидалари;
халқ хўжалиги объектлари, технологик жараёнларда ёнғин профилактикаси бўйича бажариладиган аниқ чоралар ва бошқалар.
Қўйилган малакавий талаблар, қисқача методик кўрсатмалар ва саволларга жавоблар ўқитувчига ҳам, курсантга ҳам жавобларнинг мазмунини тўғри талқин қилишда ягона талаблар доирасида фикр юритишни талаб қилади. Бунда билимларни баҳолашдаги субъективизм минималлаштирилади. Давлат аттестация синовларининг натижалари бўйича аниқланган курсантлар тайёргарлиги даражаси кафедралар томонидан ўқув жараёнларини такомиллаштириш бўйича қарорлар қабул қилишда асос бўлиб хизмат қилади.
Ўқув қўлланмаси материалларини ишлаб чиқишда Х.С.Арипов, С.М.Махмудов, В.Н.Рахимов, В.Ф.Стецюк, И.Х. Қодиров, Х.А.Қурбонов, С.З.Эргашев, А.Д.Яхияев, У.А.Ёқубов, Қ.Ғ.Каттаев, Д.А.Иргашев, Б.Т.Ибрагимов, У.У.Норқўзиев, Т.Э.Нурматов ва нашрга тайёрлашда Ш.Шамуратов, Б.А.Муслимов, Д.Д.Бахронов, Р.С.Реимбаев, Ш.А.Мансурходжаев, Г.Н.Алимухамедова, М.Ю.Бадалбаева, Ў.А.Холиқовлар фаол қатнашдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |